Замонамиз қаҳрамонларини излаяпмиз. Бизга сизнинг кўмагингиз керак
Хабарингиз бор, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг асосий вазифаларидан бири Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш, фуқаролар, бизнес ҳамжамияти ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг саъй-ҳаракатларини бир мақсад йўлида бирлаштириш ҳисобланади.
Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати жамият ҳаётининг турли соҳаларида кузатилаётган ўзгариш ва ислоҳотларга фуқароларнинг дахлдорлигини янада ошириш ҳамда уларни ягона ғоя атрофида бирлаштириш мақсадида “Орамиздаги қаҳрамонлар” лойиҳасини бошлаётганини эълон қилади.
Лойиҳанинг мақсади –– туман ва шаҳарларда истиқомат қилаётган, бугунги ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, ўзининг саъй-ҳаракатлари билан жамият (маҳалла, қишлоқ, туман, шаҳар)га салмоқли фойда келтирган, халқ орасида ҳурматга сазовор бўлган фуқароларни излаб топиш ва уларни кенг жамоатчиликка таништириш.
Биз излаётган қаҳрамонлар — оддий фуқаролар, ёшлар, турли жамоат ташкилотлари фаоллари, хориждаги ватандошлар, тадбиркорлар ва яна бошқалар бўлиши мумкин. Улар белгиланган мақсад сари интилиш, жамият манфаати учун яхшиликлар қилиш, арзимагандек туюлган кичик бир қадам, унча катта бўлмаган саъй-ҳаракат натижасида маҳаллаларимиз, шаҳримиз, вилоят ёки юртимиз ҳаётини ҳақиқатдан ҳам ижобий томонга ўзгартириш мумкинлигини ўз мисолида кўрсатиб берувчи инсонлардир. Улар ўз атрофидагиларни ҳам ана шундай жасоратлар кўрсатишга илҳом бағишлайдиганлардир.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати барчадан, айниқса ОАВлардан ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлашни, рағбат учун эмас, балки инсонийлик бурчи деб билиб, атрофдагиларга ўрнак бўлаётган замонамиз қаҳрамонларини излаб топишга кўмаклашишни сўрайди. Бошлаётган лойиҳамизнинг муваффақияти барчамизга боғлиқ.
Юқоридаги таъриф ва хислатларни ўзида жамлаган номзодлар ҳақидаги маълумотларни (исми-шарифи, истиқомат қилаётган манзили, қаҳрамонлиги-жамиятга келтирган фойдаси, номзод ёки уни тавсия қилаётган шахс телефон рақами) yuksalish@yumh.uz электрон манзилига ёки “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг расмий Telegram-ботига (@yuksalishuzb_bot) юборишингизни сўраймиз.
Тақдим этилган номзодлар ҳақидаги маълумотлар Ҳаракат вакиллари томонидан ўрганиб чиқилади ва яқиндан танишилади. Якунда улар томонидан амалга оширилган саъй-ҳаракатлар кенг жамоатчиликка (уларнинг розилиги билан) ўрнак сифатида ОАВ орқали кўрсатилади.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати