@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Кўп қаватли уйларни бошқариш: аҳоли фикри ва мавжуд муаммолар

 2025-05-07 11:45:31   |     Просмотров: 5929

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда кўп квартирали уйларни таъмирлаш ҳамда уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Бугунги кунда республикамизда 42 минг 72 та кўп квартирали уй бўлиб, уларда жами 1,4 миллиондан ортиқ хонадондан мавжуд. Шундан 38 689 тасига 821 та бошқарув сервис компанияси, 849 тасига 157 та ширкат, 676 тасига бевосита мулкдорлар, 1 405 тасига идора ва ташкилотлар томонидан хизмат кўрсатиб келинмоқда.

“Юксалиш” ҳаракати томонидан 2025 йилнинг февраль ойида кўп квартирали уйларни бошқариш ва бошқарув компанияларининг фаолият самарадорлиги ҳамда ушбу тизимга аҳоли муносабати ўрганилди.

Республика бўйлаб 371 та кўп қаватли уйнинг бошқарув ҳолати ҳамда уларга хизмат кўрсатувчи 109 та бошқарув сервис компанияси (кейинги ўринларда БСК) фаолияти таҳлил қилинди.

Бундан ташқари, БСКлар кўрсатаётган хизматларга истеъмолчилар муносабатини аниқлаш мақсадида 2340 нафар респондент ўртасида ижтимоий сўров ўтказилди.

Ўрганишлар давомида кўп квартирали уйларни бошқаришда аҳоли эътирозларига сабаб бўлган бир қатор муаммолар аниқланди.

Жумладан, ўрганилган 52 та кўп квартирали уйнинг ертўласига 16 та бошқарув компаниялари томонидан талаб даражасида ёки умуман хизмат кўрсатилмаслиги оқибатида чиқиндилардан тозаланмаслиги, 34 та кўп квартирали уйнинг фасад қисмида 18 та бошқарув компанияси томонидан жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмагани натижасида уйларнинг фасад қисми таъмирталаб ҳолга келиб қолгани маълум бўлди.

Мониторинг давомида кўп квартирали уйларда яшовчи аҳоли билан бошқарув компаниялари фаолияти юзасидан суҳбатлар ўтказилди. Унда, 112 та кўп квартирали уй ва уларга туташ ҳудудларда бошқарув компаниялари томонидан ободонлаштириш ишлари олиб борилмаслиги аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлаётганлиги аниқланди.

Хусусан, Қашқадарё вилоятида 32 та (7 та БСК), Жиззах вилоятида 23 та (3 та БСК), Сурхондарёда 12 та (5 та БСК) ва Андижон вилоятида 12 та (2 та БСК) кўп квартирали уй ва уларга туташ ҳудудларда бошқарув сервис компаниялари томонидан ободонлаштириш ишлари ташкил этилмай келиши равшан бўлди.

Республика бўйлаб ўтказилган сўровномада респондентларнинг 35,8 фоизи томонидан БСК фаолияти қониқарсиз деб белгиланган.

Қолаверса, кўп квартирали уйларнинг мулкдорларига уйларни бошқариш шаклини эркин танлаш имконияти берилмаслик ҳолатлари мавжуд.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасида истеъмолчиларга товарни (ишни, хизматни) эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлишини талаб қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Бироқ, уй-жойларга бошқарув органлари орқали хизмат кўрсатиш танлангандан сўнг, БСКни танлаш жараёнида мулкдорларнинг бевосита иштироки таъминланмаяпти.

Натижада, БСК ва мулкдорлар ўртасида турли хил низолар келиб чиқмоқда. Масалан, мулкдорлар томонидан икки томонлама шартнома тузишдан бош тортиш, мажбурий бадалларни тўламаслик, БСК томонидан кўрсатилиши белгиланган хизматларнинг тўлиқ ва сифатли бажарилмаслиги ва кўрсатилмаётган хизматлар учун бадал ундирилиши каби муаммолар шулар жумласидан.

Қолаверса, битта БСКнинг хизмат кўрсатиш салоҳияти ҳамда имконияти ҳисобга олинмаган ҳолда, 100 дан ортиқ кўп квартирали уйга хизмат кўрсатиш топширилган ҳолатлар мавжуд.  

Масалан, Урганч шаҳрида “Хоразм шинам уйлар” МЧЖ 307 та, Асака туманида “Био тех сервис” МЧЖ 172 та, Самарқанд шаҳрида “Самарқанд Олтин Аср” МЖЧ 167 та, Когон шаҳрида “Бахшулло Камолиддин” МЧЖ 131 та, Термиз шаҳрида “Сарвар Термиз Сервис” МЧЖ 124 та кўп квартирали уйларга бириктирилган.

Ушбу БСКларга тегишли бўлган кўп квартирали уйларда яшовчи мулк эгалари билан суҳбатда аҳоли бошқарув компаниясини танимаслиги, хизмат кўрсатилмасдан бадаллар ундирилишини билдирган.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида кўп квартирали уйларни бошқаришда иштирок этаётган бир неча соҳа экспертлари билан ўтказилган онлайн учрашувда маҳаллий давлат идораларининг вакиллари ноқонуний ва нотўғри ҳаракатлари билан соҳада қатор муаммоларни юзага келтираётганлигини, ушбу муаммолар аҳолининг кайфиятига салбий таъсир этаётганлиги, уларни бартараф этиш борасида қилаётган мурожаатлари ҳал этилмай келинаётгани маълум қилинди.

Жумладан, кўп квартирали уйлар қонунчиликка зид равишда белгиланган тартибда танлов ўтказмасдан мулкдорлар, яъни ушбу уйларда яшовчи аҳолининг розилигисиз туман ҳокимлари томонидан баённома асосида бошқарув компанияларига бириктириб берилиши аҳолининг жиддий эътирозларига сабаб бўлган.

Масалан, экспертлар томонидан (ўз эҳтиёрида мавжуд бўлган) тақдим этилган ҳужжатларга кўра 2024 йилда Яшнобод тумани ҳокимлиги 8 та баён асосида 1096 та кўп квартирали уйни, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги 17 та кўп квартирали уйни, Юнусобод тумани ҳокимлиги 115 та кўп квартирали уйни 2 та баён асосида очиқ танловлар ўтказмасдан бошқарув компанияларига бириктириш тўғрисида қарор қабул қилган.

Бундан ташқари маҳаллий давлат идоралари уй-жой мулкдорлари ширкатлари шаклида бошқарилаётган кўп квартирали уйларни БСКларга ўтказиш бўйича босим ўтказаётганлиги ҳолатлари аниқланди.

Яъни, мулкдорлар фикрини инобатга олмасдан “бир маҳалла – бир бошқарув сервис компанияси” тамойили ташаббус қилиниб, БСКларга бириктириб берилиши, аҳолининг эмас балки БСКларнинг манфаатларини илгари суришга маъмурий аралашув сифатида қаралмоқда.

Кўплаб БСКлар томонидан мажбурий бадалларни белгилашда қонунчилик талабларига риоя қилинмаслиги ҳамда кўрсатилаётган хизматлар ҳақида аҳолига ҳисобот берилмаслиги соҳада шаффофлик тамойилларига зид равишда иш юритилаётганлигини кўрсатмоқда.

БСКлар томонидан мажбурий бадалларнинг тушумлари ва кўп квартирали уй-жойни бошқариш харажатлари ҳақида мулкдорларга йилда икки маротаба ҳисобот тақдим этиб бориши белгиланган. Аммо, аксарият БСКлар томонидан амалга оширилган ишлар ва сарф-харажатлар тўғрисида мулкдорларга ҳисобот берилмагани юзасидан шикоятлар етарлича.

БСКлар фаолияти юзасидан ўтказилган аноним сўров натижалари бу борадаги муносабатларга ойдинлик киритишга ёрдам берди.

БСК фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларга қай даражада тез жавоб бериши бўйича сўровда қатнашган мулкдорларнинг 26,6 фоизи муаммолар юзасидан мурожаатлар бир ҳафта ичида ҳал этилишини билдирган. 17,4 фоиз респондент муаммоларнинг 1 ой, ёки ундан кўпроқ вақт талаб қилишини, 17,4 фоизи эса умуман жавоб ололмаслигини қайд этган.

30,8 фоиз респондентлар БСКга кўп квартирали уйларни топшириш тизими йўлга қўйилганидан сўнг ҳеч қандай ўзгариш кузатилмаганни уларнинг 16,9 фоизи эса умуман хизмат кўрсатилмаслигини билдирган.

Шу билан бирга, сўровда иштирок этган аҳоли томонидан БСКлардан қўшимча хизматлар тақдим этиш ва мавжуд хизматларнинг сифатини ошириш бўйича бир қатор таклифлар билдирилди.

46,1 фоиз респондент атроф-муҳитни ободонлаштириш ва яшил ҳудудларни кўпайтириш муҳим деб ҳисобласа, 45,7 фоизи хавфсизликни ошириш мақсадида очиқ жойларда видеокузатув ўрнатилишини талаб қилмоқда.

Респондентларнинг 44 фоизи томонидан ойлик мажбурий бадалларни белгилашда мулкдорлар фикри ҳисобга олинмаганини белгиланган, 14,7 фоизи эса уларнинг эътирозларига қарамасдан юқори нархлар белгиланганини қайд этган.

Респонденларнинг 27,1 фоизи бошқарув компаниялари ҳеч қандай хизмат кўрсатмасдан, пул йиғилишидан норозилигини билдирган. Шу билан бирга, 24,1 фоиз респондентлар хизматлар ҳажми ва сифатига нисбатан нархлар юқорилигини таъкидлаган.

Ўтказилган таҳлиллар кўрсатмоқдаки, кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамасдан, бошқарув сервис компаниялари фаолиятида самарадорлик, ҳисобдорлик ва хизмат сифатига оид қатор муаммолар мавжудлигича қолмоқда. Жумладан, мулкдорлар томонидан бошқарув шаклини эркин танлаш имкониятининг чеклангани, БСКлар фаолиятида шаффофликнинг етишмаслиги ва маҳаллий давлат органлари томонидан жараёнларга асоссиз аралашув кузатилмоқда. Бу эса аҳолининг соҳадаги ислоҳотларга нисбатан ишончига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган муаммолар ва уларнинг йечими юзасидан қуйидаги таклифлар билдирилади:

Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини тўлиқ қайта кўриб чиқиб, унда қуйидаги жиҳатлар инобатга олиниши керак:

- бошқарув компанияларни танлашда мулкдорларнинг бевосита иштирокини таЪминлаш;

- битта бошқарув компанияси хизмат кўрсатиши мумкин бўлган кўп квартирали уйларнинг чегаравий миқдорини белгилаш;

- бошқарув компаниялари томонидан сифатли хизмат кўрсатилишини таЪминлаш мақсадида уларнинг зарур салоҳият, асбоб-анжом ва мутахассислар билан таЪминланиши устидан самарали назорат механизмини жорий этиш;

- бошқарув компаниялари ва мулкдорлар ўртасидаги муносабатларни тўлиқ рақамлаштириш мақсадида ўзаро муносабатларнинг ягона онлайн-платформасини ташкил қилиш, унда жамоатчилик билан фаол мулоқот ва бошқарув компаниялари фаолиятини баҳолаш имкониятларини яратиш;

- мулкдорлар томонидан БСКларга ҳар ойлик мажбурий бадалларнинг минимал миқдорини белгилаш амалиётини бекор қилиш ва уни эркин бозор иқтисодиёти тамойилларига асосан шакллантириш.

Шу билан бирга, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси шаҳар ва туман ҳокимликлари билан биргаликда мавжуд БСКлар фаолиятини тўлиқ хатловдан ўтказиб, аҳоли фикрини инобатга олган ҳолда аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш зарур.
Мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилувчи очиқ ва самарали бошқарув механизмларини жорий этиш, БСКларнинг моддий ва институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро тажрибага асосланган ёндашувларни қўллаш мақсадга мувофиқ.