@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Агробанк” АТБ ҳамда “Юксалиш” ҳаракати ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди

 2026-06-18 18:50:00   |     Просмотров: 1214

Мазкур меморандум доирасида коррупсиянинг олдини олиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда банк хизматлари сифати ва шаффофлигини оширишга қаратилган қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилиши белгиланди.

Хусусан, банк мижозлари, тадбиркорлар ва кенг жамоатчилик ўртасида коррупсияга қарши курашиш маданиятини тарғиб этиш мақсадида ижтимоий видеороликлар тайёрланади. Ушбу видеоматериаллар орқали коррупсиянинг салбий оқибатлари, қонунчилик талаблари ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб борилади.

Шунингдек, “Агробанк”нинг барча филиаллари кесимида кредит ажратиш жараёнларининг шаффофлигини баҳолаш бўйича жамоатчилик рейтинги жорий этилади. Бунинг учун “Юксалиш” ҳаракати экспертлари томонидан банк мижозлари, фермерлар ва агросектор вакиллари ўртасида аноним сўровномалар ҳамда фокус-гуруҳ тадқиқотлари ўтказилади. Тадқиқот натижалари асосида ҳудудлар ва филиаллар фаолияти таҳлил қилиниб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар ишлаб чиқилади.

Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши сифатида банкнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарларининг тадбиркорлар, фуқаролар ва блогерлар иштирокидаги очиқ мулоқотлари ташкил этилади. Ушбу учрашувларда кредитлаш жараёнлари, амалга оширилган лойиҳалар, ажратилган маблағлар ҳамда мурожаатлар билан ишлаш натижалари юзасидан жамоатчиликка очиқ ҳисоботлар тақдим этилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, меморандум доирасида амалга ошириладиган ушбу ташаббуслар банк тизимида очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, коррупсион хавфларни камайтириш ҳамда фуқароларнинг молиявий институтларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати