@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ёшлар учун онлайн тренинг: сайловлар жараёнида медиасаводхонлик

 2023-03-25 13:07:00   |     Просмотров: 2408

23—24 март кунлари ”Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Халқаро сайлов тизимлари жамғармаси (IFES) кўмагида”Сайловлар жараёнида медиасаводхонлик: дезинформация ва фейкларни аниқлаш учун воситалар” мавзусида ёшлар учун онлайн тренинглар ўтказилди.

Тренерлар сифатида PR ва коммуникациялар бўйича фан доктори (DSc), "New Media Education Center” ННТ директори Беруний Алимов ҳамда Словениянинг ОАВ мониторингига ихтисослашган “МЕМО 98” нодавлат ташкилотининг медиа эксперти Иван Годарский таклиф этилди.

Қайд этилганидек, янги медиа даври бошланиши билан ахборот оқими кучайиб, сохта хабарларни ҳақиқатидан ажратиш тобора қийинлашиб бормоқда. Бугунги кунда ҳар қандай Интернет фойдаланувчиси энди шунчаки контент истеъмолчиси эмас, технология туфайли у ахборот манбаи ва тарқатувчисига айланиши мумкин. Ахборотни узатиш ва қабул қилиш усулларининг эволюцияси "fake news”, “матндан парча” ва “постҳақиқат” каби атамаларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Баъзан улар жамоатчилик онгини ўзгартирмоқда, ахборотни қабул қилишига таъсир кўрсатмоқда.

Шунинг учун, фактчекинг кўникмалари, яъни фактларни текшириш ва ёлғон маълумотларни аниқлаш нафақат соҳа мутахассисларига, балки барча Интернет фойдаланувчиларига бехабарлик туфайли дезинформация (ёлғон ахборот) тарқатувчига айланиб қолмаслик учун зарур. Бу – рақамли технологиялар жамоатчилик фикрига таъсир этувчи бузғунчи воситага айланиши мумкин бўлган сайловлар каби муҳим сиёсий тадбирларда, айниқса долзарб.

Тренинглар давомида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан жами 70 нафарга яқин ёшлар дунёда бу йўналишдаги тенденция ва муаммолар ҳақида дастлабки маълумотларга эга бўлишди, фактларни сохта ва ҳақиқийсидан фарқлаш, ”нафрат тили”ни аниқлашни ўрганишди. Амалий машғулотларда эса иштирокчилар фотосуратлар, видеолар, веб-сайтлар, матнларнинг ҳақиқийлигини текшириш учун асосий фактчекинг воситаларидан фойдаланиб кўришди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати