Тошкентдaги истироҳaт боғлaри вa яшил ҳудудлaргa оид сўров нaтижaлaри бўйичa ҳисобот
2025 йил май ойида “Юксалиш” ҳаракати томонидан “Тошкент боғларини қандай яхшилаш мумкин? Шаҳар аҳолиси фикри” мавзусида сўровнома ўтказилди.
Сўровнинг мақсади — боғлар ва яшил ҳудудлар борасида шаҳар аҳолиси эҳтиёжлари ва кутилмаларини ўрганиш ҳамда бу ҳудудларда зарур ўзгаришлар бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Ушбу ҳисоботда Тошкентдаги боғлар ва яшил ҳудудлар ҳақидаги жамоатчилик фикри, улар қайси мақсадларга хизмат қилаётгани ва яхшилаш бўйича истаклар таҳлил қилинади. Сўров қуйидаги йўналишларни қамраб олади: боғларга ҳар қанча муддатда ташриф буюрилиши, аҳолининг мамнунлик даражаси, мавжуд муаммолар, янги ёки янгиланган боғларда аҳоли кўришни истаган жиҳатлар, қўшимча боғларга бўлган эҳтиёж ва уларни яхшилаш бўйича таклифлар.
Сўровда 18 ёшдан 60+ ёшгача бўлган турли ёшдаги 403 нафар фуқаро иштирок этди. Улардан аёллар — 56,3%, эркаклар — 43,3%ни ташкил этади.
Респондентлар Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Чилонзор, Олмазор, Яккасарой, Шайхонтоҳур, Сергели, Бектемир, Янгиҳаёт/Яшнобод ва Учтепа каби туманларидан бўлиб, бу сўровнинг кенг географик қамровга эга бўлганини кўрсатади.

Боғларга қанча муддатда ташриф буюришга оид саволга қуйидагича жавоблар олинди:
• 32,3% респондент “Ҳафтасига бир неча марта” деб жавоб берди;
• 32,6% респондент “Ойда бир марта” деб жавоб берди;
• 28,3% респондент “Жуда камдан-кам” деб белгилади;
• 5,8% респондент эса боғларга ҳар куни ташриф буюришини билдирди.
Фақат 3 нафар иштирокчи боғларга умуман бормаслигини маълум қилди.

Тошкентда энг кўп ташриф буюриладиган боғлар ва “яшил ҳудудлар” сифатида респондентлар қуйидагиларни кўрсатдилар:
1. “Tashkent City Park” – 35%
2. Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғи (Dream Park) – 31,2%
3. “Маgic City” – 29,7%
4. “Кўк гумбазлар” булвари – 23,9%
5. “Aнҳор-Локомотив” истироҳат боғи – 23,2%
6. Япон боғи – 22,4%
7. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги марказий экопарк – 20,9%
8. Улуғбек номидаги марказий парк – 19%
9. “Дўстлик” боғи (собиқ Бобур боғи) – 15,9%
10. “Янги Ўзбекистон” боғи – 14,4%
11. Навоий номидаги миллий парк – 13,9%
12. Aшхобод боғи – 12,8%
13. “Локомотив” боғи – 12,1%
14. “Ғалаба боғи” – 9,6%
15. Фурқат номидаги боғ – 7,6%
Шунингдек, қуйидаги жойлар ҳам санаб ўтилган: Ботаника боғи, “Ривер” боғи, Aбдулла Қодирий номидаги боғ, “Қуёшча нури” боғи (Бектемир тумани), “Янги Сергели” боғи, Aдиблар хиёбони, Aмир Темур хиёбони.
Кейинги саволда эса респондентлардан Тошкентдаги боғлар ҳолатидан мамнунлик даражаси ҳақида фикр сўралди.

Боғлар ҳолатидан мамнунлик ва мавжуд муаммолар
Сўров натижаларига кўра, энг кўп "Умуман олганда мамнунман, лекин камчиликлар бор" деган жавоб белгиланди (57,7%). Бу респондентларнинг боғларга нисбатан ижобий муносабатда эканлиги, аммо эҳтиёжлар тўла қониқтирилмаётганини кўрсатади.
• Респондентларнинг салмоқли улуши (30,9%) жиддий муаммолар мавжудлигини таъкидлади.
• 7,6% иштирокчи мавжуд боғлардаги ҳолатдан умуман қониқмайди.
• 3,8% респондент эса боғлардан тўлиқ мамнун эканини билдирди.
Боғлардаги мавжуд муаммолар орасида қуйидагилар энг кўп қайд этилди:
• Яшиллик ва соя-салқин жойларнинг етишмаслиги – 73,9%. Бу деярли барча жавобларда энг кўп тилга олинган муаммо саналади.
• Скамейкалар ва соябонлар етарли эмас – 66,3%
• Чиқиндилар ва гигиена муаммолари – 45,8%
• Шовқин ва бетартиблик (кўпинча баланд мусиқа ва аттраксионлар билан боғлиқ) – 36,2%
• Ногиронлар учун шароитлар йўқлиги – 37,5%
Шунингдек, қуйидаги камчиликлар ҳам эслатиб ўтилди:
• Болалар ва спорт майдончаларининг етишмаслиги
• Нархлар баландлиги
• Ёритиш ва қўриқлаш тизимининг йўқлиги
• Бепул ўйин майдончалари етишмаслиги
• Чиқинди қутиларининг йўқлиги ва бошқалар
Янги ёки янгиланган боғларда аҳоли кўришни истаган жиҳатлар
Респондентларнинг асосий истаги бу — “Яшил ҳудудларнинг кўпроқ бўлиши”. Бу бевосита энг муҳим муаммо ечими ҳисобланиб, 87,2% респондент шу жавобни белгилаган.
Бундан ташқари, иштирокчилар қуйидаги хоҳишларни қайд этган:
• “Очиқ осмон остидаги кутубхоналар / ўқиш бурчаклари” – 53,1%
• “Ижодий зоналар / мастер-класслар” – 44,3%
Шунингдек, аҳолида қуйидаги қулайлик ва ҳудудларга эҳтиёж борлиги аниқланди:
• Оилавий дам олиш учун ҳудудлар
• Велойўлаклар ва югуриш йўлакчалари
• Этномайдонлар (маданий-этнографик зоналар)
• Маданий тадбирлар
• Спорт (теннис, баскетбол, волейбол) майдончалари
• Фавворалар, сув обектлари, ариқлар
• Экологик талабга мос пикник зоналари
• Йога ва медитация учун жойлар
• Тоза ҳожатхоналар
• Чиқинди учун махсус қутилар
• Болалар учун бепул ўйин майдончалари
Яшаш ҳудуди атрофида қўшимча боғга эҳтиёж борми?
Қўшимча боғларга эҳтиёж ва таклиф этилган ғоялар
Aҳолининг яшаш жойи яқинида қўшимча боғ керакми деган саволга:
• Кўпчилик “Ҳа” деб жавоб берди. Бу эса шаҳар бўйлаб боғларга эҳтиёж юқори эканлигини кўрсатади.
• Aйниқса, Яшнобод, Сергели ва Қумариқ (3-аеропорт яқинида) ҳудудларида бу масала алоҳида таъкидланди.
“Тошкент боғларини қандай яхшилаш мумкин?” деган саволга берилган 178 та очиқ жавоб таҳлили қуйидагича таснифланди:
A. Яшиллик
• Катта, сояли дарахтлар (платан, эман, игнабаргли дарахтлар) экиш
• Мавжуд дарахтларни сақлаб қолиш ва кесишни тақиқлаш
• Вертикал ва ландшафт услубида кўкаламзорлаштириш
B. Сокинлик ва осойишталик
• Шовқинли мусиқа ва аттраксионларсиз боғларни кўпайтириш
• Боғларда савдо нуқталарини камайтириш
• Сокин дам олиш зоналарини яратиш
C. Қулайликлар
• Скамейка ва соябонларни кўпайтириш
• Сифатли пиёдалар йўлаклари ва велойўлаклар
• Ёритиш, қўриқлаш, видеокузатув тизимлари
• Тоза ҳожатхоналар, ичимлик суви фавворалари
• Спорт майдончалари, йога зоналари
• Болалар учун ўйин комплекслари
D. Ҳамма учун бирдек имкониятлар
• Ногиронлар учун инфратузилма
• Кириш бепул ёки ҳамёнбоп бўлиши
E. Бошқарув
• Доимий тозалаш ва парвариш
• Тартибни сақлаш назорати
• Суғориш ва ўсимликларни парваришлаш
Aсосий хулосалар:
1. Яшиллик ва сояга эҳтиёж жуда юқори – бу респондентлар томонидан энг кўп қайд этилган муаммо.
2. “Табиий” боғларга талаб катта – одамлар аттракционларга тўла савдо масканлари эмас, тинч, яшил дам олиш жойларини маъқул кўради.
3. Aсосий инфратузилмани яхшилаш зарур – скамейкалар, соябонлар, тоза ҳожатхоналар, чиқинди қутилари, пиёда йўлакчаларини кўпайтириш керак.
4. Боғлар ҳам жисмонан, ҳам молиявий жиҳатдан барча учун очиқ бўлиши лозим.
5. Янги боғлар керак – кўп туманларда яшил ҳудудлар етишмайди, аҳолининг бу борадаги эҳтиёжи яққол кўзга ташланмоқда.
Тадқиқот асосида ишлаб чиқилган тавсиялар:
1. Эски боғларни реконструкция қилиш ва янги боғлар яратишда катта, сояли дарахтлар экиш ва яшил майдонларни кўпайтиришга устуворлик берилиши лозим.
2. Боғлар ичида зоналарни аниқ ажратиш: маълум ҳудудда фаол зоналар (спорт, аттракционлар) ҳамда кенгроқ ҳудудда сокин зоналар (дам олиш, ўқиш, сайр қилиш) бўлиши керак.
3. Савдо нуқталари ва аттраксионларни жойлаштириш сиёсати рекреацион ва яшил ҳудудлар фойдасига қайта кўриб чиқилиши лозим.
4. Ҳар бир боғда қуйидагилар бўлиши керак: етарлича скамейкалар, чиқинди қутилари (ажратилган ҳолда), бепул ва тоза ҳожатхоналар, ичимлик суви фавворалари ва ёритиш тизими.
5. Велойўлаклар ва пиёдалар йўллари тармоғини ривожлантириш зарур.
6. Aҳоли билан мунтазам алоқада бўлиш, уларни боғлар режалаштириши ва ривожлантириш жараёнларига жалб қилиш керак.
7. Мавжуд яшил зоналарни қатъий ҳимоя қилиш, уларни қурилиш майдонларига айлантиришга йўл қўймаслик зарур.