@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Тошкент шаҳар бўлинмаси раҳбари кенг жамоатчиликка таништирилди

 2019-07-02 16:52:00   |     Просмотров: 3372

Бугун, 2 июль куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида вазирлик ва идораларнинг шаҳар бошқармалари, маҳаллий депутатлар, жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда маҳаллий депутатлар орасидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Тошкент шаҳар бўлинмаси раҳбари этиб сайланган Дилшод Шоумаров кенг жамоатчиликка таништирилди. 

Ўз навбатида, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов йиғилиш қатнашчиларига ташкилотнинг мақсад ва вазифалари, фаолият йўналишлари, бугунги кунда амалга ошираётган лойиҳалари ҳақида маълумот берди. 


Жумладан, Ҳаракатнинг маҳаллий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйгани, хусусан давлат дастурларининг ижроси юзасидан жамоатчилик мониторинги тадбирлари ёки фуқароларнинг у ёки бу долзарб масалалар юзасидан ташаббусларини ўрганиш ва унинг натижаларини Парламент, Президент Админстрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритиб бориш амалиёти йўлга қўйилганлигини айтиб ўтилди. 


Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати бугунги кунга келиб деярли барча вилоятларда ва Қорақалпоғистон Республикасида ўзининг ҳудудий бўлинмаларига эга бўлди. Ушбу бўлинмалар раҳбарлари вилоят ҳокими маслаҳатчиси сифатида фаолият юритмоқда.


Йиғилишда Ҳаракатнинг Тошкент шаҳар бўлинмаси барча давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда, саъй-ҳаракатларни бирлаштирган ҳолда фаолият олиб бориши, бунда аввало фуқароларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ННТлар ва фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек ҳокимлик вакилларига аҳолининг таклиф ва тавсияларидан келиб чиққан ҳолда янги ғоялар тақдим этиб бориш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиши билдирилди.
 

Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Артикходжаев “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати фаолиятини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдириб, унинг фахрий аъзосига айланди.