@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Жамоатчилик мониторинги: Сурхондарё вилоятининг 4 туманида фойдаланишга топширилган кўп қаватли уйлар ва ижтимоий муассасалар ҳолати ўрганилди

 2023-03-03 11:17:00   |     Просмотров: 2440

Жорий йилнинг 1-2 март кунлари "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати К.Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Сурхондарё вилоятининг 4 та ҳудудида жамоатчилик мониторингини ўтказди. 

Маълумот учун: Тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 150-бандига мувофиқ тасдиқланган Сурхондарё вилояти ҳудудларини 2022-2026 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан, вилоят ҳудудида 92 та кўп қаватли уйлар ва 7 та янги мактаблар қурилиши кўзда тутилган.

Жамоатчилик мониторинги давомида Термиз шаҳри, Жарқўрғон, Термиз ва Ангор туманларида фойдаланишга топширилган кўп қаватли уйлар ва ижтимоий муассасалар ҳолати ўганилди. Ҳудудда барча қурилиш ишлари "Шаффоф қурилиш" электрон тизими орқали назорат қилиб борилаётгани ва бу орқали қурилиши сифатини назорат қилишда коррупцион ҳолатлар олди олинаётгани маълум бўлди. 

Мониторинг давомида кўп қаватли уйларни қуриш ва фойдаланишга топширишда бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Асосий муаммолар қаторига 2022 йил учун режада кўрсатилган миқдордаги кўп қаватли уйлар қуриб битказилмагани, фойдаланишга топширилган уйларда кадастр ҳужжатлари якунига етказилмаганлиги, кўп қаватли уй-жойларнинг сейсмик мустаҳкамлигини баҳолаш бўйича электрон техник паспортлари мавжуд эмаслиги билан боғлиқ муаммоларни киритиш мумкин. Мазкур муаммоларга асосан уй эгаларининг кадастр ҳужжатларини ўз вақтида рўйхатдан ўтказмагани, молиялаштириш билан боғлиқ ва сейсмик фаол ҳудудларида жойлашган бино ва иншоотлар электрон техник паспортларининг ягона интеграциялашган платформасининг бошқа электрон тизимлар билан интеграциялашувидаги камчиликлар сабаб бўлмоқда.

  • Термиз тумани "Уч қизил" маҳалласида 2022 йилда 5 қаватли 30 та хонадонлик кўп қаватли уй фойдаланишга топширилган. Мазкур уй туманда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига узоқ йиллик ипотека кредити асосида берилган. 
  • Жарқўрғон туманида "Қораянтоғ" маҳалласи "Янги Ўзбекистон" массивида 2022 йилда 20 та кўп қаватли уйлар қурилиб фойдаланишга топширилиши белгиланган.
  • Термиз тумани "Мустақиллик" маҳалласида жойлашган 10-сонли мактабда 264 ўринга мўлжалланган янги мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилган. Мактабда ҳозирги кунда 588 ўқувчи таълим олмоқда. Мактабни қўшимча муқобил энергия билан таъминлаш мақсадида қуёш панеллари ўрнатилган. Мактабда барча қурилиш ишлари якунига етказилган.
  • Термиз шаҳрининг "Фаровон" маҳалласида 2022 йилда фойдаланишга топширилган кўп қаватли уйлар ҳолати ўрганилди. Мониторинг давомида барча уйлар аҳолига фойдаланишга топширилгани ва барча инфратузилма билан таъминлангани маълум бўлди. Шунингдек, мазкур уйларнинг электрон паспортлари платформага киритилмаган. Бунинг сабаби — мазкур кўп қаватли уйларнинг кадастр рақамларини платформа қабул қилмаётгани ва кадастр электрон тизими билан интеграциясида муаммолар юз бераётгани кўрсатиб ўтилди.

Ўтказилган мониторинг тадбирлари якунлари бўйича аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати