Фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий кафолатлар: ННТлар фаолиятида янги босқич
Нодавлат нотижорат ташкилотлари долзарб масалаларни ҳал этишда муҳим ўринга эга. Улар давлат тузилмалари ва жамият ўртасида “кўприк” вазифасини ўтайди.
Бироқ, бундай ташкилотларнинг самарали фаолияти учун маъмурий тўсиқлар ва аралашувлардан ҳимоя қиладиган мустаҳкам ҳуқуқий кафолатлар зарур. Шу муносабат билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ННТлар фаолиятини такомиллаштириш ва ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
"Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга қаратилган. Ҳужжат ННТ фаолияти, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва маъмурий жарималарни қайта кўриб чиқиш бўйича бир қатор ўзгартишларни назарда тутади.
Хусусан, давлат органлари мансабдор шахсларининг ННТ фаолиятига ноқонуний аралашуви учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу ташкилотларни ноқонуний босимдан ҳимоя қилиш учун қўшимча ҳуқуқий механизмларни яратади. Шунингдек, лойиҳа давлат органларига жамоатчилик назорати натижалари бўйича тайёрланган ҳужжатларни ўз вақтида кўриб чиқиш мажбуриятини юклайди. Агар бу талаб бажарилмаса, маъмурий чоралар кўриш кўзда тутилган.
Жорий қилиниши кутилаётган қонун ўзгаришларига доир фикрлари билан “Янги медиа таълим маркази” ННТ директори, филология фанлари доктори Беруний Алимов бўлишди:
— Кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг нуфузли халқаро минбарлардан туриб қилаётган ҳар бир тарихий маърузаси, жамоатчилик вакиллари билан олиб бораётган очиқ мулоқотларида Ўзбекистондаги янги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига шахсан эътибор қаратаётганликлари биз учун катта шараф.
Шунингдек, республикадаги етакчи партиялар, вазирликлар ва идораларнинг, умуман олганда сиёсий элитанинг ННТларга нисбатан муносабати ўзгараётганини ижобий ҳолат сифатида баҳолайман. Чунки ҳар қандай эркин, демократик жамиятнинг тараққий этишида ННТларнинг ўрни беқиёс.
Бироқ ҳозиргача сақланиб қолаётган айрим эскича қарашлар ва стереотиплар бунга ҳалақит беради. Ваҳоланки, ноҳукумат ташкилотлар давлат ташкилотларининг қўли етмайдиган айрим муаммоларни жойида ҳал қилиш, жамиятнинг қуйи бўғинлари билан бевосита яқиндан ишлаш имкониятига эга. Бу борада улар давлат ташкилотлари учун энг яқин ҳамкор бўла олади. Шу сабабдан тобора шаклланаётган ўзаро ишонч, профессионал муносабатлар яқин келажакда ўз мевасини беришига ишонаман.
Айниқса, ҳозир кўриб чиқилаётган қонунчилик лойиҳаси доирасида муҳокама қилинаётган жиддий ўзгаришлар, хусусан ННТлар фаолиятига ортиқча аралашувлар, текширувларнинг олдини олиш, шу билан бирга молиявий ҳамда уларни турли солиқ босимларидан озод қилиш, улар киритаётган таҳлилий ўрганишлар натижаларини инобатга олиш ва бошқалар жамоатчилик ташкилотлари учун сув билан ҳаводек зарур.
Ўйлайманки, ушбу ўзгаришларнинг барчаси ННТлар фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади. Пировардида халқимиз ҳаётини, кундалик турмушини енгиллаштиришга, жамиятимизни юксак чўққиларга олиб чиқишга, шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг халқаро медиа майдондаги имижини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
21 мартга қадар барча хоҳловчилар қонун лойиҳасига оид таклифларини Қонунчилик палатаси сайтида қолдириши мумкин.
“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати