@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Тошкентда Фуқаролик жамияти ҳафталиги бўлиб ўтмоқда

 2024-12-02 17:06:27   |     Просмотров: 2376

Фуқаролик жамияти ҳафталиги 2-6 декабр кунлари долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун бешта давлат, 40та халқаро ташкилот вакили ва 2000дан ортиқ иштирокчини жамлайди.

Тадбир “Юксалиш” ҳаракати томонидан Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва бошқалар ҳамкорлигида ташкил этилади. 

Ўзбекистонда очиқлик ва соғлом рақобат тамойиллари асосида фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилмоқда. Асосий қонуннинг янги таҳририда фуқаролик жамияти институтлари конституциявий мақомга эга бўлди.  Айрим қоидалар “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва 2021-2025-йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатларда мустаҳкамланган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, хусусан, ННТларнинг халқаро маблағ олиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш борасида муайян ютуқларга эришилди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари сони 9 мингдан ошди. Уларнинг вакиллари бугунги кунда соғлиқни сақлаш, таълим, технология, илм-фан, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, экология, спорт, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ёшлар, хотин-қизлар, имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш ва бошқа соҳаларда меҳнат қилмоқда.  

“Учинчи сектор” учун кадрлар тайёрлашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг “2021-2025-йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 500 нафар нодавлат нотижорат ташкилоти етакчиси Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўқитилди ва малакаси оширилди. 2025 йилгача яна 250 нафар етакчи ўз билим ва малакасини оширади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг ташаббуслари ҳаётимизда муҳим ўрин тутади. Хусусан, давлат дастурлари ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳалари ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, ўрганишни талаб қиладиган саволлар ҳам анчагина. 

Фуқаролик жамияти ҳафталигида уларни муҳокама қилиш имконияти бўлади. Давлатимиз раҳбарининг “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ҳафталикни ҳар йили декабр ойининг биринчи ҳафтасида ўтказиш режалаштирилган.

 Ушбу тадбир истиқболли ташаббусларни ишлаб чиқиш, шунингдек, шаффофлик ва инклюзивликни ошириш бўйича мулоқот ва кейинги қадамларни аниқлаш учун очиқ платформа бўлиб хизмат қилади. Ҳафталик шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ва давлат органлари ҳамда жамият ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар яратишга қаратилган.

Ҳафталик доирасида халқаро форумлар ўтказилади, жумладан:

• Марказий Осиё фуқаролик жамияти форуми;

• “Ижтимоий масъулиятли бизнес” жамоат форуми;

• Аёллар нодавлат нотижорат ташкилотлари форуми;

• Ўзбекистон хайрия ҳаракатини ривожлантириш форуми;

• Ўзбекистон ва Озарбойжон нодавлат нотижорат ташкилотлари форуми;

• “Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органларининг ҳамкорлиги” мавзусида нодавлат нотижорат ташкилотларининг миллий форуми. 

  Шунингдек, очиқ муҳокама ва мулоқотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг парламент аъзолари ва адлия вазири билан учрашувлари, экологлар ва атроф-муҳит фаоллари учун тренинглар, “Биз донормиз!” хайрия акцияси ўтказилади.

Қуйидаги тақдирлаш тадбирлари бўлиб ўтади:

•“Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони;

• “Орамиздаги қаҳрамонлар” номинацияси ғолиблари;

• “Табиат ҳимоячилари” номинасиясининг фаол иштирокчилари;

Ҳафталик фуқаролик сектори вакиллари учун долзарб мавзуларни муҳокама қилиш, демократик қадриятларни тарғиб қилувчи ечимларни ишлаб чиқиш, шунингдек, тажриба алмашиш ва Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини барқарор ривожлантириш бўйича қадамларни белгилаш учун яхши имконият бўлади.
                                                                                                                                                              “Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати