Фарғонада “Минтақалараро мулоқот ва ҳамкорлик” форуми бўлиб ўтди
11–13-феврал кунлари Фарғона шаҳрида Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида ҳамда Konrad Adenauer жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда инклюзив жамоатчилик тараққиёти учун фуқаролик жамияти имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида “Минтақалараро мулоқот ва ҳамкорлик” форуми ташкил этилди.
Форум асосий мақсади – ҳудудларда фуқаролик жамияти институтларини фаоллаштириш, уларнинг давлат ва бизнес билан тенг ҳуқуқли ҳамкор сифатида ишлашини қўллаб-қувватлаш, маҳаллий муаммоларга инклюзив ва инновацион ечимлар ишлаб чиқиш ҳамда тажриба алмашиш учун платформа яратишдан иборат бўлди.
Кенг қамровли иштирок
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларидан 80 нафардан ортиқ ННТлар, ОТМ ва техникумлар, ОАВ, маҳаллий бошқарув органлари ҳамда маҳалла раислари иштирок этди.
Форум очилишида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар ўз видео мурожаати орқали форумнинг ҳудудий аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, лойиҳа орқали минтақавий даражада фуқароларнинг қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кенгайтириш муҳимлигини қайд этди. Konrad Adenauer жамғармасининг Европа Иттифоқидаги лойиҳа менежери Игорь Брижатий Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган инновацион лойиҳаларнинг аҳамиятини таъкидлади. “Юксалиш” ҳаракати ижрочи директори А. Маматханов маҳаллаларда ижтимоий фаолликни ошириш, аҳолининг ўз муаммоларини мустақил ҳал этиш салоҳиятини мустаҳкамлашдан иклюзивликни таъминлаш ҳақида фикр билдирди.
Жамғарма экспертлари Катерина Редко (Литва) ва Наталья Калантарова (Россия–Испания), “Юксалиш” ҳаракати ҳамда Жамғарманинг Ўзбекистондаги лойиҳа жамоаси форум ишида фаол иштирок этди ва ўз экспертлик тақдимотларини ўтказди.
Амалий сессиялар ва натижалар
3 кун давомида ННТларнинг маҳаллий бошқарув органлари билан ҳамкорлигига бағишланган муҳокамалар оътказилиб, иштирокчилар учун маҳаллий муаммоларни аниқлаш, лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш ва грант аризаларини ёзиш бўйича тренинглар ташкил этилди. Форум давомида 3 та ҳудуддан иштирок этган маҳалла раислари ва ННТ вакиллари томонидан маҳаллаларда амалга ошириладиган 14 та ижтимоий ташаббуслар ишлаб чиқилиб, лойиҳа сифатида илгари сурилди. ННТларнинг лойиҳа тақдимотлари ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат баҳолаш комиссияси томонидан кўриб чиқилди ва баҳоланди.
Комиссия қарорига кўра қуйидаги лойиҳалар маъқулланди:
1. Қорақалпоғистон Республикаси:
- Қўнғирот тумани, “Навоий” МФЙ – “Маҳаллаларда cҳиқиндиларни инновацион саралаш” лойиҳаси;
- Тўрткўл тумани, “Тўрткўл” МФЙ – “Wоркоут майдончаси қуриш” лойиҳаси.
2. Қашқадарё вилояти:
- Деҳқонобод тумани, “Калтаминор” МФЙ – “Томорқалар учун қишлоқ хўжалиги техникалари” лойиҳаси;
- Нишон тумани, “Наврўз” МФЙ – “Хотин-қизлар учун унармандчилик маркази ташкил этиш” лойиҳаси.
3. Фарғона вилояти:
- Фарғона шаҳри, “Беруний” МФЙ – “Бир имконият – бир касб” лойиҳаси;
- “Фарғона” МФЙ – “Ёшлар интеллектуал маркази” лойиҳаси.
Шунингдек, аввалроқ эълон қилинган FSTP (Financial Support for Third Parties) кичик грантлари танлови ғолиблари эълон қилиниб, 3 та ҳудуддан 9 та ННТга 7000 еврогача бўлган субгрантлар тақдим этилди. Грант лойиҳалари, асосан, маҳаллий даражада ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, инклюзив бошқарув тамойилларини жорий этиш ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ҳудудий ривожланиш жараёнларидаги ролини мустаҳкамлашга қаратилган.
Мазкур форум фуқаролик жамияти институтлари ва маҳаллалар ўртасида самарали ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳудудларда инклюзив ривожланишни рағбатлантириш ҳамда ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш йўлида муҳим қадам бўлди.