Швейцария элчихонаси, ЮНИСЕФ ва "Юксалиш" вакиллари "Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳар" унвони учун курашаётган Бўстон ва Янгибозор шаҳарларида бўлди
2023 йилнинг 20-21 июль кунлари "Болалар ва ёшлар учун дўстона маҳаллий бошқарув” ташаббуси доирасида Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Ҳамкорлик бўлими бошлиғи, ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ва "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати вакилларидан иборат делегация Қорақалпоғистон Республикасининг Бўстон ва Хоразм вилоятининг Янгибозор шаҳарларида бўлди.
Жорий йилнинг февраль ойида ушбу шаҳарлар ҳокимлари томонидан Ҳаракат режалари тақдимот қилингач, ҳар икки шаҳарга йил давомида ўз ҳудудларида болалар ва ёшлар фаровонлигини яхшилаш бўйича Дастурларини амалга ошириш учун 30 000 АҚШ доллари миқдорида қўшимча маблағ ажратилган эди.
Ўтган йилнинг апрель ойидан бошлаб Ўзбекистоннинг 6 та шаҳар (Андижон вилоятининг Асака ш., Фарғона вилоятининг Қўқон ш., Навоий вилоятининг Зарафшон ш., Сурхондарё вилоятининг Термиз ш., Хоразм вилоятининг Янгибозор ш., Қорақалпоғистон Республикасининг Бўстон ш.) ҳокимликлари халқаро ва маҳаллий мутахассислар кўмагида 2023 йилга мўлжалланган болалар ва ёшлар фаровонлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқишди. Онлайн ва юзма-юз маслаҳатлашувлар орқали 6500 дан ортиқ болалар ва ёшлар, жумладан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари режалаштириш жараёнига жалб этилди. Бу жараёнда ҳокимлик ҳузурида ташкил этилган Ёш маслаҳатчилар кенгашлари ҳамда "Ҳоким ва ёшлар" учрашувлари муҳим ўрин тутди. Учрашувларда раҳбарлар ва ёшлар ўз шаҳридаги болалар ва ёшлар билан боғлиқ ижтимоий масалаларни муҳокама қилишди.
Жорий йилда "Юксалиш" ҳаракати, Ёшлар ишлари агентлиги ва ЮНИСEФ вакилларидан иборат "Болалар ва ёшлар учун дўстона маҳаллий бошқарув" ташаббуси жамоаси чора-тадбирлар режаларини амалга оширишга кўмаклашиш ва ажратилган маблағларнинг сарфланишини назорат қилишда давом этмоқда. Жумладан, шаҳарларга ташриф чоғида ҳокимликлар раҳбарияти, Ёш маслаҳатчилар кенгашлари аъзолари ва ёшлар билан учрашувлар ташкил этилиб, маҳаллий ҳокимликлар орасидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан Ташаббус доирасида ишлаб чиқилган Ҳаракат дастури ижроси юзасидан тақдимотлар ўтказилди. Учрашувларда ёшлар ва шаҳар раҳбарлари лойиҳани янада самарали амалга ошириш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Бу галги икки кунлик ташриф чоғида делегация лойиҳа бўйича Ҳаракат дастурига киритилган объектлар: Элликқалъа туманидаги Ботаника боғида ташкил қилинган Экомарказ, имконияти чекланган болалар спорт мактаблари ва марказлари, кутубхоналар, касб-ҳунарга ўргатиш марказлари ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун шаҳарда светофорлар ва камералар ўрнатилган жойларни бориб кўришди. Шунингдек, "ImkonLab" ижтимоий тадбиркорлик дастури доирасида ёшлар томонидан ишлаб чиқилган ва маҳаллий ҳокимликлар кўмагида амалга оширилаётган, болалар ва ёшларнинг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган лойиҳалар билан танишишди.
2023 йил охиригача амалга оширилган Ҳаракатлар режасининг муваффақияти баҳоланади ва ғолиб шаҳарларга “Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳар” унвони берилади. Бундан ташқари, болалар ва ёшлар манфаатларини кўзлаб, давлат бошқарувини ҳамда миллий ва маҳаллий даражадаги дастурларни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.
"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати