@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Гендер сиёсати, гендер бюджети таҳлили. Бу нима дегани?

 2023-08-26 15:08:48   |     Просмотров: 3170

24 август куни Тошкентда бўлиб ўтган тренингда ушбу саволга жавоб изланди. Тадбир “Юксалиш” ҳаракати, “АРГО” фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (Қозоғистон), “Аёллар ягона келажак учун” халқаро жамғармаси (WECFI) билан ҳамкорликда Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Имкониятларни кенгайтириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Етакчи аёллар, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистонда бюджетни шакллантириш ва давлат дастурларини амалга ошириш билан шуғулланувчи давлат органлари мутахассислари томонидан кичик сессиялар, тақдимотлар шаклида ҳамда гуруҳда ишлаш давомида гендер тенглиги ва комплекс гендер ёндашув масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, режалаштириш ва бюджетлаштиришда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) мамлакатлари, Канада, Украина ва бошқалар мисолида гендер бюджетини қўллаш бўйича халқаро тажриба таҳлил қилинди. Тренинг давомида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш воситаси сифатида гендер бюджетини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Тренер сифатида “Иқтисодий тадқиқотлар институти” АЖ Барқарор ривожланиш мақсадлари котибияти директори, бу борада салмоқли тажрибага эга Бахитгул Хамбар таклиф этилди. У Қозоғистонда интеграциялашган миллий молиялаштириш тизимини барпо этиш бўйича эксперт-таҳлилий қўллаб-қувватлаш, 2017—2020 йилларга мўлжалланган режалаштириш ва бюджетлаштириш бўйича маҳаллий ижроия органи ҳужжатларининг гендер таҳлилини ўтказиш (Ақмола вилояти мисолида) лойиҳаларига раҳбарлик қилган. Қозоғистон болалар фаровонлиги индексини (2021—2022 йй.) ва болалар учун бюджет методологиясини ишлаб чиққан.

Қайд этилганидек, давлат бошқаруви тизимига гендер жиҳатларини жорий этиш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Гендер тенглиги маълум ташкилот ва идоралар учун "алоҳида масала" сифатида қаралмаслиги керак, у стратегик режалаштиришнинг бир қисми бўлиши керак. Гендер таҳлили сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа омилларнинг аёллар ва эркакларга қандай таъсир қилишини кўриш ва солиштириш имконини беради. Бюджет жараёнида гендерга йўналтирилган ёндашув, ўз навбатида, бюджет жараёнининг барча босқичларида гендер жиҳатларини ўз ичига олади.

Маълумот учун: “Имкониятларни кенгайтириш” лойиҳаси “Юксалиш” ҳаракати, “АРГО” фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (Қозоғистон), “Аёллар ягона келажак учун” халқаро жамғармаси ((WECFI) томонидан Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.

2023—2025 йилларга мўлжалланган лойиҳа гендер сиёсатини ривожлантириш бўйича конструктив мулоқотни ривожлантириш, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш орқали қарорлар қабул қилиш жараёнида фаол иштирокни кенгайтириш ва инклюзияни оширишга қаратилган. У хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча кўринишларида, айниқса аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашда фуқаролик жамияти, хотин-қизлар ташкилотлари салоҳиятини кучайтириш орқали глобал ва миллий Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга ҳисса қўшишга қаратилган.

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати