Самарқандда янги таҳрирдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг экспертлик муҳокамаси бўлиб ўтди
28 июнь куни Самарқанд шаҳрида янги таҳрирдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун лойиҳасининг экспертлик муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда 30 га яқин маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирок этди.
Маълумки, Ҳаракатлар стратегиясида фуқаролик жамияти институтларининг ролини янада кучайтириш ва жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги Фармони мамлакатда демократик янгиланишлар жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини оширишга ўзига хос туртки бўлди.
Шу муносабат билан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва USAIDнинг Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича дастури ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди, шунингдек уни амалга оширишга қаратилган “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган бугунги тадбир давомида соҳа вакиллари ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятидан келиб чиқиб, қонунчиликка киритиш лозим бўлган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда ҳужжат лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан ўз фикр ва таклифларини тақдим этдилар.
Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва USAIDнинг Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича дастури ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида ташкил этилди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати