@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан 2019-2020 йилларга мўлжалланган Қўшма чора-тадбирлар режаси имзоланди

 2019-06-20 17:43:00   |     Просмотров: 3052

20 июнь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати биносида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасивакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда икки ташкилот ўртасида яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, фаолиятнинг умумий йўналишлари доирасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.б. Абдулазиз Аккулов иштирок этиб, Ўзбекистонни хорижий сайёҳлар учун янада қулай ва очиқ бўлиши, мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларнинг олиб борилиши, бунда икки ташкилот саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлигини таъкидладилар.

Абдулазиз Аққуловнинг сўзларига кўра, хорижий мамлакатларга сафарлар доирасида ватандошлар билан доимий равишда учрашувлар ташкил этилмоқда. Унда фуқароларимиз томонидан Ўзбекистон ривожига ҳисса қўшиш таклифи билдирилмоқда. Юртимизни дунёга янада танитишда ватандошларнинг салоҳияти, тажрибасидан унумли фойдаланиш зарур.

Ўз навбатида, Акмал Бурханов “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати мазкур соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Жумладан, Ҳаракат бугунги кунда 2019 йил Давлат дастурининг ижроси бўйича доимий мониторинг қилиб бормоқда. Унинг натижаларини, хусусан, Ўзбекистондаги сўнгги ўзгаришлар, ислоҳотлар, қабул қилинаётган қарорлар ҳақидаги маълумотларни халқаро ҳамжамиятга етказиш бўйича Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан қўшма лойиҳани амалга оширишни таклиф қилди.

Учрашув якунида ташкилотлар ўртасида 2019-2020 йилларга мўлжалланган Қўшма чора-тадбирлар режаси имзоланди. Ҳужжатга кўра, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда ватандошларнинг ташаббуслари ҳамда улар томонидан ташкил этилган, хорижда Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ва миллий брендини тарғиб қилишга қаратилган лойиҳаларни рағбатлантириш, ННТларнинг мазкур соҳадаги фаолиятларини қўллаб-қувватлаш ҳамда турли мавзуларда халқаро анжуман, давра суҳбатлари ва муҳокамаларни ўтказиш режалаштирилган.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати