@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” ҳаракати ҳамда Евроосиё халқлари ассамблеяси ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди

 2023-10-25 10:54:00   |     Просмотров: 1572

Жорий йилнинг 24 октябрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Евроосиё халқлари ассамблеяси Бош котибияти раҳбари Светлана Смирнова билан учрашди.

Б.Бекмуродов Ҳаракатнинг мақсад ва вазифалари билан таништирар экан, ташкилот ўз фаолиятини нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақаси даражасида кенгайтиришга, янада самарали, инклюзив ҳамкорлик учун минтақа мамлакатларининг фуқаролик жамиятлари ва “ақл марказлар”и билан биргаликда ишлашга интилаётганини қайд этди. Шунингдек, Ҳаракат бугунги кунда Ривожланиш бўйича Осиё алянси, Демократия ва фуқаролик жамияти соҳасидаги халқаро ташкилотлар глобал алянси ҳамда Бутунжаҳон нодавлат ташкилотлар ассоциацияси аъзоси экани, қолаверса, Латвия маҳаллий бошқарув органлари ассоциацияси, Туркий тилли давлатлар муниципалитетлари ассоциацияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани ҳақида гапирди.

С.Смирнова Ассамблея фаолияти ҳақида сўзлар экан, унинг мақсадлари тинчликни, дўстлик, шерикликни мустаҳкамлаш учун нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик, яхши қўшничилик учун кенг “мулоқот майдони”ни яратишга қаратилганини таъкидлади.

Учрашув якунида “Юксалиш” ҳаракати ҳамда Евроосиё халқлари ассамблеяси ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари – таълим ва маданият, “яшил” иқтисодиёт ва ижтимоий масъулияти бизнес, рақамлаштириш доирасида қатор мулоқотлар, мавзули муҳокамалар, ўқув семинарлари ташкил этиш кўзда тутилган.

Маълумот учун: “Евроосиё халқлари ассамблеяси” ноҳукумат ташкилотлари халқаро иттифоқи 2017 йилнинг май ойида Москва шаҳрида ташкил этилган. Иттифоқ қитъанинг 100 та давлатидан 2500 нафар жамоат бирлашмалари, илмий ва ижодий зиёлилар, ишбилармон доиралар вакилларини бирлаштиради. Бугунги кунда Ассамблеяга Евроосиёнинг 50 дан ортиқ давлатидан нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари аъзо.

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати