@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Фуқаролар ва давлат ўртасида ишончли мулоқотни мустаҳкамлаш йўлида

 2026-05-29 11:30:00   |     Просмотров: 885

Ўзбекистонда очиқ ва инклюзив бошқарувни ривожлантиришда Жамоатчилик маслаҳат кенгашлари ролини кучайтиришга қаратилган тренинглар Фарғона, Бухоро ва Хоразм вилоятларида якунланди.

Тренинглар Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ҳамда БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) томонидан Адлия вазирлиги ва “Юксалиш” ҳаракати билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

19, 22 ва 26-май кунлари Фарғона, Бухоро ҳамда Урганч шаҳарларида ўтказилган тренингларда Жамоатчилик маслаҳат кенгашлари аъзолари, ННТ ва давлат органлари вакиллари учун семинарлар ўтказувчи тренерлар иштирок этди.

Машғулотлар давомида Жамоатчилик маслаҳат кенгашларининг ҳуқуқий асослари, уларни шакллантириш тартиби, иш режасини ишлаб чиқиш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмлари ҳамда қарорлар қабул қилиш жараёнларида самарали иштирок этиш масалалари муҳокама қилинди.

Интерактив тренинглар гуруҳ ишлари, амалий машқлар, кейслар ва муҳокамалар асосида ташкил этилиб, иштирокчилар маҳаллий даражада жамоатчилик иштирокини кучайтириш, аҳолининг эҳтиёж ва муаммоларини аниқлаш ҳамда уларни давлат бошқаруви жараёнларига етказиш бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамлади.

Мазкур тренинглар фуқаролар ва давлат органлари ўртасидаги очиқ мулоқотни ривожлантириш, қарор қабул қилиш жараёнларида жамоатчилик фикрини инобатга олиш ҳамда ҳудудларда инклюзив ва ҳисобдор бошқарувни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати