Йил сарҳисоби: Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси фаолияти
“Юксалиш” ҳаракати Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан январь – декабрь ойлари давомида 3263 та фуқаро аъзоликка қабул қилинди. Йил давомида жами 83 та тадбир ташкиллаштирилган бўлиб, шундан: 11 та давра суҳбати, 29 та жамоатчилик мониторинги, 9 та акция, 15 та семинар тренинг, 4 та амалий семинар, жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича 10 та тадқиқот, 3 та жамоатчилик муҳокамаси ва 2 та жамоатчилик эшитуви ташкил этилган.
Ўзбекистон-2030 стратегияси ”Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси юзасидан ННтлар уйида ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси мажлислар залида 3 та жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди ва 51 та таклиф йиғиб олинди. Jamoatchilik.uz платформасига лойиҳа юзасидан ҳудудий бўлинма ташаббуси билан 143 та таклиф киритилди.
Ўзбекистон-2030 стратегияси “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижроси юзасидан Маҳалла балансини шакллантириш ҳамда Мактабларни ичимлик суви билан таъминлаш масалаларида 2 марта жамоатчилик эшитувлари ўтказилди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳудудий бўлинмаси низомида кўрсатилган кенг жамоатчиликни бирлаштириш ва давлат томонидан илгари сурилаётган ислоҳотларни амалга оширишга яқиндан кўмаклашиш вазифаси ижросини таъминлаш максадида 2024 йил давомида 15 та семинар тренинг ва 4 та амалий семинар ташкил этилди.
Нурафшон шаҳрида “Тадбиркорлик соҳасида жамоатчилик назорати”, Чирчиқ ва Нурафшон шаҳарларида “Жамоатчилик назорати” ва Олмалиқ шаҳри ва Паркент туманида 2 мартадан “Бизнеснинг ҳуқуқий асослари ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш”, Зангиота, Тошкент туманлари ва Оҳангарон шаҳрида “Маҳалла еттилигининг асосий вазифалари”, Нурафшон шаҳрида “Ўзбекистон-2030 стратегиясини самарали амалга ошириш механизмлари” мавзусида семинар тренинглар ўтказилиб, 9 та семинар тренинг жамоатчилик назорати моҳиятини очиб беришга қаратилган бўлса, Олмалиқ шаҳри ва Паркент туманида ўтказилган 4 та семинар тренинг камбағалликни қисқартириш учун тадбиркорлик билан шуғулланишга мотивация беришга, 2 та семинар тренинг “Маҳалла еттилиги” ўз вазифаларини чуқур англаб, ислоҳотларга кўмакчи бўлишига қаратилди. Натижада Олмалиқ шаҳри ва Паркент туманининг ўзида ҳозиргача тренинг иштирокчилари орасидан 20дан ортиқ шахс янги тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Нурафшон шаҳрида “Тошкент вилоят Оқила аёллар ҳаракати” фаолияти юзасидан вилоят прокуратураси ва ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида амалий семинар ташкил этилиб, ушбу ҳаракат томонидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Ўртачирчиқ тумани ҳокимиятида ўтказилган амалий семинарда аёллар дафтари юритилиши юзасидан туман ҳокимияти ва Халқ банки ҳамкорлигида амалий семинар ташкил этилиб, соҳада йўл қўйилаётган камчиликлар таҳлил қилинди, Зангиота ва Тошкент туманларида Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилган амалий семинарларда давлат хизматчиларининг соҳада йўл қўяётган камчиликлари таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.