@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистоннинг инвестиция самарадорлиги бўйича ТОП-35 ҳокимлари

 2026-05-04 11:18:05   |     Просмотров: 1906

2025 йил натижалари бўйича таҳлилий рейтинг

“Юксалиш” ҳаракати томонидан илк бор мамлакатимизда фаолият юритаётган туман ва шаҳар ҳокимларининг инвестиция самарадорлиги бўйича рейтинг шакллантирилди. Мазкур ташаббуснинг асосий мақсади — ҳудудий иқтисодий ривожланишда муҳим рол ўйнаётган маҳаллий раҳбарларнинг инвестицияларни жалб қилиш ва уларни самарали ўзлаштириш борасидаги фаолиятини кенг жамоатчиликка очиқ ва холис тарзда тақдим этишдан иборат.

Маълумки, инвестиция фаоллиги ҳудуд иқтисодий ўсишининг асосий драйверларидан бири ҳисобланади. Айнан ҳокимликлар даражасида инвесторлар билан ишлаш сифати, лойиҳаларни амалга ошириш тезлиги ва иқтисодий муҳитнинг жозибадорлиги шаклланади.

Рейтинг қандай шакллантирилди?

Рейтинг 2025-йил якунлари бўйича қуйидаги асосий индикатор ва субиндикаторлар асосида тузилди:

1. Асосий индикатор:

  • ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми — ҳудудга жалб қилинган маблағларнинг амалда иқтисодиётга татбиқ этилган қисми.

2. Субиндикаторлар:

  • тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми;
  • инвестиция ҳамкорлари географияси;
  • лойиҳаларнинг ишга туширилиш даражаси;
  • инвестицияларнинг тармоқлар кесимидаги тақсимоти.

Мазкур ёндашув ҳудудларнинг нафақат ҳажмий, балки сифат жиҳатидан ҳам ривожланишини баҳолаш имконини берди.

Қандай маълумотлардан фойдаланилди?

Таҳлил жараёнида очиқ ва кўп манбали маълумотлар базаси шакллантирилди. Жумладан:

  • Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳисоботлари;
  • Савдо-саноат палатаси материаллари;
  • вилоят ҳокимликларининг расмий ҳисоботлари;
  • оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги очиқ маълумотлар.

Маълумотлар ўзаро солиштирилиб, триангуляция усули орқали текширилди, бу эса якуний натижаларнинг ишончлилигини таъминлади.

Тадқиқот қамрови

Рейтинг Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги туман ва шаҳар ҳокимликларини қамраб олди.

Бироқ, Тошкент шаҳри рейтингга киритилмади, чунки унинг иқтисодий ва инвестиция муҳити бошқа ҳудудлардан сезиларли даражада фарқ қилади. Бу ёндашув ҳудудлар ўртасида адолатли таққослашни таъминлашга хизмат қилди.

Рейтинг натижалари: ТОП-10 етакчилар

2025-йил якунлари бўйича қуйидаги ҳокимлар инвестиция самарадорлиги бўйича энг юқори натижаларни қайд этди:

  1. Қобил Ҳамдамов — Олмалиқ шаҳри (835.2 млн долл.)
  2. Азамат Файзиев — Нурота тумани (719.4 млн долл.)
  3. Анвар Баймуратов — Қораўзак тумани (593.2 млн долл.)
  4. Хуршид Тоҳиров — Қоракўл тумани (581.5 млн долл.)
  5. Бекзад Мадаминов — Қўнғирот тумани (580.7 млн долл.)
  6. Бобуржон Юлдашев — Андижон тумани (548.5 млн долл.)
  7. Дилмурод Эргашев — Навоий шаҳри (507.0 млн долл.)
  8. Анвар Таджимирзаев — Давлатобод тумани (458.5 млн долл.)
  9. Ускенбай Атемов — Юқори Чирчиқ тумани (435.2 млн долл.)
  10. Қосим Мардонов — Ангор тумани (434.7 млн долл.)

 

Хулоса

2025 йил натижалари шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда ҳудудий инвестиция фаоллиги барқарор ўсиш тенденсиясига эга. Маҳаллий бошқарув органларининг ташаббускорлиги, инвесторлар билан ишлаш сифати ва лойиҳаларни амалга ошириш самарадорлиги ҳудудлар ривожида ҳал қилувчи омил бўлиб бормоқда.

“Юксалиш” ҳаракати ушбу рейтинг орқали ҳудудлар ўртасида соғлом рақобатни рағбатлантириш, самарали бошқарув амалиётларини оммалаштириш, инвесторларга очиқ ва ишончли ахборот тақдим этиш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришни мақсад қилган. Келгусида ҳам мазкур рейтинг анъанавий тарзда эълон қилиниб, ҳудудий бошқарув самарадорлигини баҳолаш ва ривожлантиришга хизмат қилади.

 

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати