@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Республикамизнинг 71 та локациясида “Менинг оилам — менинг ҳуқуқим” акцияси ташкил этилди

 2023-08-26 18:01:10   |     Просмотров: 1731

Жорий йилнинг 22—23 август кунлари “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ўзбекистон Нотариал палатаси билан ҳамкорликда “Менинг оилам — менинг ҳуқуқим” шиори остида навбатдаги акцияни ўтказди.

Акцияни ўтказишдан асосий мақсад – фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, аҳоли билан мулоқот механизмини яратиш, ҳуқуқни қўллаш соҳасида муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган фикр-мулоҳазаларни тайёрлаш. Шунингдек, фуқароларга турли ҳуқуқий муаммоли масалаларда, шу жумладан никоҳ, кўчмас мулкларни бошқа шахсга ўтказиш (ҳадя, олди – сотди шартномалари, айрибошлаш шартномалари), ҳужжатлар таржимасини бир тилдан бошқа тилга ўгириш, уй-жой бўйча ишончнома маслаҳати, эр-хотиннинг умумий мулкдаги шартномаси, низоларни судгача ҳал қилиш ва мерос масалалари юзасидан бепул ҳуқуқий маслаҳатлар ва  амалий ёрдам кўрсатишдир.

Бу галги акцияда республикамизнинг 71 та локациясида 108 нафар нотариус ходими томонидан 2000 дан зиёд фуқарога бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Акция давомида кўчмас мулк олди-сотдиси, ҳадя масалаларида 500 га яқин, мерос бўйича – 400 га яқин, никоҳ шартномаси бўйича – 170 та, гаров шартномаси бўйича – 162 та, меҳнат ва оилавий муносабатлар бўйича – 153 та, қариндошлар ўртасида шартномалар тузишга оид – 151 та мурожаат келиб тушган ва уларга тушунтиришлар берилган.

Ҳуқуқий акцияда энг кўп фуқаро Фарғона вилоятида иштирок этди – 560 нафар.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг Нотариал палатага бағишланган бобида аҳолининг ҳуқуқий билимларини ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга ошириш белгилаб қўйилган.

“Юксалиш” ҳаракати ва Нотариал палата ўртасидаги ҳамкорлик 2020 йил сентябрь ойида икки ташкилот ўртасида имзоланган Меморандум доирасида йўлга қўйилган. Шу вақтгача фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, нотариат соҳасини ислоҳ қилиш жараёнига фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, эксперт ва олимларни фаол жалб этиш, шу жумладан хайрия тадбирлари ва жойларда тарғибот ишларини ўтказиш билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди. Ҳар икки ташкилот ўртасидаги самарали ҳамкорлик давом этмоқда.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати