Интернетдаги фирибгарлик: муаммо ва ечимлар
Сўнгги вақтларда фуқароларнинг ишончига кириб, банк пластик карточкалари ва банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ўғирлик йўли билан талон-торож қилиш каби фирибгарликлар сони ортмоқда. Бундай фирибгарлик турларининг янада авж олмаслиги, ундан ҳимояланиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида “Юксалиш” ҳаракати “Ўзбекистонда киберфирибгарлик: муаммо ва ечимлар” мавзусида жамоатчилик муҳокамасини ўтказди.
Онлайн форматдаги тадбирда масъул вазирлик ва идоралар, рақамли соҳада фаолият олиб борувчи фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.
Бугунги кунда Интернетда қайси турдаги фирибгарлик кенг тарқалган? Фуқароларимиз нималардан эҳтиёт бўлиши керак? Шахсга доир маълумотлар тарқалишининг олдини олиш учун нималарга аҳамият бериш зарур? Жамоатчилик муҳокамасида соҳа мутахассислари ушбу саволларга жавоб берди.
Маълумот учун: Интернетдаги фирибгарликнинг кўп тарқалган турларидан бири – фишинг. Бунда фирибгарлар сохта сайтлар, ижтимоий тармоқларда сохта аккаунтлар, электрон хат жўнатмаларини яратиш орқали фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини (исми-шарифи, пластик карта пароли, рақами ва ҳк.) ўғирлаб олади.
Кардинг деб аталувчи яна бир фирибгарлик турида фуқароларнинг банк пластик карталари билан боғлиқ махфий маълумотлари ўғирланиб, ҳисобларидаги пуллар ечиб олинади. Бунда интернет дўконларининг серверларига, ҳисоб ва тўлов тизимларига бузиб кирилади.
— Бир неча йиллар аввал уяли телефонларга “... йўлда машинам бузилиб, Қамчиқ довонида қолиб кетдим. Менга сизнинг ёрдамингиз керак. Телефонимга озроқ пул ташлаб юборинг” деган мазмунда СМС- хабарлар келарди. Бу фишингни дастлабки тури эди, - дейди “Киберхавфсизлик маркази” ДУК бўлим бошлиғи Жаҳонгир Маҳмудов. — Кейинроқ ижтимоий тармоқлар оммалашгач, фирибгарлар уларга кўчди. Сохта ва вирусли ҳаволалар яратиб, электрон почталар, Телеграм мессенжерлар орқали содда одамларни “қармоғи”га ила бошлади. Телефон фирибгарлик ҳам бор, бунда улар исталган фуқарога қўнғироқ қилади ва ўзини банк ходими деб таништириб, “картангиздан пул ўғирланган, паролини берсангиз сақлаб қоламиз” деб алдайди.
Мутахассислар фуқароларга номаълум ҳаволаларга кирмасликни, нотаниш кимсаларнинг қўнғироқларига жавоб бермасликни ёки гапларига ишонмасликни тавсия қилади. Кўп ҳолларда шахсий маълумотлар ўғирланишида одамларнинг ўзлари сабабчи бўлиб қолмоқда.
“Киберхавфсизлик маркази” вакилининг таъкидлашича, давлат идоралари ҳам бундай кибер “хужум”лардан холи эмас. Фирибгарлар идораларнинг электрон почталарига хавфли ҳаволаларни юбориши, девонхона ходимлари билмаган ҳолда ушбу ҳаволани очиши, оқибатда ташкилотнинг маълумотлари тарқалиб кетиши мумкин.
Тадбирда фуқароларнинг Интернетдаги фирибгарлар “қармоғи”га илинмаслиги учун уларнинг молиявий-ҳуқуқий саводхонлигини ошириш кераклиги алоҳида қайд этилди. Кўпчиликда киберхавфсизлик бўйича тушунча йўқ.
Шунингдек, фирибгарлар одамларнинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, ўзини Марказий банк ёки бирор тижорат банки ходими деб таништириб, унинг мобил иловаси бузилганини, банк картаси блокка тушганини, номига кредит очилганини, чорасини кўришга ёрдам беришини айтиб, ишончига киради.
— Банк ходимиман деб қўнғироқ қилиб, рақам сўралса, бунга мутлақо ишониб бўлмайди, - дейди Марказий банк ходими Олимжон Талипов. – Чунки банк ҳеч қачон мижозларининг рақамларини сўрамайди. Фирибгарлар, одатда, бир хил сценарий бўйича иш тутади. Билмасдан гўшакни кўтариб, гаплаша бошласангиз ва кейинроқ қайтариб қўнғироқ қиламан десангиз, улар рози бўлмайди, “тезроқ керак”, “ҳозироқ”, “кейин тушунтираман” каби сўзлар билан шошилтиришга, ваҳимага солишга уринади. Фирибгарликни аниқлаш учун уларни сценарийдан ташқарига чиқишга ундаш керак. Дарҳол банк рақамига қўнғироқ қилиб аниқлик киритиш ҳам мумкин.
Мутахассислар бундай вазиятда телефонга келган СМС-кодни, логин ва паролларни ҳеч қачон, ҳеч кимга айтмасликни, банк картаси йўқолган тақдирда мобил илова орқали картани блоклашни ва хизмат кўрсатувчи банкка ҳамда ИИБга мурожаат қилиш кераклигини тавсия қилади.
Тадбирда иштирок этган “CYBERPARK” компанияси директорининг ўринбосари Абдулла Чориев кибергигиена тушунчасига тўхталиб ўтди.
— Ҳозир технологиялар асри, барча соҳалар рақамлаштирилмоқда. Бу билан одамларнинг хабардорлик даражасини ошириш мақсадида мактабларда очиқ дарслар ташкил қиляпмиз. Ёш болалар ва ёши катталар аҳолининг энг заиф нуқталари ҳисобланади. Айнан шу ёшдагилар билан киберхавфлар бўйича кўпроқ ишлаш керак. Кибергигиенани таълимга киритиш вақти келган.
Жорий йилги Давлат дастурида ёшлар ўртасида IT соҳасини янада оммалаштириш, ёшларни халқаро компаниялар талабларига мос дастурлар асосида тайёрлаш вазифалари белгиланган. Бунинг ижросига масъул – Рақамли технологиялар вазирлигидир. Тадбирда қатнашган вазирлик вакили Фарҳод Белоногов бу борада амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди:
— Ахборот технологиялари соҳасидаги малакали мутахассисларни шакллантиришга хизмат қилувчи таълим дастурларини қўллаб-қувватлашда давлатнинг роли кам эмас. Жумладан, “Бир миллион дастурчи” дастури доирасида бошланғич босқичдан профессионал даражагача бўлган мутахассисларни тайёрлаш ва сертификатлаш имконини берувчи қатор халқаро дастурлар билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилдаги қарорига мувофиқ, ёшларнинг халқаро сертификатлари харажатларини қоплаш тартиби жорий этилди, бу ҳақдаги маълумотлар IT-Istedod платформасида мавжуд. Бугун хусусий компаниялар ахборот технологиялари ривожига катта ҳисса қўшаётганини, стартап, инновацион лойиҳалар ва илмий тадқиқотларни молиявий қўллаб-қувватлаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. IT Park’лар давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.
Муҳокамада Интернет тармоғи орқали содир этилаётган кибержиноятларнинг олдини олиш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, киберхавфсизликни таъминлашда давлат идоралари ва хусусий сектор ҳамкорлигини мувофиқлаштириш борасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш кераклиги, шунингдек, кибержиноятларга қарши курашувчи малакали мутахассисларни тайёрлаш зарурлиги ва соҳа экспертларининг махсус гуруҳини ташкил қилиш таклифлари берилди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу тадбир АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиёдаги ижтимоий инновациялар” дастури доирасида Евроосиё жамғармаси кўмагида ташкил этилди.
“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати