Хитойнинг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти ҳамда ШҲТ халқ дипломатияси маркази билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди
19 июнь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакилларининг Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти ҳамда Ўзбекистонда ШҲТ халқ дипломатияси маркази экспертлари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Шу кунларда Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти директор ўринбосари бошчилигидаги делегация “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати таклифига биноан Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турибди. Бу ҳақда жорий йилнинг май ойида Пекин шаҳрида Осиё цивилизацияларига бағишланган биринчи халқаро анжуман доирасида ташкил этилган учрашув давомида келишиб олинган эди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистон ва Хитой илмий-тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек Хитойнинг келгусида Марказий Осиё давлатлари билан халқаро алоқаларини ривожлантириш. Делегация аъзолари мамлакатимизга ташриф давомида қатор ташкилотларда ҳам учрашувлар ўтказади. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм университетида бўлиб, маҳалла институти тажрибаси билан танишадилар.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида бўлиб ўтган учрашув чоғида томонлар ШҲТ ва “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида ҳудудий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, жорий йилнинг 13-14 июнь кунлари Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунлари бўйича фикр алмашдилар. Хусусан, Ўзбекистон ва ХХР етакчилари томонидан Саммит доирасида илгари сурилган ташаббуслар ҳақида сўз юритилди.




Жумладан, директор ўринбосари Сунь Ли Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган ресурс тежайдиган ва экологик тоза технологияларни кенг жорий этиш мақсадида ШҲТнинг «яшил белбоғи» дастурини қабул қилиш таклифи ҳудуддаги савдо-иқтисодий соҳаларни ривожланишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Мулоқот давомида Хитой делегацияси аъзолари икки давлат раҳбарларининг ташаббусларини янада ривожлантиришга қаратилган қўшма тадбирлар ўтказиш таклифини билдирдилар.
Бундан ташқари, ташкилотлар ўртасида қўшма тадқиқотлар олиб бориш ва унинг натижаларига бағишланган адабиётлар чоп этиш масаласи муҳокама қилинди. Жумладан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов Ўзбекистондаги ўзгаришлар жараёни ҳақида махсус нашр тайёрланаётгани ва унинг бир қисмини ўзбек-хитой муносабатлари мавзусига бағишлаш мумкинлигини айтиб ўтди. Ўз навбатида, Хитой вакиллари ўзбекистонлик экспертларнинг мақолаларини “Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё” ҳамда “Евроосиё иқтисодиёти” журналида чоп этишга тайёрлигини билдириб ўтдилар.
Музокаралар давомида, шунингдек Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази директори, сенатор Рахматулла Назаров хитойлик экспертларга ҳамкорликда Халқ дипломатияси форумини ўтказишни таклиф қилди.
Фикр ва мулоҳазаларга бой бўлиб ўтган учрашув якунларига кўра, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти ҳамда Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Маълумот учун: Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти ХХРда жамият ва ижтимоий фанлар соҳасида тадқиқотлар олиб борувчи юқори илмий ташкилот ҳисобланади. Академия мамлакатнинг энг йирик шаҳарларида ўз филиалларига эга бўлиб, кенг қамровли илмий-тадқиқотлар олиб боради.
Академия таркибида 31 та тадқиқот институтлари ва 300 дан ортиқ соҳалар бўйича илмий ишлар олиб борувчи 45 та марказ мавжуд.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати