@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Фуқаролик ташаббуслари ҳафталигининг биринчи куни натижалари

 2024-12-02 20:23:38   |     Просмотров: 2245

Бугун, 2 декабрь куни Фуқаролик жамияти ҳафталиги бошланди. Беш кун давомида бир қатор муҳим тадбирлар ўтказилиши кутилмоқда.

Халқаро тадбирнинг очилишида Сенат ва Адлия вазирлиги вакиллари, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича вакиллари сўзга чиқди. 

Ҳафталикнинг биринчи кунида Марказий Осиё фуқаролик жамияти форуми бўлиб ўтди. Унинг ўтказилиши кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик ва яқин қўшничилик муносабатларини чуқурлаштиришга қаратилган. Форумда 100дан ортиқ таҳлилий марказ экспертлари иштирок этди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан "Юксалиш" ҳаракати раиси, Қонунчилик палатаси қўмитаси раиси Бобур Бекмуродов таъкидлади:

— Янги Ўзбекистонда фуқаролик жамияти нафақат ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берувчи куч, балки демократик жараёнларни ривожлантириш ва аҳолининг ҳар томонлама фаровонлигини таъминлашдаги муҳим бўғиндир. Шу нуқтаи назардан, мазкур Ҳафталик давлат ва фуқаролар ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек, жамиятдаги муаммоларни ҳал қилишда фуқаролик жамиятининг ўрни ва аҳамиятини яна бир бор таъкидлашда муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.

Иштирокчилар Марказий Осиёда демократлаштириш жараёнида фуқаролик жамиятининг ўрни, нодавлат нотижорат ташкилотларининг маҳаллий ривожланишга қўшаётган ҳиссаси ва ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали стратегияларини муҳокама қилдилар.    

– Фуқаролик жамияти институтлари мамлакат ичкарисидаги фаолиятдан ташқари, халқ дипломатияси орқали давлатлар, жамиятлар ўртасидаги муносабатларни такомиллаштиришга, ижобий имиджни яхшилаш, маданий алоқаларни боғлашда ўзига хос кўприк вазифасини бажариб келмоқда, - «Тараққиёт стратегияси» маркази директори Элдор Туляков. – Маданий кўргазмалар, таълимда талабалар алмашинуви Марказий Осиё мамлакатлари дўстлик алоқаларини тиклашга ёрдам бермоқда. Ижтимоий тармоқлар, онлайн платформада фойдаланиш орқали кенг жамоатчилик қатламларига етиб бормоқда. Фуқаролик жамияти институтлари давлат ташаббусларни тўлдириб, халқ дипломатияси таъсирини кенгайтирмоқда. Форум ташкил этилиши ҳам халқ дипломатиясининг амалдаги намойони.

Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон иштирокчилари умумий муаммолар, ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилдилар, шунингдек, фуқаролик ташаббусларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар. Асосий эътибор жамоат ташкилотлари фаолияти барқарорлиги, фуқаролик секторининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги ўрни ва давлат органлари билан ҳамкорлиги масалаларига қаратилмоқда.

— Бизнинг мамлакатларимизда умумийлик кўп, ва халқаро майдонда ўзимизни фаолроқ намоён этиш вақти келди, – деди Сиёсат ривожланиш институти (Қирғизистон) кенгаши раиси Надежда Добретсова. – Марказий Осиё глобал жараёнларнинг асосий иштирокчисига айланиш салоҳиятига эга. Инсонлар ва маҳаллий ҳамжамиятлар ўртасидаги алоқалар алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг анъанавий маҳаллий ҳамжамиятлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимдир. Ўзбекистон Президенти маҳаллалар ривожланишига алоҳида эътибор қаратмоқда, бу эса ўзаро манфаатли ҳамкорлик имкониятларини очади. Муҳим масалалардан бири – аёллар ҳолатини яхшилаш ва энергетик барқарорликни таъминлашдир. Фуқаролик жамияти даражасида ишлаш орқали биз юқори натижаларга эришишимиз мумкин.

Тожикистонлик “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ёшлар гуруҳи” жамоат ташкилоти раҳбари Икромжон Мамадов ёшларнинг экологик ташаббуслари, масалан, кўкаламзорлаштириш ва атроф-муҳитнинг ифлосланишига қарши лойиҳалар аҳолининг барқарор ривожланиш аҳамиятидан хабардорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорлик ва тажриба алмашиш экологик муаммоларни самарали ҳал этишга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, келгусида ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий ривожланиш соҳасида самарали ечимларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга хизмат қиладиган ягона экспертлар ҳамжамиятини шакллантириш зарурлиги қайд этилди. Иштирокчилар томонидан янада ривожлантириш бўйича қатор тавсия ва таклифлар билдирилди ҳамда фуқаролик ташаббусларини илгари суриш ва минтақавий муаммоларни ҳал этишда жамиятнинг фаол иштироки учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича ўзаро яқин ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
                                                                                                                                         “Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати