@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари турмуш шароитини яхшилашга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда маҳаллалар ва маҳаллий ҳокимликларни сафарбар қилиш бўйича амалий қўлланма тайёрланди

 2023-05-01 20:38:50   |     Просмотров: 1800

Мазкур қўлланма “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва “Тараққиёт” аҳоли турмуш тарзини ривожлантиришга кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилган “Ўзбекистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларида пандемия шароитида қарорлар қабул қилишда аҳолининг эҳтиёжманд қатлами иштирокини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилди.

Лойиҳа доирасида амалга оширилган ишларнинг асосий мақсади — маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда қишлоқ аҳолисининг эҳтиёжларини баҳолаш ва манзилли ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатиш, маҳаллий кичик инфратузилмани яхшилаш бўйича инклюзив ёндашувларни амалга оширишдан иборат. Шунингдек, кам даромадли оилалар, кўп болали боқувчисини йўқотган ёлғиз аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, 65 ёшдан ошган ёлғиз кексаларга бир марталик моддий кўмак бериш, қарорлар қабул қилиш жараёнида маҳаллий ҳокимлик органлари ва фуқаролар ўртасида мулоқот майдонларини яратиш.

Лойиҳа доирасидаги ҳаракатлар ва чора-тадбирлар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар рўйхатини шакллантириш ва манзилли ёрдам кўрсатишда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари (маҳаллалар) қошидаги аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича масъул ходимлар ҳамда мутахассислар салоҳиятини оширишга, қарорлар қабул қилиш жараёнларида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини янада кенг жалб этишга қаратилган. Бу ишлар 2020—2022 йиллар мобайнида республикамизнинг учта ҳудуди – Андижон, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидаги жами 12 та маҳаллада олиб борилди.

Лойиҳа бир марталик молиявий ва техник ёрдам кўрсатиш орқали COVID-19 пандемиясининг оқибатларини юмшатиш ҳамда 12 та маҳалла фуқаролар йиғинининг эпидемиологик инқирозларга чидамлилигини оширишга ҳам қаратилган эди. Лойиҳа жамоаси томонидан СОVID-19 инқирози оқибатларини юмшатиш жараёнига аҳолининг заиф қатламларини жалб қилиш модели (механизми) тажриба-синов натижалари бўйича тегишли ташкилотларга таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. 

Ушбу қўлланманинг мақсади – манфаатдор томонлар (стейкхолдерлар), хорижий ёки маҳаллий донорлар, маҳаллий ҳокимликлар, шунингдек, ижтимоий ривожланиш институтлари аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган шунга ўхшаш лойиҳаларни амалга оширишда маҳаллалар ва маҳаллий ҳокимлик органларини сафарбар қилишнинг таклиф этилаётган механизмини қўллаш имкониятига эга бўлишларидир.

Лойиҳада қўлланилаётган механизмнинг самарадорлиги Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қарорлар қабул қилиш жараёнига жалб этиш бўйича бошқа лойиҳаларни амалга оширишда изчил қўллаш учун шароит яратади.

Ушбу қўлланма келгусида мамлакатда амалга ошириладиган шу каби лойиҳаларни молиялаштиришда бошқа халқаро ёки маҳаллий донорларга нисбатан ёндашувни қўллашни кенгайтиради.

Шунингдек, қўлланмада лойиҳани амалга ошириш босқичлари, халқ билан мулоқот қилиш учун мавжуд электрон платформалар, лойиҳа компонентлари, таклиф ва тавсиялар ҳам ўрин олган.

Умуман, қўлланма келгусида аҳоли эҳтиёжларини баҳолашда инклюзив ёндашувларни жорий этишга, маҳаллий ҳамжамиятлар салоҳиятини оширишга, жамиятда демократик қадриятларнинг тараққиёти ва мустаҳкамланишига кўмаклашади.

Қўлланмани юклаб олиш

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати