Баликесир пойтахти муниципалитети ва Қўқон шаҳар раҳбарлари қардош шаҳарлар протоколини имзолади
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов бошчилигидаги Қўқон, Навоий, Каттақўрғон ва Термиз шаҳарлари ҳамда Давлатобод тумани ҳокимларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Туркияда бўлиб турибди.
Ташрифдан мақсад – Туркий дунё муниципалитетлари Иттифоқига (ТДМИ) аъзо давлатларнинг Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимият органлари вакиллари учун тажриба ва билимлари билан алмашиш дастурида иштирок этиш.
Маълумот учун: Туркий дунё муниципалитетлари Иттифоқи (ТДМИ) умумий географик, тарихий ва маданий қадриятларга эга бўлган туркий тил давлатлари ва минтақалари шаҳарлари билан фаолиятини амалга ошириш мақсадида 2003 йил 12 ноябрда ташкил этилган. Бу бўйича қарор Азарбайжонда Туркий тиллар давлатларининг саммитида қабул қилинган. Кенгаш штаб – квартираси Истамбул шаҳрида жойлашган. ТДМИ 30 та давлатдан 1200 та аъзо муниципалитетлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш учун дастур ва лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Қўқон шаҳар ҳокими Маъруф Усмонов 2022 йилнинг июнь ойида Туркий дунё муниципалитетлари иттифоқининг директорлар кенгаши таркибига уч йил муддатга сайланган.
Бугун, 4 сентябрь куни Баликесир пойтахти муниципалитети ва Қўқон шаҳри ўртасида қардош шаҳарлар протоколи имзоланди.
Таъкидлангандек, Қўқон ва Баликесир нафақат тарихий обидалари ва туристик йўналишлари билан танилган, балки саноат салоҳиятига эга. Шу жумладан, тўқимачилик, озиқ-овқат ва кимиё саноати тармоқларида. Қўқон шаҳрида бугунги кунда қурилиш, озиқ – овқат, кимё, чарм поябзал ва оёқ кийим маҳсулотларини ишлаб чиқаришга иҳтисослашган эркин иқтисодий зона фаолият кўрсатмокда.
Ҳужжатда дўстона алоқаларни ўрнатиш, шаҳарлар ўртасида тарих ва анъаналарни илгари суриш, маданият, ижтимоий – иқтисодий, маърифий ҳамкорликни ривожлантириш, турли йуналишларда қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Қўқон – Баликесир, қардош шаҳарлар мақоми халқаро алоқаларни мустаҳкамланишига, маданий – тарихий билимларни кенгайтирилишига, бизнес вакиллари, маданият ва санъат арбоблари, академик ҳамжамиятларни ва оддий фуқаролар ўртасида дўстона алоқалар мустаҳкамланишига хизмат қилади.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати