@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Янги таҳрирдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун лойиҳасининг экспертлик муҳокамаси бўлиб ўтди

 2019-06-25 14:30:00   |     Просмотров: 1897

25 июнь куни янги таҳрирдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда мутасадди вазирлик ва идоралар, Олий Мажлис палаталари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирок этди. 

Таъкидланганидек, бугунги кун шароитидаги кенг кўламли трансформация жараёнида Ўзбекистонда ННТ секторининг янада ривожланиши фуқароларни давлат бошқарувида иштирок этишга ундаш, бирдамлик, масъулиятли ва адолатли бўлиш каби қадриятларни тарғиб қилиш, аҳолининг ҳуқуқий ва сиёсий хабардорлигини ошириш ҳамда фуқароларнинг давлат тузилмаларига бўлган ишонч даражасини мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Ҳаракатлар стратегиясида фуқаролик жамияти институтларининг ролини янада кучайтириш ва жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги Фармони мамлакатда демократик янгиланишлар жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини оширишга ўзига хос туртки бўлди.

Ҳужжатга мувофиқ, Президент ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилди, “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилди. ННТлар фаолиятини тартибга солувчи қатор қоидалар ва тартибларга ўзгартишлар киритилди. Шунингдек, режалаштирилаётган тадбирларни рўйхатдан ўтказувчи орган билан мувофиқлаштириш тартиби хабардор қилиш тартибига ўзгартирилди.

Давлат раҳбарининг 2018 йил 4 майдаги Фармони билан ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини аниқлаш ва миллий моделини шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган эди. Шу муносабат билан, мутасадди давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари орасидан ишчи гуруҳ шакллантирилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва USAIDнинг Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича дастури ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди, шунингдек уни амалга оширишга қаратилган “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Муҳокама давомида экспертлар бугунги кунда ННТлар тўғрисидаги Ўзбекистон қонунчилиги “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги ва бошқа юзга яқин катта ҳажмдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинишини таъкидладилар. Бир қатор такрорловчи нормалар мавжуд, баъзилари эса бир-бирига зид. Бу эса Ўзбекистондаги бугунги ўзгаришлар ва халқаро тажрибани иобатга олган ҳолда ННТлар соҳасида тўғридан-тўғри амал қилувчи ягона тизимлаштирилган қонун нормасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Иштирокчиларнинг фикрича, фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи умумлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши давлат ва ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнларига ННТларни жалб қилиш даражасини ошишига хизмат қилувчи қулай ҳуқуқий муҳитни шакллантиради.   

Конструктив руҳда бўлиб ўтган муҳокамалар давомида қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан фикр ва таклифлар ишлаб чиқилди. Ҳужжатнинг жамоат муҳокамалари яқин кунлада республиканинг бошқа қатор ҳудудларида ҳам бўлиб ўтади.

Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва USAIDнинг Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича дастури ўртасида ҳамкорлик меморандуми доирасида ташкил этилди. 

 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати