“Юксалиш” ҳаракати раиси АҚШ Давлат департаменти вакиллари билан учрашди
21 май куни “Юксалиш” ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов АҚШ Давлат департаментининг Наркотикларга қарши халқаро курашиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш масалалари Бюроси (INL)нинг Марказий Осиёдаги минтақавий дастурлари раҳбари Кайл Ожима билан учрашди.
Учрашувда, шунингдек, Ҳаракат ходимлари Шамшод Юнусов, Людмила Стайшюнайте ҳамда АҚШ элчихонасининг ИНЛ дастурлари бўйича вакиллари Нейт Реттенмаер ва Азиз Юсупов ҳам қатнашди.
Мақсад – икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини кўриб чиқиш.
Меҳмонларга “Юксалиш” ҳаракатининг коррупцияга қарши олиб бораётган ишлари, жумладан, “Аксилкоррупция лабораторияси” лойиҳаси доирасидаги тадқиқотлар, ёшларни коррупция хавф-хатарларини аниқлаш усулларидан хабардорлигини оширишга қаратилган янги лойиҳа ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, аҳоли ўртасида коррупцияни қабул қилиш тенденциялари, давлат идоралари томонидан олиб борилаётган ва ОАВ орқали жамоатчилик хабардорлигини ошириш борасидаги ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.
INL вакиллари коррупцияга қарши курашиш муҳимлигини таъкидлаб, шу билан бирга, Ўзбекистонда гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича ҳам қилинаётган ишларни юқори баҳолади. Хусусан, “Юксалиш” ҳаракати Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази билан ҳамкорлик қилиб келишидан, биргаликда мавзуга доир жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиб келаётганидан хабардорлигини айтди.
Томонлар мазкур йўналишларда фуқаролар хабардорлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган янги тўлқин яратиш таклифини ўртага ташлади. Бу ҳақда давлат ва нодавлат ташкилотлари, фаоллар кўпроқ гапириши қолаверса, ихтисослашган ННТлар фаолиятини кенгайтириш кераклиги таъкидланди.
АҚШ Давлат департаменти вакиллари коррупция, гиёҳвандлик, ҳуқуқни ҳимоя қилиш масалаларида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини билдирди.
“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати