@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Инсон капиталини ривожлантириш: келажак учун таълим” мавзусида стратегик мулоқот ўтказилди

 2019-06-25 16:05:00   |     Просмотров: 4478

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ЮНИCEФ билан ҳамкорлик “Инсон капиталини ривожлантириш: келажак учун таълим” мавзусида стратегик мулоқот ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, мактабгача таълим, олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва бошқа қатор давлат органлари, илмий доиралар, БМТ ва халқаро ташкилотлар Ўзбекистондаги таълим сифатини оширишнинг долзарб муаммолари ва имкониятларини муҳокама қилдилар. Мулоқотда қарор қабул қилувчилар, педагоглар, тадбиркорлар ва ёшларнинг ўзлари иштирок этдилар.

2019 йил апрелида Ўзбекистон Республикаси Президенти 2030 йилга қадар Халқ таълими тизимини ривожлантириш концепциясини тасдиқлади. Таълим инфратузилмасини яхшилаш ва кенгайтириш ҳамда ўқитиш методикаларини такомиллаштиришдан ташқари, консепцияда талабалар ўзлаштиришини баҳолашнинг халқаро тадқиқоти – PISA рейтингига кўра Ўзбекистон 2030 йилга қадар жаҳоннинг 30 та етакчи мамлакатлари қаторига кириши мақсад қилиб қўйилган. 

"Кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари таълим оладиган мактабларда ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси пастлиги кузатилади, ва бу мактабларни қўллаб-қувватлаш керак," -  деди ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн. "Барча болалар сифатли таълим олиш учун тенг имкониятларга эга бўлишлари учун бундай мактабларни зарур ўқув материаллари ва юқори малакали ўқитувчилар билан таъминлаш зарур,"- деб таъкидлади у. 

Мулоқотда мактабларнинг синфхоналаридаги жараёнларга алоҳида эътибор қаратилди. Мактабгача таълим босқичиданоқ ўқиш, ёзиш ва ҳисоблаш каби кўникмалар билан бир қаторда мулоқот қилиш ва танқидий фикрлаш каби кўникмаларни ривожлантириш муҳим, чунки ёшлар янада юксак даражадаги фикрлашни талаб қиладиган келгуси таълимга ва иш жойига эга бўла олмайдилар. Натижада меҳнат бозоридаги рақобатда енгиб чиқиш имкониятидан маҳрум бўладилар.