Латвия элчиси билан учрашув
Жорий йилнинг 5 декабрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Латвиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Рейнис Трокша билан учрашув ўтказди.
Учрашувда, шунингдек, Латвия ташқи ишлар вазирлиги вакиллари Улдис Микутс ва Раймондс Вингрис қатнашди.
Б.Бекмуродов меҳмонларни Ҳаракатнинг мақсади, вазифаси, салоҳияти ва имкониятлари билан таништирди. Бугунда Ҳаракатнинг республика бўйлаб 14 та ҳудудий бўлинмаси фаолият юритаётгани, 50 мингдан зиёд аъзоларига, 100дан ортиқ маҳаллий ва хорижий экспертлар кенгашига эга экани ҳамда маҳаллий ННТлар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидлади.
“Юксалиш” ҳаракати ва Латвия маҳаллий бошқарув органлари ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзолангани, ҳозирда Ўзбекистонда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашиш бўйича барқарор сиёсатни режалаштириш бўйича қўшма лойиҳа амалга оширилаётгани ҳақида сўзлаб берди. Лойиҳа иқлим ўзгаришининг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари ҳақида жамоатчилик хабардорлигини ошириш, Ўзбекистонда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ҳамда мослашиш сиёсатини такомиллаштиришга қаратилгани билан мамлакатимиз мақсад ва манфаатларига монанд эканини қайд этди. Ўз навбатида, Ўзбекистонда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари, шунингдек, давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ҳақида ҳам маълумот берди.
Элчи Рейнис Трокша кейинги 6-7 йил ичида Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ, давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва бошқа ижтимоий соҳаларда ижобий ўзгаришлар рўй берганини, кўп векторли ташқи сиёсат олиб борилаётганини алоҳида таъкидлади. Ислоҳотлар натижалари турли халқаро рейтингларда ўз аксини топиб, халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда. Қарийб 20 йилдан буён Ўзбекистон Латвиянинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори бўлиб келмоқда. Хусусан, сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар, қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма лойиҳалар йўлга қўйилган, парламентлараро алоқалар ҳам ривожланиб бормоқда.
Меҳмонлар мамлакатимиздаги ислоҳотларни илгари суриш, уни амалга оширишга кўмаклашиш, фуқаролик жамияти ва бизнес ҳамжамияти билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, ижтимоий тадқиқотлар ўтказиш, тавсиялар ишлаб чиқишда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг ҳиссасини юқори баҳолади ва ушбу йўналишларда ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати