Иқтисодий сиёсатда шаффофлик ва ҳисобдорликни кучайтириш бўйича жамоатчилик мониторинги натижалари муҳокама қилинди
2026-йил 24-июн куни Тошкент шаҳридаги “Инспира-С” меҳмонхонасида “Иқтисодий сиёсатда шаффофлик ва ҳисобдорлик: маҳаллий мониторингдан тизимли ислоҳотларгача” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир “Юксалиш” ҳаракати ҳамда Буюк Британия Ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт вазирлиги (FCDO) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ҳукуматларнинг иқтисодий сиёсатдаги шаффофлиги ва ҳисобдорлигини кучайтириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Давра суҳбатида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ҳамкорлар, экспертлар, жамоатчилик мониторинги гуруҳлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди. Тадбирда Давлат-хусусий шериклик (ДХШ) ва маҳаллий бюджет, жумладан, “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари ижроси устидан олиб борилган жамоатчилик мониторинги натижалари тақдим этилди.
Лойиҳа доирасида ДХШ ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар ижросини баҳолаш бўйича жамоатчилик мониторинги методологиялари ишлаб чиқилди ва тақдим этилди. Тақдимот давомида методологиянинг асосий тамойиллари, баҳолаш мезонлари, мониторинг босқичлари ҳамда жамоатчилик иштирокини таъминлаш механизмлари батафсил ёритилди. Ушбу методологиялар асосида жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилиб, жойларда ўрганиш ва мониторинг тадбирлари амалга оширилди.
Сессиялар давомида ДХШ соҳасида фуқаролик назоратини кучайтириш, маҳаллий бюджетлар устидан жамоатчилик назоратини такомиллаштириш ҳамда иқтисодий бошқарувда очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Жумладан, ДХШ бўйича ишлаб чиқилган методология, ҳуқуқий таҳлил натижалари, жойлардаги инфратузилмавий камчиликлар, “Ташаббусли бюджет” доирасидаги обектларни қабул қилишдаги муаммолар, қурилиш сифати, “Маҳалла бюджети” жамғармалари шаффофлиги ҳамда жамоатчилик мониторинги давомида аниқланган тизимли масалалар тақдим этилди. Шунингдек, ДХШ шартномаларининг очиқлигини таъминлаш, Опенбудгет.уз порталида “Мустақил жамоатчилик мониторинги далолатномаси”ни жорий этиш ҳамда республика идораларининг фуқаролик ташаббусларига муносабатини кучайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Тадбир якунида ДХШ ва маҳаллий бюджет соҳаларида жамоатчилик назоратини кучайтириш, очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, мониторинг натижаларини қарорлар қабул қилиш жараёнига интеграция қилиш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати