@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Синов тариқасида танлаб олинган давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларига сертификатлар топширилди

 2019-07-04 15:30:00   |     Просмотров: 4513

Бугун “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида Ўзбекистонда “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ўртасида ўтказилган танлов ғолиблари тақдирланди. Шунингдек, улар иштирокида “Жамоатчилик кенгашлари давлат ва жамият ўртасидаги самарали мулоқот ўрнатиш йўлида” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти директори Рустам Комилов, Қозоғистоннинг Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси директори Кайша Атаханова сўзга чиқиб, “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастурининг дастлабки натижалари, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, жумладан давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича амалга ошириш лозим бўлган ишлар ҳақида фикр юритдилар.

Шунингдек, Дастур доирасида ғолиб деб топилган 5 та давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари вакиллари ҳам ўз фикрларини билдириб, ушбу лойиҳада синов тариқасида иштирок этиш орқали фаолиятларидаги ютуқ ва камчиликларни аниқлашга, янада ривожланиш учун хизмат қилишини таъкидладилар.

Тадбирда танловнинг ҳайъат аъзолари томонидан танлаб олинган қуйидаги 5 та давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларига сертификатлар топширилди: 

1.    Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши

2.    Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши

3.    Бухоро вилояти ҳокимияти ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши

4.    Қўқон шаҳри ҳокимияти ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши

5.    Наманган вилояти адлия бўлинмаси ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши

Бундан ташқари, иштирокчилар жамоатчилик кенгашлари фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, бугунги кундаги мавжуд муаммолар, миллий қонунчилик таҳлили ҳамда дастур доирасида амалга оширилиши режалаштирилган тадбирларга бағишланган “world cafe” форматидаги тренингда қатнашдилар. 

Тренинг давомида жамоатчилик кенгашларининг асосий мақсад ва вазифалари, унинг таркиби, фуқаролик жамиятини қуришда ЖКларнинг тутган ўрни ҳамда бу борадаги Марказий Осиё давлатларининг илғор тажрибалари муҳокама қилинди. 

Эслатиб ўтамиз: “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (Қозоғистон) томонидан АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) молиявий кўмагида амалга оширилмоқда. Лойиҳага жорий йилнинг апрель ойида старт берилиб, унинг доирасида ННТлар учун бепул коворкинг маркази фаолият юритмоқда.