@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

«Бир миллион дарахт» акцияси доирасида Мўйноқда 200 та дарахт экилди

 2025-04-14 14:33:36   |     Просмотров: 2894

“Юксалиш” ҳаракати атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ғояларини тарғиб қилиш мақсадида 2019 йилдан буён мамлакатнинг турли ҳудудларида “Бир миллион дарахт” акциясини ўтказиб келади.

Ўтган вақт давомида акция доирасида 4 миллиондан ортиқ мевали ва манзарали дарахт ҳамда буталар экишга муваффақ бўлинди.

Бу йил акция доирасида ижтимоий объектлар ҳудудига эътибор қаратилди. "Юксалиш" ҳаракати "Бир миллион" дарахт акцияси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидаги иккита ҳудуд — "Оқ кема" болалар ёзги оромгоҳи ҳамда 13-сонли мактабгача таълим муассасасида мевали дарахт кўчатларини экди. Акция "Huawei" компанияси кўмагида ўтказилди. Бу компания бир неча йилдан буён яшил ҳудудларни кенгайтиришда "Юксалиш" билан ҳамкорлик қилиб келаётганини таъкидлаш зарур.
Тадбирда “Юксалиш” ҳаракати ходимлари, “Huawei” компанияси вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари, экофаоллар, кўнгилликлар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

 

“Юксалиш” ҳаракати раисининг ўринбосари Жаҳонгир Тураханов акциянинг аҳамиятига тўхталиб ўтди:

— Дарахт экиш учун мактабгача таълим муассасаси ҳудудини  танлаганимиз бежиз эмас. Бу нафақат экологик, балки тарбиявий аҳамиятга ҳам эга. Боғча тарбияланувчилари битта дарахтни экиб, ҳосилга киргунича парвариш қилиш инсондан куч ва меҳнат талаб қилишига гувоҳ бўлишади ва бу уларда табиатга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш кўникмаларини шакллантиради, деган умиддамиз. “Юксалиш” ҳаракати ҳар йили шундай ташаббусларни амалга ошириб, яшил ҳудудларни кенгайтиришга ҳисса қўшишда давом этади.

 “Юксалиш” ҳаракатининг “Huawei” компанияси билан ҳамкорлиги натижасида сўнгги йилларда Тошкентдаги Адиблар хиёбони, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази, пойтахтнинг 20 дан ортиқ мактабида, Дўстлик боғи, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани, Болалар миллий тиббиёт маркази, Тошкент Халқаро Таълим Университетида дарахтлар экилди.

— Технологик компания сифатида, биз энергетик жиҳатдан самарадор инновацияларини қўллаш — барқарор келажак яратишнинг асосий тамойили деб, ҳисоблаймиз. Биз доимий равишда углеродсиз иқтисодиётга ўтишнинг оптимал усулларини ўрганиб, тадқиқотлар ва тараққиётга сармоя киритамиз. Яшил технологияларни жорий этишдан ташқари, иқлим ўзгаришлари оқибатларига қарши курашишда шериклар ва жамоатчилик билан ҳамкорлик аҳамиятини яхши англаймиз. Шу боис, “Яшил Ўзбекистон” ташаббусимизни давом эттириб, 2020 йилдан бошлаб экологик вазиятни яхшилашга ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қилмоқдамиз, — деди “Huawei” компаниясининг жамоатчилик алоқалари бўйича менежери Александрa Набиева.

“Юксалиш” томонидан амалга оширилаётган “Бир миллион дарахт” акцияси ҳудудларни кўкаламзорлаштиришга ҳисса қўшибгина қолмай, жамиятда экологик онг ва табиатга эҳтиёткорона ёндашув каби қадриятларни шакллантиради. Турли авлод вакиллари, айниқса, ўсиб келаётган ёшларни жалб қилиш орқали бу ташаббус барқарор келажак учун мустаҳкам асос бўлади.

                                                                                                                                          “Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати