@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Самарқандда “Ҳуқуқ ва иштирок” минтақалараро ёшлар форуми бўлиб ўтди

 2026-06-30 17:06:49   |     Просмотров: 1226

2026-йил 29–30-июнь кунлари Самарқанд шаҳрида “Ҳуқуқ ва иштирок: ҳуқуқий саводхонликдан коммуникация орқали жамоатчилик иштирокига” мавзусидаги минтақалараро ёшлар форуми бўлиб ўтмоқда.

Форум Европа Иттифоқи томонидан ҳамкорликда молиялаштирилаётган “Ўзбекистонда жамоаларни инклюзив ривожлантириш учун фуқаролик жамияти имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилмоқда. Лойиҳа Конрад Аденауер жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарлигида миллий ҳамкор — “Юксалиш” ҳаракати билан биргаликда амалга оширилмоқда.

Форум Фарғона ва Қашқадарё вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасидан ёш фаоллар, юридик клиникалар, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва университетлар вакиллари ҳамда экспертларни бирлаштиради. Тадбирнинг асосий мақсади ёшлар ўз ташаббусларини тақдим этиши, ҳудудларидаги муаммоларни муҳокама қилиши ҳамда ҳуқуқий саводхонликни ошириш, фуқаролик иштирокини ривожлантириш ва аҳолини муҳим ижтимоий, ҳуқуқий ҳамда экологик масалалар ҳақида хабардор қилишга қаратилган ғояларни амалга ошириш учун эксперт кўмагини олиши мумкин бўлган майдон яратишдан иборат.

Форумнинг биринчи кунида иштирокчилар ҳудудларда лойиҳа фаолияти доирасида тайёрланган ёшлар ташаббусларини тақдим этдилар. Жамоалар аниқланган муаммолар, таклиф этилган ечимлар, мақсадли аудиториялар, амалга ошириш шакллари ва кутилаётган натижалар ҳақида маълумот берди.

Иккинчи кун юридик клиникалар фаолияти ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланди. Иштирокчилар аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш амалиётлари, ёшларнинг жамоатчилик назоратидаги роли, адвокатлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик ҳамда маҳаллий ҳамжамиятлар билан ишлаш имкониятларини муҳокама қилди.

Мазкур форум тажриба алмашиш, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Форум якунида кейинги қўллаб-қувватлаш учун тавсия этилган ташаббуслар эълон қилинади, ҳамкорликнинг кейинги босқичлари белгиланади ва иштирокчиларга сертификатлар топширилади.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати