@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

"Юксалиш" ҳаракати давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашларини шакллантириш жараёни мониторингини ўтказди

 2025-04-16 14:14:00   |     Просмотров: 1785

2025 йил март ойида ўтказилган мониторинг давомида давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш билан боғлиқ ҳолат ўрганилди ҳамда тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Aсос бўлиб Президентнинг 2024 йил 26 августдаги 124-сонли "Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони хизмат қилди.

Мониторинг мақсади — давлат органлари томонидан жамоатчилик кенгашлари таркибини янгилаш, уларнинг шаффофлиги ва самарадорлиги бўйича белгиланган талабларнинг бажарилишини баҳолашдан иборат.

Мониторинг натижалари:

Мониторинг давомида қатор муаммолар аниқланган.

Биринчидан, кенгаш раисларини тайинлашда қонунчилик талаблари бузилган.

Aмалдаги тартибга кўра, кенгаш раиси фуқаролик жамияти вакилларидан тайинланиши лозим. Бироқ 8 та давлат органида ушбу лавозимларга фуқаролик жамиятига алоқаси бўлмаган шахслар тайинланган. Бундай ҳолат қуйидаги вазирлик ва идораларда кузатилган:

•        Ташқи ишлар вазирлиги;

•        Ички ишлар вазирлиги;

•        Энергетика вазирлиги;

•        Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги;

•        Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги;

•        Соғлиқни сақлаш вазирлиги;

•        Оила ва хотин-қизлар қўмитаси;

•        Маданий мерос агентлиги.

Иккинчидан, жамоатчилик кенгашлари таркиби сон жиҳатидан белгиланган меъёрларга жавоб бермаслиги маълум бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2021 йил 4 мартдаги "2021–2025-йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги 6181-сонли фармонига кўра, ҳар бир жамоатчилик кенгаши камида 15 нафар аъзодан иборат бўлиши шарт. Бироқ учта давлат органида бу кўрсаткич белгиланган меъёрдан паст бўлиб, бу кенгашларнинг вакиллик даражаси ва функционаллигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

•        Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида — 13 нафар;

•        Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида — 11 нафар;

•        Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасида — 7 нафар аъзо борлиги аниқланган.

Учинчидан, жамоатчилик кенгашларида нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) вакилларининг улуши пастлигича қолмоқда.

Қонунчиликка кўра, кенгаш аъзоларининг камида 50 фоизи ННТ вакилларидан иборат бўлиши керак. Бироқ ўрганилган 47 та давлат органидан фақат 22 тасида ушбу талабга амал қилинган, қолган 25 та тузилмада эса ННТ вакиллари улуши белгиланган миқдордан кам ва бу 6181-сонли президент қарорига зид ҳолатдир.

Тўртинчидан, жамоатчилик кенгашлари фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашда камчиликларга йўл қўйилган.

Президентнинг 2018 йил 4 июлдаги “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чоралари тўғрисида”ги 3837-сонли қарорига биноан, давлат органларининг расмий веб-сайтларида жамоатчилик кенгашлари фаолияти ҳақидаги маълумотлар очиқ эълон қилиниши ва ҳар чоракда янгиланиб борилиши шарт.

Мониторинг натижаларига кўра:

•        36 та давлат органи ўз сайтида жамоатчилик кенгаши ҳақида маълумот жойлаштирган;

•        шундан 8 таси маълумотларни янгиламаган;

•        12 таси эса бутунлай маълумот жойлаштирмаган.


Бу эса нафақат белгиланган талабларга зид, балки кенгашлар фаолияти очиқлигига путур етказади.

Шунингдек, 3 та давлат органи — ўз жамоатчилик кенгашларини янгилаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳеч қандай маълумот тақдим этмаган. Бу ҳолат ушбу йўналишда амалий фаолият олиб борилмаётганини ёки мазкур органларнинг ёпиқлигини кўрсатади.

Бундан ташқари, айрим жамоатчилик кенгашларида қайта ташкил этиш жараёни якунланмаган.

Масалан, "Узатом" агентлиги ва Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлигида жамоатчилик кенгашларини қайта ташкил этиш ҳали ҳам якунига етказилмаган.

Мониторинг асосида ишлаб чиқилган тавсиялар:

•        Давлат органлари раҳбарларининг жамоатчилик кенгашларини шакллантиришда қонунчилик талаблари ва нормаларига риоя қилиш борасидаги жавобгарлигини кучайтириш;

•        Жамоатчилик кенгашларини шакллантириш ва уларнинг фаолияти бўйича методик ёрдам кўрсатадиган масъул ташкилотни белгилаш;

•        Aдлия вазирлиги томонидан барча давлат органларида кенгашларни ислоҳ қилиш жараёнининг тизимли назоратга олиниши;

•        Барча давлат органлари ўз расмий веб-сайтларида кенгашлар фаолияти тўғрисидаги маълумотларни мунтазам жойлаштириб, уларни ҳар чоракда янгилаб боришини таъминлаш;

•        Давлат бошқаруви академияси негизида жамоатчилик кенгаши аъзолари учун малака ошириш курслари ва онлайн ўқув дастурларини ташкил этиш.

"Юксалиш" ҳаракати томонидан ўтказилган мониторинг натижалари жамоатчилик кенгашлари фаолиятида тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Ушбу камчилик ва муаммоларни бартараф этиш кенгашларнинг мустақил ва самарали фаолият юритишини таъминлашга хизмат қилади.

Юқоридаги тавсияларни амалга ошириш орқали фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашга, давлат органларининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини оширишга, шунингдек, давлат бошқарувида фуқароларнинг иштирокини ривожлантиришга эришиш мумкин.

"Юксалиш" ҳаракати матбуот хизмати