@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Экология масалалари Марказий Осиё экспертлари нигоҳида

 2024-07-03 11:53:53   |     Просмотров: 2142

2-июл куни “Юксалиш” ҳаракати Марказий Осиё фуқаролик жамияти форумининг “Марказий Осиё экологик мулоқоти: иштирок этиш, ривожланиш ва барқарорлик” мавзусидаги биринчи онлайн анжуманини ўтказди.

Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этди. Иштирокчилар “яшил” энергияни ривожлантириш жиҳатлари, ҳаво сифати, энергия самарадорлиги, иқлим ўзгариши ва бошқа масалаларни муҳокама қилди.

2022-йил ноябр ойида Тошкент шаҳрида ташкил этилган Марказий Осиё фуқаролик жамияти форуми минтақа давлатларидан 100 дан ортиқ фуқаролик жамияти фаоллари, жамоат ташкилотлари фаоллари ва жамоатчилик фикри етакчиларини бирлаштиради.

– Минтақамиз жиддий экологик муаммоларга дуч келмоқда. Орол денгизининг қуриши, чўлланиш ва ерларнинг деградацияси, дарё ва кўлларнинг кимёвий моддалар ва пестицидлар билан ифлосланиши, саноат чиқиндилари ва автомобиллар чиқиндиси туфайли йирик шаҳарлар ҳавосининг ифлосланиши, шунингдек, чиқиндиларни бошқаришнинг самарали тизимлари йўқлиги ва буларнинг барчаси – афсуски, ҳаётимизнинг бир бўлагига айланди, – деди “Юксалиш” ҳаракати раиси, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов. – Ушбу муаммоларни ҳал қилиш ҳар томонлама ёндашувни, жумладан, халқаро ҳамкорликни талаб қилади. Масалан, Ўзбекистон 2030-йилгача атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини қабул қилди. Мамлакатимизда ҳаво, сув ва тупроқ сифатини яхшилаш, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Кўп ишлар қилинмоқда, аммо замонавий муаммолар зудлик билан келишилган ҳаракатларни талаб қилади. Мутаҳассисларнинг келгуси беш йил ичида бизни нима кутаётгани ҳақидаги прогнозини эшитиш ҳам муҳимдир. Биз ерни ота-боболаримиздан мерос эмас, фарзандларимиздан қарз олдик, деб бежиз айтилмаган.

“Юксалиш” ҳаракатининг Фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик бўлими бошлиғи Саида Мустафоева ушбу мавзу экотармоқ фаоллари томонидан Марказий Осиё учун энг долзарб мавзулардан бири сифатида танланганини таъкидлади. Айни шу масалаларни муҳокама қилиш учун ҳамфикрларни бирлаштиришга қаратилган ташаббуслар аввал ҳам қўллаб-қувватланган. Масалан, 2021-йилда Экофорум ўтказилди ва иқлим тармоғи ҳам яратилди.

“Ушбу учрашувнинг аҳамиятига ортиқча баҳо бермоқчи эмасман. Шуни айтишим мумкинки, Марказий Осиё фуқаролик жамияти форуми аллақачон фуқаролик жамияти учун умумий стратегияларни ишлаб чиқиш, билим алмашиш учун гибрид форматда ишлайдиган минтақавий платформани айланди”, - деди Қозоғистоннинг минтақавий дастурлар директори Қайша Атаханова.

Онлайн анжуман иштирокчилари минтақадаги долзарб экологик муаммоларни таҳлил қилиб, уларни ҳамкорликда ҳал этиш имкониятларини белгилаб олди.

Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси етакчи маслаҳатчиси Саидрасул Санғинов Ўзбекистонда бугунги кунда муқобил энергия, жумладан, қуёш электр станциялари ривожланаётганини, шамол турбиналари устида иш олиб борилаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергия чиқиндиларини қайта ишлаш амалиётини ҳам кўриб чиқиш таклифини берди, зеро, келажакда бу масала долзарблашади.

– Биз атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларида фаол иштирок этмоқдамиз, – деди Экопартия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев. – Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида партиямизга икки мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Бу экологик муаммолар тобора кенгайиб бораётганидан далолат, дейиш мумкин. Эндигина янги ташаббуслар билан чиқиш зарур.

Қўшни давлатлар билан саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун Марказий Осиё экологик иттифоқини ташкил этиш таклифини берамиз. Бундан ташқари, трансчегаравий “яшил” майдонларни яратиш, шунингдек, биологик хилма-хилликни сақлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

Тожикистондаги “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ёшлар гуруҳи” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Икромжон Мамадов “Яшил патрул” дастури ва дастур доирасидаги тадбирлар ва ёшлар форуми ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистонда бўлгани каби Қозоғистонда ҳам муқобил энергия манбаларини ривожлантириш масалалари долзарблигича қолмоқда. Ушбу соҳадаги мутахассис уларни амалга ошириш тафсилотлари билан тадбир давомида ўртоқлашди.

– Қозоғистон қайта тикланувчи энергия манбаларини босқичма-босқич ривожлантирмоқда. Агар 2019-йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш кўрсаткичи 2,3 фоизни ташкил этган бўлса, 2060-йилга бориб кўрсаткични 80 фоизга етказиш режалаштирилган, - деди Қозоғистондаги “Qazaq Green” уюшмаси директорлар кенгаши раиси Нурлан Капенов. – Бу борада трансмиллий оқимларни яратиш масаласини кўриб чиқиш керак. Марказий Осиё давлатлари трансмиллий “яшил” энергия тизимига бирлашиши мумкин, биз бир-биримизга ёрдам бера оламиз. Ҳа, табиий манбалар бор, лекин қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ҳақида ҳам ўйлаш керак.

Қирғизистондаги “БИОМ” экологик ҳаракати бошқаруви раиси Владимир Коротенко ҳам ўз тажрибаси билан ўртоқлашди. У иқлим хавфининг олдини олиш, барқарор иқлимни сақлаш ва табиий экотизимлар бузилишига йўл қўймаслик учун Марказий Осиё минтақасида биоҳаилма-хилликни сақлаш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни таклиф қилди.

Анжуман иштирокчилари атроф-муҳит масалалари, жумладан, таълим соҳасида, хусусан, биологик бўлмаган таълим йўналишлари учун дарсликлар ёки онлайн платформалар яратиш бўйича мулоқотни ривожлантириш ва ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг барқарор ривожланиши учун саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади. Бундан ташқари, иштирокчилар ташаббуси билан екология ва барқарор ривожланиш йўналишидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун Марказий Осиё екологик тармоғи тузилди.