@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“ҚОНГА ЭҲТИЁЖ ҲАР ДОИМ БОР” - АЪЛОНУР САИДОВ, РЕСПУБЛИКА ҚОН ҚУЙИШ МАРКАЗИ ДИРЕКТОРИ

 2025-02-07 12:16:59   |     Просмотров: 1913

Қон донорлиги – инсонлар ҳаётини сақлаб қолишда муҳим бўлган фаолият, аммо кўпчилик бу ҳақида етарли маълумотга эга эмас. Республика қон қуйиш маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Аълонур Саидов Ўзбекистонда қон донорлиги бўйича қандай муаммолар борлиги, нега пул ҳар доим ҳам қонга айланмаслиги ва донор бўлиш афзалликлари ҳақида сўзлаб берди. 

– Ўз хоҳиши билан беғараз қон топишириб юрган инсон саломатлиги ҳолатини мунтазам текшириш имкониятига эга бўлади. Бу зарарли одатлардан халос бўлиш, қоннинг янгиланиши ва организмдаги жараёнлар тезлашишига ҳам ёрдам беради, – дейди Аълонур Саидов. – Аммо, бу фаолият етарлича тарғибот қилинмаслиги натижасида кўпчиликда донорликка қизиқиш кам.

Қон донорлиги ёшлар учун ҳам, катталар учун ҳам зарур саналади. Донорликка 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган шахслардан қабул қилинади. Ўзбекистонда қон донорларининг аксарияти 30-40 ёш оралиғида бўлиб, асосий мақсад ёш донорлар сонини кўпайтиришга қаратилган.

Беғараз донорлик энг хавфсиз донорлик тури ҳисобланади, чунки эзгу ишга қўл уриб, ўз хоҳиши билан қон қуйиш марказига келган инсон, одатда, саломатлигига оид маълумотларни яширмайди.

Мутахассиснинг айтишича, донор қонидан олинадиган икки хил компонент: эритроцитар масса ва плазма турли тиббий ҳолатларда ишлатилади. Эритроцитар масса камқонликда, плазма эса буйрак ва жигар касалликларида фойдаланилади. Бу компонентлар жуда муҳим ва уларнинг тўғри сақланиши донорлик жараёнининг самарадорлигига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Плазмани махсус фармацевтика усуллари орқали қайта ишлаб, узоқ муддат сақлаш ҳам мумкин. Масалан, плазмадан албумин, иммуноглобулин каби препаратлар ишлаб чиқарилади.

Шошилинч тиббиёт муассасаларида, туғруқхоналарда, онкогематология ва жарроҳлик амалиётлари ўтказиладиган клиникаларда доимий қон захираси бўлиши керак. Бу муаммоларни тезкор ҳал қилиш ва эҳтиёжга қараб беморларни ўз вақтида қон билан таъминлаш учун муҳим. Жарроҳлик амалиётида қон кўп кетиши ва операция муваффақиятли ўтказилиши учун қон гуруҳларига мувофиқ захиралар бўлиши зарур.

Донорликда энг муҳими – қоннинг самарадорлигини таъминлаш. Қон берувчи одам имкон қадар тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзига риоя қилиши лозим. Қон топширишдан олдин ва кейин кўпроқ дам олиш, махсус парҳезга риоя қилиш донорнинг саломатлигига ҳам ижобий таъсир қилади. Донорлар қон топшириш жараёнида бепул қон таҳлилларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бунинг натижасида, қон берувчи инсонлар ўз саломатлигини назорат қилиш ва ҳар доим кузатиб бориш имкониятига эга бўладилар.

Мамлакатимиз шифохоналарида даволанаётган инсонлар сонидан келиб чиқиб ҳисоблаганда, йилига 400-450 тонна қон тайёрланиши керак. Бизда 150 тоннага яқин қон тайёрланади. Ҳар бир аудиториянинг 1/3 қисми “донорман” дейиши керак. Ривожланган давлатлар, масалан, Европа давлатларининг жуда кўпида бу коэффициент юқори. Францияда ҳар мингта аҳолига – 40 та, Америкада – 110 та донор тўғри келади. АҚШ бошқа давлатларни плазма билан таъминлайди. Бу аҳоли орасида донорлик маданияти шакллангани, бегона одамга ёрдам қўлини чўзиш одатга айланганидан далолат беради.

Биз ҳам шу даражага эришиш учун қон донорлигининг аҳамияти ва фойдали томонлари ҳақида оммага кўпроқ маълумот беришимиз керак. Айни пайтда, ҳар ойда белгиланган донорлик акциялари ёрдамида инсонларни қон топширишга жалб қилиш мумкин. Бу тарғибот ишлари соғлиқни сақлаш тизимида муҳим ўрин тутади.

Интервьюни кўриш