@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

2023 йилда Фарғона вилоятида муқобил энергия билан таъминланган ижтимоий объектлар ҳолати юзасидан жамоатчилик мониторинги ўтказилади

 2024-05-24 15:50:19   |     Просмотров: 1479

Жорий йилнинг 27-29 май кунлари “Юксалиш” ҳаракати томонидан Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси кўмагида 2023 йилда муқобил энергия билан таъминланган ижтимоий объектлар ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали субсидиялар ажратилиши натижасида ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича Фарғона вилоятида амалга оширилган ишлар юзасидан жамоатчилик мониторинги ўтказилади.

Маълумки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 51-мақсадида “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш бўйича бир қатор вазифалар белгиланган.

Сўнгги йилларда дунёда кузатилаётган энергия инқирози аҳолининг энергияга бўлган эҳтиёжини муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда таъминлаш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Бу борада ўтган йилларда, айниқса тиббиёт, таълим ва аҳолига бошқа  давлат хизматларини кўрсатувчи ташкилотларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида уларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуёш панеллари ўрнатилганди.

Шунингдек, Стратегиянинг 32-мақсадида “Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали иш билан банд бўлмаган ёшларни касбга ўқитиш, ҳунар ўргатиш ва уларга субсидиялар бериш орқали бандлигини таъминлаш ва мамлакатда камбағаллик даражасини қисқартириш бўйича вазифалар белгиланган. Унга кўра, 2023-2024 йилларда 500 минг нафар ёшлар бандлигини таъминлаш мақсад қилинган.

Жамоатчилик мониторингида Фарғона ва Марғилон шаҳарлари, Фарғона, Олтиариқ ва Тошлоқ туманларида ижтимоий объектларга ўрнатилган қуёш панелларидан фойдаланиш ҳолати ва ёшларнинг ишсизлик даражасини камайтириш бўйича қилинган ишлар жойига чиқиб ўрганилади.

Мазкур жамоатчилик назорати тадбирларига жамоат фаолларидан ташқари соҳа мутахассислари ҳам таклиф этилади. Мониторинг якунлари бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, манфаатдор идораларга тақдим этилади.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати