@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Бухоро вилоятида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларининг ҳолати қай аҳволда?

 2024-12-25 18:50:44   |     Просмотров: 1165

“Юксалиш” ҳаракати томонидан халқимизни катта қизиқишига ва фаоллигига сабаб бўлаётган “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари доимий мониторинг қилиб борилмоқда.

Хусусан, Ҳаракатнинг Бухоро вилояти бўлинмаси фаоллар билан ҳамкорликда 2023 йилда ғолиб деб топилган ташаббусларни ижро ҳолатини ўрганди. Жамоатчилик мониторинглари 2024 йилнинг 20 июнидан 2 июлига қадар ўтказилди.

Вилоятда 2023 йил “Ташаббусли бюджет” жараёнида қарийб 2 млн аҳолидан келиб тушган 6 496 та таклифдан 297 та ташаббус ғолиб бўлган ва уларга 267,7 млрд. сўм маблағ ажратилган. Ушбу маблағга 148 та мактаб, 8 та боғча ва 57 та тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш ва таъмирлаш, 42 та лойиҳада ички йўлларни таъмирлаш, ҳамда ичимлик суви таъминотини яхшилаш, спорт майдончаларини қуриш ва шу каби 42 та бошқа лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Масъул ташкилотлардан олинган маълумотлар таҳлил қилиниб, вилоятнинг Шофиркон, Пешку, Жондор, Бухоро, Ғиждувон туманлари ҳамда Бухоро ва Когон шаҳарларида танлов асосида жами 40 та лойиҳанинг ижро ҳолати ўрганилди.  

Мониторинглар давомида объектларда бажарилган ишлар, харид қилинган жиҳозлар ва анжомларнинг сифати ўтган йилларда бажарилган ишларга нисбатан ижобий томонга ўзгарганини кўриш мумкин. Масалан, Шофиркон, Бухоро туманлари, Бухоро ва Когон шаҳар тиббиёт бирлашмаларига замонавий, ҳар томонлама қулай, юқори даражадаги тиббий хизмат кўрсатадиган тиббий ускуна ва жиҳозлар харид қилинганлиги ҳамда бугунги кунда аҳолига юқори даражадаги тиббий хизматлар кўрсатишда фойдаланиб келинаётганлиги маълум бўлди. Хусусан, Шофиркон туманидаги 4-сон, Жондордаги 43-сон, Бухоро туманидаги 2-сон, Ғиждувондаги 30-сонли умумтаълим мактабларида қурилиш, реконструкция қилиш ишлари сифатли, ўз вақтида бажарилиб, фойдаланишга топширилган. Ёки бўлмаса, Шофирконнинг “Искогаре” қишлоғида аҳоли томорқаларини суғориш учун 200 метр чуқурликда тик қудуқ қазилган, бунинг учун янги трансформатор ўрнатилиб, 700 метр масофага электр линияси тортиш ишлари жуда сифатли амалга оширилган.  

Бироқ, ўтказилган мониторинглар давомида амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга айрим бир камчиликлар ва тизимли муцаммолар ҳам аниқланди.

Жумладан, Шофиркондаги 44-сонли умумтаълим мактабида лойиҳа асосида 80 ўринли янги ўқув биноси қурилган бўлиб, лойиҳага
1,3 млрд сўм маблағ сарфланган. Ўрганишлар жараёнида қурилиш ишлари якунланган бўлсада, бинонинг ички деворлари сифатсиз ҳолга келиб қолган. Бинонинг пол қисми сифатсиз, нотекис қилинган.

Шунингдек, ушбу объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатларида кўзда тутилган бир қанча ишлар амалга оширилмаганлиги аниқланди. Жумладан, қуёш панеллари ҳамда бинонинг ички ва кириш қисмига кузатув камералари ўрнатилмаган, ёнғин содир бўлганда огоҳлантирувчи сигнализация жиҳозлари ва ёнғинга қарши курашиш бурчаги ўрнатилмаган. Юқорида назарда тутилган камчиликлар бўлишига қарамасдан тегишли комиссия томонидан мактаб биноси фойдаланишга қабул қилинган ва далолатнома расмийлаштирилган.

Пешку туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий поликлиникада электрон рақамлаштириш тизимини ташкил этиш бўйича 400 млн.сўм маблағ сарфлаб қўшимча дастурий ишлар бажарилган. Аммо, поликлиникани электрон рақамлаштириш учун керак бўлган барча жиҳозлар етказиб, ўрнатиб берилганига 1 йил бўлган бўлсада, муассаса маъмурияти ушбу тизимдан ҳали ҳам фойдаланмай келмоқда. Ўрганиш жараёнида тизим статистикаси базаси кўрилганда 3 ой (апрель, май, июнь) давомида бор йўғи 15 нафар бемор DMED электрон поликлиника дастури орқали рўйхатга олинган, холос. Йўлаклардаги навбат чақириш таблолари ва мониторлар носоз ҳолатда.

Пешку туманидан ўтувчи юқори босимли газ қувуридан “Обод турмуш” қишлоғига 4700 метр узунликда қувур ўтказиш лойиҳаси ғолиб деб топилган ва 420,0 млн сўм ажратилган. "Ҳудудгазтаъминот" АЖ томонидан мазкур лойиҳанинг техник имконияти мавжуд деб хулоса берилган. "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими орқали 2023 йил 12 декабрда "Ҳудудгазтаъминот" АЖ билан "PROJECT CONSTRUCTION CONSALTING" МЧЖ ўртасида лойиҳа смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича 12,0 млн сўмга шартнома имзоланган бўлиб, 3,6 млн сўм аванс маблағлар ҳам молиялаштириб берилган. Бироқ, орадан 5 ой ўтиб, 2024 йил 15 мартдаги "Ҳудудгазтаъминот" АЖнинг яна бир хатида ушбу лойиҳани бажариш учун қўшимча 1 млрд 580 млн сўм маблағ талаб этилиши ҳамда қўшимча маблағ ажратилмаган тақдирда мазкур лойиҳани амалга ошириш имконияти мавжуд эмаслиги маълум қилинган. Ўз-ўзидан савол туғилади, лойиҳа овоз бериш жараёнига қадар Ишчи комиссияси томонидан нега атрофлича ўрганмасдан туриб тасдиқланган?

Бухоро шаҳридаги 1-сон умумтаълим мактабининг ҳожатхонасини капитал таъмирлаш учун 158,4 млн сўм маблағ йўналтирилган. Ўрганиш жараёнида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилиб фойдаланишга топширилганлигига кўп бўлмаган бўлсада, ташқи деворларининг сувоқ қисми тўкилган ва ички қисми антисанитар ҳолатида эканлиги аниқланди. Хулоса қилиб айтганда, бюджет маблағлари асосида амалга оширилган лойиҳага эътиборсиз қаралган.

Жондор туман Корякин каналидан сув оладиган Ўзбекистон ариғини “Хўжахайрон” маҳалласидан “Довуд” маҳалласигача 4 км масофада қазиш учун лойиҳа доирасида 1,06 млрд сўм маблағ йўналтирилган. Ўзбекистон ариғини қазиш ва бир қисмини бетонлаштириш ишлари бажарилган. Бироқ, ушбу ариқ "Бухоро минтақавий темир йўл узели"га қарашли Мурғак - Яккатут станциялари оралиғидаги бетон кўпригининг ичидан сув қувурини ўтказишга рухсат этилмаётганлиги сабабли ишга туширилмаяпти. Тегишли мутасадди ташкилотлар мутахассислари томонидан "Ташаббусли бюджет" лойиҳасига таклиф берилишидан олдин ушбу масалалар ўрганилиб ҳал қилинмаганлиги сабабли бугунги кунгача аҳоли ушбу ариқдан фойдаланмай келмоқда.

Юқоридаги каби муаммола бошқа объектларда ҳам кўзга ташланди. Уларни ҳал этиш бўйича республика ва маҳаллий бошқарув органлари таклиф ва тавсиялар тақдим этилди.