@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Қўқонда 55 нафар ўқитувчи яхши қўшничилик ва бағрикенгликни тарғиб қилиш бўйича малака оширди

 2023-05-06 19:20:00   |     Просмотров: 2253

Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги 14-мактаб негизида вилоятдаги 55 нафар ўқитувчи “Буюк ипак йўли бўйлаб – тинчлик ва дўстлик сари” услубий қўлланмаси асосида малака оширди.

Қўлланма Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган “Марказий Осиёда бағрикенглик ва тинчлик учун трансчегаравий кўп томонлама мулоқот” лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган.

Қўлланмада Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўқитувчилари ва методистлари томонидан ишлаб чиқилган бағрикенглик бўйича дарс соатларини ташкил этиш ва ўтиш бўйича кўрсатмалар мавжуд. Бу Фарғона водийсида ўтмиши ва бугуни умумий бўлган минтақа мамлакатларининг миллий хусусиятларини услубий ишланмаларда акс эттириш имконини берди. Ҳар бир давлат ўқувчилари қўшниларининг маданияти ва тарихи билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди. Яхши қўшничилик ва ўзаро ҳамжиҳатликнинг асоси ҳам ана шу билимдир.

Ўқув машғулотлари ўқитувчиларни услубий қўлланмадан фойдаланишга ўргатиш орқали тинчликсеварлик, яхши қўшничилик ва бағрикенглик масалаларини таълим тизимига сингдиришга қаратилган.

Машғулотлар давомида иштирокчилар “Буюк ипак йўли бўйлаб – тинчлик ва дўстлик сари” услубий қўлланмаси билан танишди, ўқувчилар ўртасида фуқаролик ва тинчликни мустаҳкамлаш, синфдан ва мактабдан ташқари таълим ва тарбиявий тадбирларни ўтказиш, гуруҳ динамикасини бошқариш, талабалар билан ишлашнинг интерфаол усулларидан фойдаланиш бўйича малакасини оширди.

Ўқитувчи ва услубчилар нафақат янги билимларни, балки кўп маданиятли, дўстона таълим муҳитини ва тинчликни мустаҳкамлаш тамойилларини шакллантиришда услубий малакага ҳам эга бўлди.

Семинар якуни бўйича ўқитувчилар ўртасида танлов эълон қилинди. Унга кўра, улар қўлланмада таклиф этилган тинчликпарварлик масалалари бўйича камида учта дарс соати ёки бошқа тарбиявий тадбирлар ўтказилиши керак.

Танлов натижаларига кўра, энг яхши ўқитувчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Тадбир Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаёган, К.Аденауэр номидаги жамғарма бошчилигидаги консорциум билан учта мамлакатдаги ҳамкорлари — “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати (Ўзбекистон), “BIOM” экологик ҳаракати (Қирғизистон) ҳамда “Гендер ва тараққиёт” жамоат ташкилоти (Тожикистон) томонидан амалга оширилаётган “Марказий Осиёда бағрикенглик ва тинчлик учун трансчегаравий кўп томонлама мулоқот” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Тадбирга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳам ҳамкорлик қилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати