@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Фарғона водийсида Марказий Осиё ёшлар форуми ўтказилди

 2023-07-19 20:40:42   |     Просмотров: 2131

Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган “Марказий Осиёда бағрикенглик ва тинчлик учун трансчегаравий кўп томонлама мулоқот” лойиҳаси доирасида 2023 йилнинг 18-19 июль кунлари Фарғона шаҳрида “Фарғона водийсида дўстлик кўприклари” Марказий Осиё ёшлар форуми бўлиб ўтди. Унда Европа Иттифоқи, Конрад Аденауэр жамғармаси, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат органлари вакиллари, ёшлар етакчилари, экспертлар, лойиҳа доирасида субгрантларга эга бўлганлар, шунингдек, Дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик марказлари вакиллари иштирок этди.

Форум мақсади – лойиҳа натижаларини асосий манфаатдор томонларга тақдим этиш, шунингдек, ёшлар, экспертлар, оммавий ахборот воситалари, таълим муассасаларини жалб этган ҳолда тинчлик ўрнатиш соҳасида тажриба алмашиш, иштирокчи давлатлар ва бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарорлигини ошириш учун ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш.

Икки кунлик тадбир давомида лойиҳанинг йўналишлари бўйича амалга оширилган ишлар натижалари тақдимот қилинди, лойиҳада иштирок этган мамлакатларнинг тинчлик ўрнатиш ва барқарор ривожланиши масалалари муҳокама қилинди. Маърифий ва ахборот сессиялари ташкил қилиниб, уларда ёшларнинг келажакда биргаликдаги ҳаракатлари учун ғояларни шакллантириш ҳамда ривожлантириш, тинчлик ўрнатиш, радикаллашув ва экстремизм хавфини камайтиришга қаратилган лойиҳалар бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, тадбирда “Марказий Осиёда бағрикенглик ва тинчлик учун трансчегаравий кўп томонлама мулоқот” лойиҳасининг Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ёшлар ва фуқаролик жамияти ўртасида мулоқот, тинчлик ўрнатишни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ҳамда самарадорлиги баҳоланди. Форум иштирокчиларнинг ўзаро тажриба алмашиш, лойиҳа натижаларини муҳокама қилиш ва келгусидаги барқарор ҳамкорлик концепцияларини ишлаб чиқиш имконини берди.

Таъкидлаш керак, “Фарғона водийсида дўстлик кўприклари” форуми минтақа давлатлари ўртасида ёшлар ҳамкорлиги ва ишончини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. Муҳими, барқарор ривожланишга эришиш учун ёшлар етакчилари ва давлат тузилмалари ҳамкорликда ишлай оладиган тинч ва бағрикенглик муҳитини яратилди.

Форум Европа Иттифоқи молиялаштирган ва К.Аденауэр номидаги жамғарма бошчилигидаги консорциум билан учта мамлакатдаги ҳамкорлари — “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати (Ўзбекистон), “BIOM” экологик ҳаракати (Қирғизистон) ҳамда “Гендер ва тараққиёт” жамоат ташкилоти (Тожикистон) томонидан амалга оширилган «Марказий Осиёда бағрикенглик ва тинчлик учун трансчегаравий кўп томонлама мулоқот» лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати