@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Саводхонлик, давлат тили ва бошқа тилларни билиш жамиятда трендга айланиши лозим

 2019-05-08 15:24:00   |     Просмотров: 1901

Аввалроқ “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ўзбекистонда маълум бир тилга давлат тили билан бир қаторда расмий тил мақомини бериш ҳақидаги мунозаралар юзасидан ўз позициясини билдирган эди. Шундан сўнг, бизнинг манзилимизга юртдошларимиз томонидан кўплаб фикрлар келиб тушди. Биз уларни умумлаштириб, аҳолининг барча қатламлари манфаатларини инобатга олган ҳолда, конструктив таклифлар ишлаб чиқишга қарор қилдик.

Ижтимоий тармоқлардаги изоҳлар ва медиамаконда чоп этилган кўплаб хабарлар, шу жумладан, фуқароларнинг фикрларини ўрганиш ва таҳлил қилиш натижасида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда айниқса давлат тилида саводли нутқ, мулоқот маданиятини оммалаштириш, фуқароларда, хусусан ёшларда тил билиш даражасини ошириш жуда зарур. Давлат тилини миллий бирликни мустаҳкамловчи муҳим омил сифатида ривожлантириш муҳим бўлиб, бунда Ўзбекистонда истиқомат қилувчи бошқа миллат ва элат вакилларининг ҳуқуқ ва эркинликларини бузмаслик, уларнинг қадрият ва маданиятларини ҳурмат қилиш катта аҳамиятга эга. 

Биз фуқароларга давлат тилининг мажбурий ўргатилиши тарафдори эмасмиз. Ўзбек тилини ривожлантириш ва янада бойитиш, уни ўрганишни истаганлар учун зурур шароит ва инфратузилмани яратиш лозим, деб ҳисоблаймиз. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати саводли, ўқимишли бўлиш, давлат тили ва бошқа хорижий тилларни эгаллаш жамиятда, айниқса ёш авлод орасида тренд бўлиши керак, деган фикрда. 

Шу муносабат билан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ўзбек тилини ривожлантириш ва аҳолининг имловий саводхонлигини ошириш юзасидан бир қатор таклифлар ишлаб чиқди ва жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этади:

1. Ўзбек тилини ривожлантириш ва тил билиш даражасини ошириш концепциясини ишлаб чиқиш ҳамда яқин беш йил мобайнида уни амалга ошириш бўйича “йўл харитасини” тасдиқлаш.

 Концепция қуйидаги вазифалар, чора-тадбирлар, амалга ошириш механизми, ижро муддати ва масъулларни ўз ичига олиши лозим:   

·       оилада тил саводхонлигини ривожлантириш ва шакллантириш учун қулай шароитлар яратиш; 

·       таълим муассасаларида давлат ва хорижий тилларни ўқитиш жараёнини танқидий жиҳатдан ўрганиш ва янада такомиллаштириш; 

·       давлат хизматчиларининг, айниқса давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг давлат тилини билиш даражаси ва саводхонлигини ошириш;

·       жамиятда имловий саводхонлик даражасини ошириш учун инновацион усулларни жорий этиш;

·       ўзбек тили тарғиботида оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш ҳамда жамиятда тил билиш нормалари даражасини ошириш; 

·       таълим тизимини ривожлантириш, ушбу йўналишдаги кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;

·       аҳолининг имловий саводхонлигини ошириш ва ўзбек тилини ривожлантиришнинг илмий асослари бўйича тадқиқотлар ўтказиш.

2. Ўзбек тилини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи, тил нормаларига, шу жумладан, ахборот стендлари ва реклама материалларида талабларга риоя этилишини назорат қилувчи, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш билан шуғулланувчи масъул давлат органини белгилаш.

3. Тил кўникмаларини баҳолашнинг халқаро тизими асосида давлат тилини билиш даражасининг ягона стандартлари ва минимал талабларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш мақсадида хорижий тажрибани ўрганиш ва тадқиқотлар ўтказиш.

4. Давлат тилида саводли ёзиш маданиятини ривожлантириш ва унинг даражасини ошириш, шунингдек саводхонлик масаласига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадидаги ихтиёрий таълим акцияси — давлат тилида йиллик умуммиллий диктант ўтказиш.

Унда исталган инсон иштирок этиши ва ўзининг давлат тилини билиш даражасини аниқлаб олиши мумкин бўлади.

Акция якунида барча натижаларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш орқали иштирокчиларнинг ишларида энг кўп кузатилган хатолар бўйича барча учун очиқ бўлган методик қўлланма, курс (шу жумладан, онлайн курслар) ишлаб чиқиш лозим.

5. Малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда, ўқув муассасалари ёки манфаатдор томонлар биноларида ўзбек тилини ўргатиш бўйича бепул курслар ташкил этиш. Бу ерда фуқаролар инновацион педагогик технологиялар асосида ўзларининг сўзлашув нутқини ва саводли ёзиш бўйича кўникмаларини оширишлари мумкин бўлади.

6. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилаётган фуқароларнинг давлат тилини билиш даражасини оширишга қаратилган электрон платформа ишлаб чиқиш ва уни ишга тушириш. Болалар ва ёшларни интерфаол усулда тил нормаларига ўргатишга қаратилган мобил иловалар яратиш.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ушбу йўналишдаги конструктив фикрлар ва таклифлар учун доимо очиқ ҳамда манфаатдор вазирлик, идоралар, жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдиради. 

Таклифлар учун расмий Телеграм-бот манзили: @yuksalishuzb_bot

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати