@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Экспертлик муҳокамаси: “Ўзбекистонда бадиий ижод эркинлиги ва бошқа маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш”

 2024-03-12 16:14:24   |     Просмотров: 2924

11 март куни Халқаро юристлар комиссияси, "Юксалиш" ҳаракати, “Илҳом” театри ва ЮНEСКО томонидан “Ўзбекистонда бадиий ижод эркинлиги ва бошқа маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш” мавзусида халқаро жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.

Тадбир тегишли давлат давлат идоралари, халқаро ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари вакилларини бир нуқтага жамлади. Муҳокама майдони сифатида бежизга “Илҳом” театри танланмади. Унда Ўзбекистон шароитида маданий ҳуқуқларни таъминлаш масалалари, умуминсонийлик ва хилма-хилликни рағбатлантиришда давлат ва фуқаролик жамиятининг роли муҳокама қилинди. Бундан ташқари, мулоқот давомида Ўзбекистондаги театрлар, галереялар, давлат ва хусусий майдонларда бадиий ифода учун хавфсиз муҳитни таъминлшнинг ҳуқуқий асосларига тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистон БМТнинг тўла ҳуқуқли аъзоси ва шу билан бирга давлатимиз инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сўз эркинлигини унинг барча кўринишларида, жумладан, бадиий шаклда ҳам намоён қилувчи фундаментал халқаро ҳужжатларга қўшилган. Булар: Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт. Айтиш керак, мазкур ва бошқа ҳужжатлар бугунги кунда Ўзбекистонда давлат миқёсида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир.

Йиғилишда маданий ҳуқуқлар бўйича махсус маърузачининг сўнгги маърузасида маданий ҳуқуқлар умумбашарийлик ва хилма-хиллик тамойилларининг ажралмас қисми эканлиги, инсон қадр-қиммати, ўзлигиини бадиий ва бадиий бўлмаган шаклларда намоён этишини таъминлаши таъкидланди.

Халқаро ҳуқуқшунослар комиссиясининг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастурлари директори в.в.б. Темур Шокиров инсоннинг маданий ҳуқуқлари Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда мустаҳкамланганини таъкидлади.

— Ушбу ҳужжат Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси билан бир қаторда давлатларни кенг кўламли маданий ҳуқуқларни, жумладан, бадиий сўз эркинлигини ҳурмат қилиш, ҳимоя қилиш ва бажариш мажбуриятини юклайдиган ҳуқуқий асосни тақдим этади. Халқаро пактда иштирок этувчи давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ҳам уларнинг тўлиқ ҳимоясини таъминлаши ва ижодкорларнинг маданий хилма-хилликка малолсиз ҳисса қўшиши мумкин бўлган муҳитни яратиш тарафдори бўлиши шарт, - дейди у.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ушбу эксперт муҳокамаси муҳим аҳамиятга эга эканлигини, бунда турли томонларнинг фикрини эшитиш, муаммоларни аниқлаш имконияти борлигини таъкидлади.

“Ўзбекистон ўзининг бой анъаналари, тарихи ва ранг-баранг маданий мероси билан маданий ҳуқуқларнинг асосий аҳамиятини тан олади ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактни имзолаган давлат сифатида ушбу ҳуқуқларни жаҳон миқёсида фаол тарғиб қилмоқда. Ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган турли ташаббусларни илгари сурмоқда. Бугунгу муҳокамада маданий ҳуқуқ фаоллари, ижодкорлар дуч келаётган муаммоларга ечим топилишига умид қиламиз” – дейди у.

“Биз Ўзбекистонда давлат ва жамият ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш орқали маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш нақадар муҳим эканини тушунамиз. Бунда инклюзия, жумладан, бадиий ифода учун хавфсиз муҳит яратиш ҳам муҳим ўрин тутади. Бу борада фуқаролик жамияти институтлари ҳам ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Мамлакатимизда маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш борасидаги ишлар ҳали такомиллаштирилмоқда. Соҳадаги мавжуд муаммоларни бир кунда ҳал қилиб бўлмайди. Лекин, шундай кичик қадамлар билан глобал мақсадларга эришиш мумкин”, - дейди “Юксалиш” ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов.

Шунингдек, тадбирда иштирок этган давлат ва нодавлат театрлари, хусусий галереялар, ижодий марказлар вакиллари ҳамда ижодий лойиҳалар ташаббускорлари ўз фаолиятида дуч келаётган муаммоларга тўхталди.

Тадбир якунида иштирокчи-экспертларнинг фикр-мулоҳазалари асосида муаммо ва тавсияларни акс эттирувчи таҳлилий ҳужжат тузиш режалаштирилди.

Маълумот учун: ушбу тадбир Европа Иттифоқи молиялаштираётган ва Халқаро юристлар комиссияси, “Юксалиш” ҳаракати томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқни қўллаш сифатини ошириш” (ЭҚУАЛ) лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Лойиҳанинг асосий мақсади – фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш орқали Ўзбекистонда камситилишларга мойил бўлган гуруҳларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини тенг ҳимоя қилишга кўмаклашиш.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати