“Юксалиш” ҳаракати ННТ вакиллари билан қонунчиликка киритиладиган ўзгартиришларни муҳокама қилди
17 март куни "Юксалиш" ҳаракати нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) вакиллари билан онлайн учрашув ўтказди. Учрашув "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланди.
Ушбу лойиҳа 12 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси веб-сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган. Бунгача депутатлар уни биринчи ўқишда кўриб чиқиб, қабул қилган эдилар.
"Юксалиш" ҳаракати раиси маслаҳатчиси Умид Ражабов ННТларнинг Конституция ва қонун ҳужжатларида белгиланган эркин фаолият юритиш кафолатларини мустаҳкамлаш мақсадида қонун лойиҳасида давлат органлари мансабдор шахслари томонидан ННТ фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши, шунингдек, жамоатчилик назорати самарадорлигини ошириш мақсадида давлат органлари томонидан жамоатчилик назорати натижалари бўйича тақдим этилган якуний ҳужжатларни ўз вақтида кўриб чиқмаслик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши режалаштирилаётганини айтди. У қонунчиликка киритилиши кутилаётган ўзгаришлар аҳамиятига урғу бериб, бу ННТлар учун янги имкониятлар яратишини таъкидлади ва барчани муҳокамада фаол игтирок этишга чақирди.
"Юксалиш" ҳаракати фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик бўлими раҳбари Саида Мустафаева таъкидлади: Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг ўз фаолиятига тааллуқли қонун лойиҳаси муҳокамасида иштирок этиши жуда муҳим. Биринчидан, бу секторнинг реал эҳтиёжлари ва муаммоларини ҳисобга олиш имконини беради ҳамда янада самарали ва асосли тартибга солишни таъминлайди. Иккинчидан, ННТ экспертлари қонун чиқарувчиларга таклиф этилаётган қонунчиликдаги потенциал хавфлар ва бўшлиқларни аниқлашда ёрдам беради. Жамоатчилик муҳокамаси давлат ва ННТ ўртасида мулоқот майдони вазифасини ўтаб, қарор қабул қилиш жараёнининг шаффофлигини ошириш ва ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади. ННТ томонидан берилган таклифларнинг қонун лойиҳасига киритилиши эса унинг амалда ишлашини таъминлайди, чунки бу ташкилотлар мақсадли гуруҳлар билан ишлаш бўйича ноёб тажрибага эга.
Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов қонунчиликдаги ижобий ўзгаришларни қайд этиб, давлат органлари ННТ ишларига аралашмаслиги кераклигини таъкидлади.
Қонун лойиҳаси қабул қилиниши ННТларнинг жамоатчилик назоратини янада самарали қилишга ёрдам бериши кутилмоқда. Шу билан бирга, иштирокчилар қонун лойиҳаларини чуқурроқ тушуниш учун ҳуқуқий саводхонликни ошириш муҳимлигини қайд этдилар.
— Ўзгартишлар кенг кўламли ҳужжатларни ўз ичига олади, — деди жамоатчилик фаоли Виктория Ашурова. — Фикримча, ННТлар ва, умуман, аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини ривожлантириш ҳамда бу ишга юристларни жалб қилиш зарур.
Шунингдек, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришда яна қандай ўзгартиришлар талаб этилиши муҳокама қилинди. Жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ҳисобот тақдим этиш муддатини қайта кўриб чиқиш ва ўз ташаббуси билан ташкил этилган ННТлар учун имтиёзлар жорий этиш таклифи илгари сурилди.
— Баъзи ННТлар давлат субсидияларини олади, лекин ўз ташаббуси билан ташкил этилган ташкилотлар молиявий манбаларни топишда қийинчиликларга дуч келади, — дейди "Аёл ва шодлик" ННТ вакили Гулнора Юсупова. — Бундай ННТларда барқарор молиялаштириш бўлмаган пайтларда, уларга солиқ имтиёзлари тақдим этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қиламан. Шунингдек, ННТ фаолиятида молиявий шаффофликни таъминлаш таклифини киритмоқчиман.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг Фарғона филиали мутахассиси Саидкамолхон Муҳаммаджонов ННТлар давлат органларидан маълумот олишда қийинчиликларга дуч келаётганини қайд этди. Масалан, "Open budget" бўлимида қурилишга оид смета ҳужжатларида кўзда тутилган ишлар ҳақидаги маълумотлар мавжуд эмас. Шартномаларда қайси ишлар режалаштирилгани ва қанча маблағ ажратилгани аниқ кўрсатилмаган. Шу боис, қонун лойиҳаларига маълумотларни тақдим этиш муддатларини белгилаш ва қайси маълумотлар очиқ, қайсилари махфий бўлиши кераклигини аниқлаштирувчи қоидаларни киритиш таклиф этилди. Шунингдек, ННТлар томонидан ахборот сўровларини кўриб чиқиш муддатини 15 кундан оширмаслик муҳимлиги таъкидланди.
«Шароит плюс» вакили Дилмурод Юсупов ННТларга нисбатан жарима чораларининг пасайтирилиши қонун лойиҳасида акс этганини таъкидлади. У бу ташаббусни қўллаб-қувватлади ҳамда молиявий жазоларни жорий этишдан олдин хабар бериш механизмини кўриб чиқишни таклиф қилди.
Муҳокама якунида ННТлар мустақиллигини мустаҳкамлаш, маъмурий босимдан ҳимоя қилиш ва жамоатчилик назорати самарадорлигини ошириш учун қонунчиликни такомиллаштириш зарур, деган хулосага келинди.
Қонун лойиҳаси бўйича муҳокамалар 21 мартгача давом этади, таклифларни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг веб-сайти орқали киритиш мумкин.
“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати