Навоий вилоятида ўтказилган жамоатчилик мониторинги тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 27 апрелдаги “2022—2026 йилларда Навоий вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Навоий вилоятида 2022 йилда 2 418 та хонадонли 78 та кўп қаватли уйлар қурилиши белгиланган.
Амалда, вилоятда ўтган йил давомида жами 5 636 та хонадонли 90 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, (режага нисбатан 233,1 фоиз) фойдаланишга топширилган. Шундан, Навоий шаҳрида 38 та 3432 хонадонли, Зарафшон шаҳрида 23 та 1349 хонадонли, Кармана туманида 12 (-8) та 346 хонадонли, Қизилтепа туманида 13 та 298 хонадонли, Нурота туманида 1 (-1) та 40 хонадонли, Учқудуқ туманида 2 (-3) та 136 хонадонли, Хатирчи туманида 1 (-1) та 35 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар барпо этилган.
Ўрганиш давомида Навоий шаҳри ҳудудида 2 та ўп қаватли уй-жойлар атрофида бажарилган бетон йўлаклар юзасида ёриқлар ҳамда айрим қисмларида бузилишлар ҳамда фасад қисмларида ташқи таъсир натижасида сифатсиз ишлар мавжудлиги аниқланди.
Шунингдек, Зараaшон шаҳридаги 4 та кўп қаватли уй-жойлар атрофида ободонлаштириш ишлар етарли даражада бажарилмаганлиги ва монтаж қилинган табиий газ қувурлари тўлиқ бўялмаганлиги ҳолати аниқланди.
Мазкур Давлат дастури доирасида 2022 йилда жами 4 та тиббиёт муассасалари янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган. Хусусан, ушбу кўрсаткич Навоий шаҳрида 2 та, Нурота туманида 1 та ва Томди туманида 1 тани ташкил этади.
Шунингдек, 2022 йилда Инвестиция дастурига асосан жами 15 та умумтаълим мактабларида қурилиш – таъмирлаш ишларини олиб бориш. Бунда 1 та янги қурилиш, 11 та реконструкция ва 3 та мукаммал таъмирлаш ишларини белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш, мактабларни реконструкция қилиш ва янгидан барпо этиш орқали 2022 йилда 1998 ўқувчи ўрнини яратиш. Навбаҳор туманида 150 ўринга мўлжалланган Баркамол авлод марказини қуриш, 11 та мактабларни реконструкция қилиш белгиланган.
Хатирчи туманидаги 64-мактаб, Хатирчи туманидаги 71-мактаб, Хатирчи туманидаги 22-мактаб, Нурота туманидаги 6-сонли мактаб, Қизилтепа туманидаги 13-сонли мактаб, Конимех туманидаги 39-мактаб, Конимех туманидаги 17-мактаб, Конимех туманидаги 21-мактаб, Конимех туманидаги 37-мактаб, Қизилтепа туманидаги 39-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати, Зарафшон шаҳридаги 5-мактабни реконструкция қилиш режалаштирилган бўлиб, амалда 19 та мактабларда реконструкция ишлари амалга оширилган, режа 126 фоизга бажарилган.
Бундан ташқари, Хатирчи тумани “Майдон” МФЙдаги 784 ўқув ўринли 52-мактаб, Қизилтепа тумани 12-мактаб ва Навбаҳор тумани “Кескантерак” МФЙдаги 3-сонли мактабларида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
Дастурга мувофиқ 13 та давлат хусусий шерикчилик асосида МТМ қуриш режалаштирилган бўлсада амалда 11 та ДХШ асосидаги МТМлар қурилиб режа 85 фоизга бажарилган.
Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ижроси юзасидан 2022 йилда қурилиш ишлари якунланган 90 та кўп қаватли турар-жой биноларидан фойдаланиш учун тадбиркорларнинг электрон аризаларига асосан QR-код билан тасдиқланган электрон шаклдаги рухсатномалар тақдим этилган.
Ҳудудий дастурлар доирасида қурилиш ишлари якунланган тиббиёт муассасалари, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотлари учун QR-код билан тасдиқланган электрон шаклдаги рухсатномалар тақдим этиш талаб этилмайди.
Бугунги кунда, қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш ишлари ўз муддатларида амалга оширилиб, борилмоқда ҳамда бу борада давлат хизматлари кўрсатишда “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида муаммолар мавжуд эмас.
Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан вилоятда янгидан қурилган жами 90 та кўп қаватли уй-жойлар, 4 та тиббиёт муассасаси, 1 та умумтаълим мактаби фойдаланишга топширилиб, уларнинг техник паспортларини шакллантириш ва белгиланган тартибда pasportbino.uz платформасига киритиш бўйича ишлар амалга оширилган. Шундан, бугунги кунга қадар ушбу янгидлан қурилган объектлардан 90 та қаватли уй-жойлар, 4 та тиббиёт муассасалари, 1 та умумтаълим мактабининг барчаси техник паспорти шакиллантирилиб, pasportbino.uz платформаси электрон тизимига киритилган.
Мониторинг натижаларига кўра қуйидагилар таклиф этилади:
- Қурилиш, реконструкция ишлари амалга оширилиши белгилаган ижтимоий соҳа объектлари ва кўп қаватли уйларда мунтазам равишда жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
- Янги қурилиши режалаштирилаётган ҳудудларда қурилиш ишларини амалга оширишда маҳаллий аҳолининг фикрини инобатга олиш, лозим бўлса маҳаллий Кенгашлар муҳокамасига қўйиш.
"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати