@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Давлат ташкилотларида қанча ходим иш вақтидан ташқари ишлашга жалб этилмоқда?

 2023-08-07 17:19:41   |     Просмотров: 3980

Маълумки, давлат ташкилотларида самарали ва профессионал фаолиятни ташкил этиш кўп жиҳатдан ходимларга яратилаётган шароитлар ҳамда уларнинг иш юкламасининг тўғри тақсимотига боғлиқ. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ходимларга муносиб турмуш шароитини яратиш борасидаги ижобий ўзгаришлар меҳнат муносабатларини ҳозирги замон чақириқлари ва халқаро стандартларга мослаштиришга алоҳида эътибор қаратишни талаб этади.

Шу мақсадда, кенг жамоатчилик фикри ва хорижий тажрибани чуқур ўрганган ҳолда янги Меҳнат кодекси ишлаб чиқилди, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун кучга кирди. Мазкур норматив ҳужжатларда 5 кунлик иш ҳафтасида иш вақтининг давомийлиги кунлик 8 соат ва ҳафтасига умумий 40 соат бўлиши белгилаб қўйилган.

Бироқ ижтимоий тармоқларда баъзи ҳолларда давлат хизматида меҳнат шароитлари ва иш вақтларига риоя этилмаслиги, ўз вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилиш ҳамда ортиқча “мажлисбозлик” тўхтамаётганлиги каби ҳолатлар юзасидан хабарларни кузатмоқдамиз.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан мазкур масалани чуқурроқ ўрганиш, давлат хизматида банд бўлган фуқароларнинг иш вақтига қанчалик риоя этилишини таҳлил қилиш мақсадида аноним сўров ўтказилди.

Сўровномада жами 560 нафар давлат хизматчилари иштирок этиб, респондентларнинг 21,4%и вазирлик ва идоралар, 27%и маҳаллий ҳокимият органлари, 12,1%и ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва 39,5%и бошқа давлат ташкилотларида ишловчи ходимларни ташкил этди.

Респондентларининг 376 нафари (67,6%) эркаклар ва 180 нафари (32,4%) аёлларни ташкил этди. Сўровномада 385 нафар (69,2%) оддий мутахассис ходимлар, 172 нафар (30,8%) раҳбар ходимлар иштирок этди.

ЎРГАНИШ НАТИЖАЛАРИ

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, респондентларнинг ярмидан кўпи, яъни 57,3 фоизи иш вақтидан ташқари ишга жалб этилади. Жумладан 36,8 фоизи ҳар куни қўшимча 1-2 соат, 13,9 фоизи ҳар куни кечки соат 22:00 га қадар, 6,6 фоизи кечки соат 24:00 га қадар ишлашини билдирдилар. Сўровномада 42,3 фоиз иштирокчилар Меҳнат қонунчилигига мос равишда ҳар куни белгиланган 8 соат ишлашини маълум қилди.

Меҳнат кодексининг 262-моддасида ходимга иш вақтидан ташқари иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши белгилаб қўйилган. Маълум бўлишича, қўшимча ишлайдиганларнинг 13,3 фоизи иш берувчилар томонидан қўшимча иш учун камида икки баравар ҳақ тўлаб берилишини қайд этди. Улар асосан давлат бошқарув органларининг марказий идоралари вакилларига тўғри келади. Сўровнома иштирокчиларидан иш вақтидан ташқари қўшимча ишлайдиганларнинг 81,7 фоизига қўшимча ишлаган вақти учун иш берувчи томонидан қўшимча ҳақ тўлаб берилмайди.

Давлат хизмати ходимларининг иш вақтидан ташқари ишлашига нима сабаб бўлаётганлиги ҳақида табиий савол туғилади. Иш вақтидан ташқари қўшимча ишловчиларнинг 47,7 фоизи бунга иш ҳажмининг ортиб кетганлиги, 22,8 фоизи турли хилдаги ортиқча топшириқларнинг ҳаддан зиёд кўплиги, 17,6 фоизи ўз вазифасидан ташқари ишларнинг юклатилиши ва мажлис ва йиғилишларнинг чўзилиб кетиши туфайли, 12 фоизи раҳбари кетмагунча иш жойидан кетмаслигини билдирди.

Ортиқча "мажлисбозлик"лар ҳам омиллардан бири

Шу ўринда, давлат хизматида қўшимча ишланишининг сабабларидан бири мажлис ва йиғилишларнинг кўплиги ҳамда мажлислар вақти чўзилиб кетиши омили алоҳида ўрганилди. Унга кўра, респондентларнинг 31,6 фоизи йиғилишларда иштирок этмайди, 41,3 фоизи бир хафтада 4 соатгача, 11,4 фоизи 5-7 соат, 15,8 фоизи 8 соатдан кўп вақтини мажлис ва йиғилишларга сарфлайди. Тадқиқотга кўра, ортиқча “мажлисбозлик” Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида кузатилади.

Мамлакатимизда давлат фуқаролик хизмати ходимлари асосан 5 кунлик иш хафтасида меҳнат қилади. Лекин шунга қарамасдан баъзида хафтанинг дам олиш кунлари (шанба ва якшанба) ходимларнинг иш жойида бўлиши, шунингдек, дам олинадиган байрам кунлари ҳам ишга чақириш ҳолатлари ҳам мавжуд.

Бу борада сўровнома иштирокчиларининг 35,2 фоизи дам олиш кунлари ҳам ишга чиқиши, 29,5 фоизи баъзида ишга чиқиши ва 35,3 фоизи дам олиш кунларида ишга чиқмаслиги маълум бўлди.

Сўровнома иштирокчиларининг 299 нафари (53,4%) белгиланган муддатларда меҳнат таътилига чиқиб, тўлиқ дам олишини маълум қилди. Бироқ 26,2 фоиз респондентлар меҳнат таътилига тўлиқ чиқа олмаслиги, таътилдан чақириб олишлари ва 20,4 фоизи таътилга чиқиш хужжатлари расмийлаштирилиши, аммо умуман дам олмасдан ишлашини  маълум қилди.

Юқоридаги рақамлар бутун мамлакат ҳудудидаги ҳолатни тўлиқ акс эттиришга етарли бўлмасада, давлат хизматида меҳнат қонунчилигига риоя этмаслик ҳолатлари мавжудлигини тасдиқлайди.

Халқаро тадқиқотлар

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорликдаги тадқиқотига кўра, иш вақтидан ташқари иш инсон саломатлигига салбий оқибатларга эга эканлиги исботланган. 2016 йилда дунё бўйлаб ҳафтасига 55 соатдан кўп ишловчи 745 минг нафар одам инсульт ва юракнинг ишемик касаллигидан вафот этгани қайд этилган. Бу кўрсаткич 2000 йилга нисбатан 29 % га кўп ҳамда бу каби ўлим ҳолатларининг қарийб 72 фоизи эркаклар хиссасига тўғри келган.

Тадқиқот натижаларига кўра, ҳафтасига 55 соат ва ундан кўп ишлаш одамда инсульт билан касалланиш хавфини 35% га, юрак ишемик кассалиги билан хасталаниш хавфини 17% га ортишига сабаб бўлади деган хулосага келинган.

Мутахассисларнинг фикрича, ходимларнинг дам олишсиз ишлаши уларда стрессни келтириб чиқаради. Қолаверса, ишхонада кўп вақтини ўтказувчи инсонлар бола тарбиясига етарлича вақт ажрата олмаслиги ҳам салбий баҳоланади. Бунинг натижасида оиладаги барқарорликка путур етади. Бу каби омилларнинг жамият учун зарари ҳали баҳоланмаган бўлиб, бунинг салбий таъсири янада кенгроқ бўлиши ҳам мумкин.

ЖССТ ва Халқаро меҳнат ташкилоти ҳукуматларга иш вақтидан ташқари ишлашни тақиқлаш бўйича қатъий чоралар кўришни, иш берувчилар ва касаба уюшмаларига эса жамоавий битимларда иш ҳафтаси 55 соатдан ошмаслиги керак бўлган мослашувчан иш вақтини кўрсатишни тавсия қилади.

Бу борада ривожланган мамлакатларда ходимларнинг саломатлигини асраш, улар самарали меҳнат қилишда давом этишлари учун иш вақтидан ташқари ишлаш бир қатор қонунлар билан тартибга солинади. Мисол учун, Швецияда ходим бир ойда 50 соатдан ортиқ ёки календар йилида 200 соатдан ортиқ иш вақтидан ташқари ишлаши мумкин эмас. Бу борада Венгрияда иш юкламаси нисбатан кўпроқлигини кузатиш мумкин. Мамлакат қонунчилигига кўра, максимал қўшимча иш чегараси йиллик 250 соатни ташкил этади. Агар жамоа шартномасида назарда тутилган бўлса, бу 300 соатгача оширилиши мумкин. Ўзбекистонда Меҳнат кодексига мувофиқ иш вақтидан ташқари иш соатлари йилига 120 соатдан ошмаслиги лозим.

Давлатлар

Ҳафталик иш вақти чекловлари

Иш вақтидан ташқари иш тўлов ставкаси

АҚШ

40 соат

соатбай иш вақтининг 150%

Буюк Британия

48 соат

меҳнат шартномасида белгиланади

Франция

35 соат

одатий ставкага қўшимча 25%

Испания

40 соат

соатбай иш вақтининг 75%

Польша  

40 соат

стандарт иш ҳақига 25% қўшимча

Италия

40 соат

15%дан 50%гача

Швеция

40 соат

иш ҳақининг 50-100%

Германия

48 соат

меҳнат шартномасида белгиланади

Венгрия

48 соат

иш ҳақининг 50%

Исландия

48 соат

1 соат учун ойлик иш ҳақининг 1,0385%

Сербия

кунлик 12 соат

иш ҳақининг 126%

Австралия

40 соат

соатбай иш ҳақининг 150%

Ўзбекистон

40 соат

камида икки ҳисса миқдорида

Бу борада ижобий тажрибалар мамлакатимизда ҳам бор. Масалан, 2021 йилда Адлия вазирлиги барча ходимларнининг иш вақти тугаши билан иш компьютерларини автоматик равишда ўчириш амалиётини киритган эди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати