@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида 10 та ННТ фаолияти ташкилий ва институционал жиҳатдан қўллаб-қувватланади

 2019-07-03 18:30:00   |     Просмотров: 1931

Бугун “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида тажриба тарзида ташкилий ва институционал салоҳиятларини оширишда методик ва амалий ёрдам бериш режалаштирилган 10 та мустақил ННТларга сертификатлар топширилди.

Ўзбекистонда маҳаллий ННТлар ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан уларга кичик грантлар тақдим этиш, услубий ва амалий кўникмалар бериш, тренинг ва ўқув курсларини ташкил этиш мақсадида жорий йил апрель ойида “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастурига старт берилди.

Дастур “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (Қозоғистон) томонидан АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) молиявий кўмагида амалга оширилмоқда. Унинг доирасида 10 та мустақил ННТлар ва давлат органлари ҳузуридаги 5 та Жамоатчилик кенгашлари учун пилот тарзда ташкилий ва институционал салоҳиятларини оширишда методик ва амалий ёрдам бериш режалаштирилган эди.

Танловда иштирок этиш учун жорий йилнинг апрель-июнь ойлари давомида республиканинг барча ҳудудларидан аризалар қабул қилиниб, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ҳайъат аъзолари томонидан ўрганилди ва баҳоланди. Натижада, қуйидаги 10 та мустақил ННТлар ғолиб деб топилди:

1.    “Ниҳол” (Тошкент ш.)
2.    “Special Olympics” (Тошкент ш.)
3.    “Downside sport”    (Тошкентш.) 
4.    “Юксак салоҳият” (Тошкент ш.) 
5.    “Замонавий журналистикани ривожлантириш” маркази (Тошкент ш.)
6.    “Тараққиёт” (Фарғона вилояти)
7.    “Прометей” (Фарғона вилояти)
8.    “Аёл ва шодлик”    (Сурхондарё вилояти)
9.    “Ҳамдард” (Хоразм вилояти)
10.  “Меҳр” (Сирдарё вилояти )

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қошида ташкил этилган коворкинг марказида бўлиб ўтган тадбир давомида малакали тренерлар томонидан ННТларни ташкилий жиҳатдан ривожлантиришга қаратилган тренинг ташкил этилди. 

Эндиликда, мазкур ННТлар ва жамоатчилик кенгашлари “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида қўллаб-қувватланади. Жумладан, жорий йилнинг июль—август ойлари давомида ғолиб ташкилотлар фаолияти ўрганилади ва таҳлил қилинади..

Бундан ташқари, дастур иштирокчилари шаҳар кенгашлари фаолиятини ўрганиш ҳамда мазкур йўналишда халқаро тажриба билан танишиш мақсадида АҚШга ташриф буюрадилар. Шунингдек, Ўзбекистонда турли ҳудудий ўқув курслари ва бошқа тадбирлар режалаштирилган. Жумладан, АҚШнинг Жон Хопкинс университетининг Фуқаролик жамиятини ўрганиш маркази билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва вилоятларда тренинглар ўтказилади.