@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистоннинг ТОП-20 “Aқл марказлари”

 2025-03-18 11:14:25   |     Просмотров: 5349

“Aқл марказлари” – муҳим ижтимоий-сиёсий масалалар юзасидан тадқиқот ўтказиш ва экспертлик баҳолаш ёрдамида таклифлар ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Уларнинг тадқиқотлари иқтисодиёт ва сиёсатдан тортиб, технологиялар ва ижтимоий масалаларгача кенг қамровли соҳаларни қамраб олади.

Aхборот асосий ресурсга айланаётган ва қабул қилинадиган қарорлар чуқур таҳлил ва стратегик ёндашувни талаб қилаётган шароитда, "ақл марказлари" асосий ўринга чиқмоқда. Хусусан, турли соҳаларда учраётган коррупцион ҳолатларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини ишлаб чиқишда ақл марказларининг ҳиссаси катта. Президент Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши курашиш бўйича конвенция талабларини мониторинг қилишга нодавлат ташкилотларини жалб қилиш зарурлиги ҳақида таъкидлагани бежиз эмас. Улар сиёсатни шакллантиришга ёрдам беради, турли соҳаларда истиқболларни прогноз қилади ва замонамизнинг мураккаб муаммолари учун ечимлар таклиф этади.

Бу марказлар қуйидаги вазифаларни ҳал қилади:

–  стратегиялар ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

–  тадқиқот ва прогнозлар тайёрлаш;

–  таълим ташаббуслари билан чиқиш.

Ўзбекистонда бир неча йиллардан буён фаолият юритаётган таҳлилий институтлар билан бир қаторда янги ақл марказлари ҳам мавжуд.

"Юксалиш" ҳаракати томонидан 2022-2023 йилларда эълон қилинган ТОП-20талик рўйхат билан солиштирганда тармоқда айрим ўзгаришлар кузатилди. Бу йил рўйхатда илк маротаба қуйидаги таҳлилий марказлар киритилди:

- Ижтимоий ҳимояни ривожлантириш институти;

-  Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти;

- Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва Истиқболли кадрларни таёрлаш институти;

- Прогрессив ислоҳотлар маркази;

- Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази.

Инфографикамиз орқали Ўзбекистоннинг 2025 йилдаги энг нуфузли ва самарали топ “Aқл марказлари" билан танишишингиз мумкин.

Мазкур рейтинг Ўзбекистонда фаолият юритаётган таҳлил марказларининг расмий веб-сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, улар томонидан ўтказилган тадқиқотлар ва таҳлилий мақолалар, халқаро илмий нашрларда иқтибос келтирилган таҳлилий ишлари ва мустақил экспертларнинг фикри асосида шакллантирилди.

Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби

Олий мактаб мамлакат ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётининг турли йўналишларида тизимли тадқиқотлар олиб боради. Таҳлилий фаолиятда асосий урғу миллий ва минтақавий хавфсизлик масалаларига қаратилган бўлиб, ўтказиладиган тадқиқотлар кенг жамоатчилик учун ёпиқ эканлигини таъкидлаш зарур.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти

Давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда илмий асосланган таклиф ва тавсиялар тайёрлаш, аҳоли даромадларини ошириш юзасидан муаммоларни ўрганиб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг боришини баҳолаш билан шуғулланади.

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

Ўзбекистон Республикаси Президентини ахборот-таҳлилий материаллар билан таъминлаш, Марказий Осиёда хавфсизлик масалалари, Ўзбекистон Республикасининг минтақавий ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари борасида тадқиқотлар институт фаолиятининг асосий йўналишларидир.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Ўзбекистон Республикаси Президенти маъмуриятининг иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар масалалари бўйича ахборот-таҳлилий таъминоти, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг стратегик йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида таҳлилий ва амалий тадқиқотлар ўтказиш билан шуғулланади.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази

Мамлакатда ижтимоий сўровлар ўтказишда улкан тажрибага эга бўлиб, тараққиётининг барча соҳаларида жамоатчилик фикри динамикасининг асосий тенденцияларини аниқлаш, ўрганиш ва таҳлил қилиш, шунингдек, тизимли мониторинг олиб бориш билан шуғулланади.

Парламент тадқиқотлари институти

Институт парламентнинг Қонунчилик палатаси ҳузурида фаолият юритади. Институтнинг асосий вазифаси парламент фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий ва услубий жиҳатдан таъминлашдан иборат.

Институт қонунчилик муаммоларини ўрганиш, парламент тадқиқотларини ўтказиш ҳамда қонунчилик жараёнларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш билан шуғулланади. У Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари асосида фаолият юритади ва қонунчилик соҳасида янги ёндашувларни ривожлантиришга ҳисса қўшади.

Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқий сиёсатини илмий-таҳлилий қўллаб-қувватлаш ва ислоҳотларни ҳуқуқий такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш билан шуғулланади. 

“Юксалиш” ҳаракати

Ўзбекистон тараққиёт стратегиялари ва давлат дастурлари амалга оширилиши, Президент ҳужжатлари ижроси ва ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини мониторинг қилиш, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий масалаларда экспертлик баҳолашни ташкил этиш, ижтимоий сўровлар орқали таҳлилий маълумотлар тайёрлаш, Марказий Осиё минтақаси экспертлари учун мунозара майдонларини ташкил этиш Ҳаракат фаолиятининг асосий йўналишлари сирасига киради.

“Тараққиёт стратегияси” маркази

Давлат дастурлари, ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш, миллий ва халқаро ҳамжамиятга тарғиб қилиш масалалари марказ фаолиятининг асосий йўналиши ҳисобланади. Тараққиёт стратегиясидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва натижаларини изчил муҳокама қилиш, давлат органлари ва халқ ўртасидаги очиқ мулоқотни таъминлаш, жамоатчилик назоратини самарали ташкил этишда ўзига хос замонавий медиамайдон вазифасини ўтайди.

Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази

Марказ фаолияти иқтисодий ислоҳотларни ва иқтисодий ривожланишни таҳлилий қўллаб-қувватлаш, иқтисодий ривожланиш субектларининг билим ва кўникмаларини ошириш, иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича давлат, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор ўртасида самарали мулоқотни ривожлантиришда ҳам самарали фаолият кўрсатмоқда.

“Билим карвони” нодавлат нотижорат илмий муассасаси

Ўзбекистонда самарали фаолият юритиб келаётган нодавлат таҳлил марказларидан бири бўлган “Билим карвони” муқобил тадқиқотлари ва экспертлик баҳолари билан алоҳида ўринга эга. Ташкилот маҳаллий ва халқаро илмий марказлари билан ҳамкорликда илмий тадқиқотлар ўтказиш, манфаатдор ташкилотлар учун таҳлилий ишларни амалга ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантиришга ўз хиссасини қўшиш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, минтақавий ҳамкорлик, ёш тадқиқотчилар учун мулоқот майдонларини ташкил этиш билан шуғулланиб келади.

Марказий Осиё халқаро институти

Минтақа мамлакатлари ўртасидаги илмий-тадқиқот ва эксперт ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш, Марказий Осиё мамлакатлари ва бошқа давлатларнинг етакчи илмий марказлари билан кенг алоқалар ўрнатиш институтнинг асосий вазифаларидир.

Прогрессив ислоҳотлар маркази

Ўзбекистонда стратегик асосланган ислоҳотларни ишлаб чиқиш ва илгари суриш билан шуғулланувчи таҳлил маркази. Унинг асосий йўналишлари тадқиқотлар ўтказиш, давлат сиёсати таҳлили ва барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ҳамда ҳуқуқий маданиятни шакллантиришга қаратилган ташаббусларни ишлаб чиқишдан иборат.

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази

Жойларда ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларни мониторинг қилиш ва прогнозлаш, ахборот маконининг ғоявий мазмунини тизимли таҳлил қилиш, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, ҳудудлар ва мамлакат даражасида маънавий-маърифий муҳитни соғломлаштириш борасида тадқиқот олиб борувчи ёш ташкилот.

Барқарор ривожланиш маркази

Бу ташкилот Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга кўмаклашади. Марказ фуқаролик жамиятини ривожлантириш, илмий ва амалий тадқиқотлар ўтказиш, давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнларни таҳлил қилиш билан шуғулланади.

Ташкилот давлат ва жамоат тузилмаларига ахборот, маслаҳат ва услубий ёрдам кўрсатиб, мамлакатнинг барқарор ривожланишига кўмаклашади.

Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти – Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатия Университети қошида фаолият юритувчи фанлараро тадқиқот муассасаси бўлиб, халқаро муносабатлар ва глобал муаммоларни чуқур таҳлил қилишга ихтисослашган. Сўнгги тадқиқотлари:

- Чжон Хонпё томонидан тайёрланган "Замонавий сиёсат

ва хориждаги корейсларга нисбатан ривожланиш стратегиялари: Марказий Осиёдаги Корё-сарам мисолида" мақоласи. Унда Жанубий Кореянинг "K-Silk Road" ташаббусида этник корейсларнинг роли таҳлил қилинган;

- Доктор Исломхон Ғофоровнинг "AҚШнинг Жанубий Осиёдаги ташқи сиёсати (Ҳиндистон ва Покистон мисолида)" тадқиқотида AҚШнинг минтақавий стратегияси эволюсияси кўриб чиқилади.

- ИХТИ етакчи илмий ходими Рустам Маҳмудов "Aфғонистон табиий бойликлари: улар Катта ўйин омилига айланиши мумкинми?" номли мақоласида Aфғонистоннинг бой табиий ресурслари ва уларнинг геосиёсий аҳамиятини таҳлил қилади;

- Наргиза Умарованинг "Ўзбекистоннинг жанубий йўналишдаги халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш сиёсати" тадқиқоти мамлакатнинг транспорт-логистика соҳасидаги стратегик ташаббуслари ҳақида маълумот беради.

Институт халқаро муносабатлар, иқтисодий дипломатия соҳаларида фундаментал ҳамда амалий тадқиқотлар олиб боради.

Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва Истиқболли кадрларни таёрлаш институти

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги давлат муассасаси бўлиб, ёшлар муаммоларини тадқиқ қилиш, илмий-тадқиқот ва таҳлилий изланишлар олиб бориш, шунингдек, истиқболли ёш кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга ихтисослашган. Институт давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти, жамоат ташкилотлари раҳбар ходимлари учун қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этади. Шу билан бирга, ёш мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ривожлантиришга йўналтирилган таълим дастурларини амалга оширади.

Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази

Марказ олий таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилган илмий ва таҳлилий тадқиқотларни амалга оширади.

Aсосий вазифаларига олий таълим муассасалари фаолиятига илғор педагогик технологиялар ва инновасион ўқитиш усулларини жорий этиш, шунингдек, ўқув режалари ва фан дастурларини такомиллаштириш, самарали таълим шакллари ва методларини қўллаш, шунингдек, таълим жараёни сифати ва самарадорлигини ошириш учун замонавий ахборот-коммуникасия технологияларини жорий этиш кабилар киради.

Марказ олий таълим муассасалари томонидан ишлаб чиқилган малака талаблари, ўқув режалари ва ўқув дастурларини техник экспертизадан ўтказиш ва уларнинг ижросини мониторинг қилиш билан шуғулланади. Шунингдек, дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва махсус адабиётлар билан таъминлашда иштирок этади. Бундан ташқари, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда республика фан олимпиадаларини ташкил этишда фаол қатнашади.

Марказнинг сўнгги тадқиқотлари Ўзбекистонда олий таълим муассасаларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, Олий таълим тизимини ислоҳ қилиш ва малакали мутахассисларни тайёрлашни ривожлантиришни ўз ичига олади. Марказ Ўзбекистонда олий таълим тизимини ривожлантириш, уни модернизация қилиш ва халқаро стандартларга мослаштиришга катта ҳисса қўшиб келмоқда.

“Оила ва гендер” илмий тадқиқот институти

Маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликни оширишга қаратилган концепцияларни, комплекс, мақсадли, соҳаларга оид ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишнинг илмий-методологик асосларини шакллантириш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича таҳлилий материаллар ва илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш институтнинг асосий вазифаларидир.

Ижтимоий ҳимояни ривожлантириш институти

У аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларини ўрганишга ихтисослашган илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Институтнинг асосий мақсади — адолатли ва инклюзив жамиятни шакллантириш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий фаровонлигини таъминлашга хизмат қилувчи жараёнларни тадқиқ қилишдир.

Aсосий вазифалар қуйидагиларни ўз ичига олади: ижтимоий ҳимоя тизимини ислоҳ қилиш учун илмий асосларни ишлаб чиқиш, ижтимоий дастурларни такомиллаштириш бўйича тавсиялар тайёрлаш, ижтимоий соҳадаги фундаментал ва амалий тадқиқотларни ўтказиш, ижтимоий тадқиқотларни оммалаштириш ҳамда миллий ва халқаро илмий ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати