@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Европа Иттифоқининг маблағларига Қўшработ туманидаги олис қишлоқда пиёдалар кўприги қуриб берилди

 2023-06-10 11:37:20   |     Просмотров: 1768

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати "Тараққиёт" аҳоли турмуш тарзини ривожлантиришга кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги билан амалга оширган “Аҳолига ёрдам” лойиҳаси доирасида Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги “Юқори Жўш” маҳалласида пиёдалар ўтиш кўприги қуриб берилди.

Узунлиги 18,7 метр, кенглиги 2 метр бўлган ушбу пиёдалар кўприги учун ҳамкор ташкилотлар томонидан қурилиш материаллари (2 та темир бетон плита, арматура, ёғоч, цемент, темир тўсиқлар) етказиб берилди. Бунга Европа Иттифоқининг 135,8 млн сўм маблағи ажратилди, шунингдек, ҳокимлик ва ҳомийлар маблағлари ҳам қўшилди.

Айтиш керакки, “Аҳолига ёрдам” лойиҳасида Ўзбекистоннинг олис қишлоқ ҳудудларининг кичик инфратузилмасини яхшилаш кўзда тутилганди. Бунинг учун дастлаб “Юқори Жўш” маҳалласининг фаоллари, аҳолиси билан маслаҳат учрашувлари ўтказилди. Ўшанда аҳоли маҳаллага, биринчи галда, кўприк қуриб беришни сўраган ва овоз берган. Чунки қишлоқ тоғли ҳудудда жойлашгани учун қиш ва баҳор мавсумларида кучли сел тошқинлари тез-тез юз беради. Тошқин асосий қатнов йўлини беркитиб қўяди. Натижада болалар мактабга, катталар бозору, шифохонага қатнашда  қийинчиликка дуч келади. 

Маълумот учун, "Юқори Жўш" маҳалласида 318 та уй хўжалиги бор, 2 450 нафар аҳоли яшайди. Маҳалла фаолларининг айтишича, бу йўл орқали 300 дан зиёд маҳалла болалари мактабга ўқишга қатнайди. Қишда, сел келган пайтда ҳаракатланиш ниҳоятда қийин, ҳатто сел транспорт воситалари, ёш болаларни оқизиб кетган ҳолатлар ҳам содир бўлган. Шу сабабли бу ҳудудга кўприк жуда зарур эди.

Кўприкни қуришдан олдин йўлнинг икки томонидан ер очилди, кейин бетон плиталар мустаҳкамланди. Асос тайёрлаб олингач, плиталар текисланди. Ён томонларига темир тўсиқлар маҳкамлаб чиқилди.

Халқимиз азалдан йўл, кўприк қуришни энг савобли амаллардан, деб билади. Йўл, кўприк қурганларнинг меҳнати улуғланади. Чунки бундай қурилишлар орқали одамларнинг мушкули осон бўлади. Эндиликда Юқори жўшликлар учун манзилларига осон ва хавфсиз етиб олиш имконияти яратилди.