@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

2022 йил: «Юксалиш» ҳаракати учун у қандай бўлди?

 2022-12-31 11:39:56   |     Просмотров: 3532

Ғоялар, ташаббуслар, инновациялар. Ёндашув, муносабат, чақириқ. Ҳамкорлик, кўмак, ижтимоий лойиҳалар.

Мана шу сўзлар билан «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг 2022 йилдаги тадбирларга бой ўтган фаолиятини таърифлаш мумкин. Тадбирлар формати турлича: республика ва минтақа миқёсидаги форум ва фестиваллар, жамоатчилик мониторинглари ва эшитувлари, ўқув семинарлар ва тренинглар. Улар нодавлат нотижорат ташкилотлари, давлат органлари, бизнес, медиа ҳамжамиятлари, ёшлар вакилларини, республикамиз ҳудудларидаги, ҳатто энг чекка маҳаллалардаги минглаб юртдошларимизни бирлаштирди.  

 «Юксалиш» қўллаб-қувватлайди

Ҳаракат халқаро ташкилотларнинг грант маблағларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистонда ижтимоий аҳамиятли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Сўнгги уч йилда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, Оммавий ахборот воситалари, ёшлар вакилларининг салоҳиятини ошириш, аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва бандлигини таъминлаш борасида 20 дан зиёд лойиҳаларни амалга оширди.

Халқаро ва хорижий ташкилотлар, шу жумладан АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги, Европа Иттифоқи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ЮНИСЕФ болалар жамғармаси, Франциянинг Техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги, Британия ҳукуматининг 3 млн доллардан ортиқ грантларини жалб қилди.

Биргина мисол, Европа Иттифоқи молиялаштираётган «COVID-19 пандемияси оқибатларини Ўзбекистон фуқаролик жамиятига таъсирини камайтириш» дастури доирасида амалга оширилган лойиҳада Андижон, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидаги 350 та эҳтиёжманд оилага жами 1,3 млрд сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди, 12 та олис маҳалладаги тиббиёт муассасалари 280,5 млн сўмлик зарур тиббий буюмлар билан таъминланди, 951,3 млн сўмга 11 та маҳалланинг кичик инфратузилмаси яхшиланди.

«Юксалиш» илгари суради

Ҳаракат ислоҳотлар, илғор ёндашувлар, инновациялар, қарорлар қабул қилиш жараёнига жамоатчиликни қамраб олиш, ижтимоий бирдамлик, жамоатчилик назорати воситаларини илгари суриб келмоқда.

Жумладан, «Юксалиш» ҳаракати томонидан жорий йилнинг 3—15 июль кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳаси бўйича 103 та жамоатчилик муҳокамалари ўтказилди. Муҳокамаларда 10 мингдан зиёд фуқаролар иштирок этди. Улардан қабул қилинган 1 170 та таклиф ва тавсиялар  умумлаштирилиб, meningkonstitutsiyam.uz веб-портали орқали Конституциявий комиссияга киритилди. Якунда фуқаролик жамиятининг интилишлари, Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришларда иштирок этишга тайёрлигини тасдиқловчи Жамоатчилик резолюцияси қабул қилинди.

Бундан ташқари, 2022 йилги Давлат дастури доирасида "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ҳузурида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳи, ҳудудларда эса Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш гуруҳлари ташкил этилди. Йил давомида Давлат дастури ва ҳудудий дастурларда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан 200 дан ортиқ жамоатчилик мониторинги ва эшитувлари ўтказилди. Йил охирида Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастуридаги мақсадларга эришилганлик даражаси бўйича йиллик муқобил ҳисобот эълон қилинади.

Жамоатчилик мониторинглари мобайнида Қорақалпоғистондаги мактабларда бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш, ҳудудлардаги умумтаълим мактабларини янги ўқув йилига тайёрлаш  жараёнини тезлаштиришга эришилди.

Коррупцияга қарши курашиш лабораторияси ишга туширилди. Ушбу экспертлик платформаси Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида янги восита бўлди. 2022 йилда Аксилкоррупция лабораториясининг иккинчи босқичи доирасида давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятида ноҳалоллик хавфи омилларини баҳолашга қаратилган тадқиқот олиб борилди. Тадқиқот республикамизнинг 7 та ҳудудидан 410 дан зиёд респондентларни қамраб олди.

“Юксалиш” ҳаракати ўз фаолиятида ислоҳотлар ва муҳим воқеалар ҳақида фуқароларни хабардор қилиш, эътиборини қаратиш учун медиа ҳамда ижтимоий тармоқлар имкониятларидан фойдаланади. Жумладан, 2022 йилда эълон қилинган материаллар интернет-нашрлари ва ижтимоий тармоқлар саҳифаларида 14 миллион кишини қамраб олди. Марказий телеканалларда 140 дан ортиқ, маҳаллий телеканалларда 330 дан ортиқ чиқишлар ва репортажлар тайёрланди. Телевидение орқали ўртача қамров 65 миллион кишидан ошди.

Бундан ташқари, турли соҳаларда эришилган ютуқлари ҳақида 700 дан ортиқ инфографикалар тайёрланди, Тараққиёт стратегиясининг асосий мақсад ва вазифалари ҳақида 460 дан ортиқ билборд ва LED-экранлари учун баннерлар республиканинг барча ҳудудларига илинди. Баннерлар жойлардаги 209 та экранлар орқали 10 миллион мартадан кўпроқ кўрилди.

«Юксалиш» ҳаракати уч йиллик фаолияти давомида Ўзбекистондаги ислоҳотлар бўйича таҳлилий материалларни 200 мингдан ортиқ нусхада нашр эттирди ва 40 дан ортиқ мамлакатларга тарқатди, “Ўзбекистонда демократия” электрон ахборотномасининг 30 дан ортиқ сонини уч тилда тайёрлаб, 400 дан зиёд халқаро ва хорижий ташкилотлар, экспертларга юборди. Дунёнинг 23 та мамлакатида 120 дан ортиқ форумлар, мунозаралар ва тақдимотлар уюштирди.

«Юксалиш» кўмак беради

Ҳаракат академик доиралар, «ақл марказлари», фуқаролик жамияти вакилларини бирлаштириш орқали Марказиё Осиё давлатлари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга кўмаклашмоқда.

Ноябрь ойида минтақа экспертлари ва фуқаролик жамияти фаоллари мулоқоти учун эркин майдон яратиш мақсадида Марказиё Осиё экспертлари форуми ҳамда Марказий Осиё фуқаролик жамияти форумини ташкиллаштирди. Форумларда минтақа мамлакатларининг 200 дан ортиқ жамоат ва сиёсий арбоблари, экспертлик ҳамжамияти вакиллари ва ОАВлари иштирок этди. Тадбирлар ахборот маконида ўзбек, инглиз ва рус тилларида ёритилди. Марказий Осиёнинг ўзида аудитория қамрови 6,5 миллион кишидан ортди.

Иштирокчилар «Юксалиш» ҳаракатининг Марказий Осиё экспертлари альянси ва Марказий Осиё фуқаролик жамияти форумини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлади ҳамда тегишли резолюцияни қабул қилди.

«Юксалиш» ҳисса қўшади

Ҳаракат фуқароларнинг таклиф-у мурожаатларига қулоқ тутиб, жамоатчилик ташаббуслари ва хайр-саховатли ишларга ҳисса қўшиб келмоқда.

2019 йилда Ўзбекистонда оммавий дарахт экиш акциясини ташкил этиш бўйича таклифларни ижтимоий тармоқларда кенг тарқатиш ишларига қўшилди. Ўшанда “Бир миллион дарахт” акциясини бошлади. Ўз навбатида, ушбу акция кейинчалик ҳудудларни кўкаламзорлаштиришни илгари суришда катта ҳаракатга айланиб кетди.  

2022 йилда дарахт кўчатларини ўтқазиш ишларини «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида давом эттирди. Эндиликда бунга манзилли ва илмий ёндашилмоқда. Яъни дарахт экиш учун маълум бир майдонлар суғориш тизими ва парвариш қилиш имкониятларига қараб танланмоқда. Ниҳолларни экишда сув тежовчи технологиялардан фойдаланилмоқда. Бу йилнинг ўзида “Чорвоқ” рекреацион зонаси, мактаб, олий таълим муассасаси ва шифохона ҳамда барча вилоятларда 7 500 дан ортиқ дарахт кўчатлари экилди.

Аҳолига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш акцияси анъанага айланди. Ташаббуснинг ҳамкори — Ўзбекистон Нотариал палатаси. Жорий йилда акция доирасида 50 нафар нотариуслар томонидан 800 нафарга яқин фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, ёшлар ўртасида никоҳ шартномаси институтининг эр-хотинларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги аҳамияти ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати жамоаси хайр-саховат ишларига ҳам ҳисса қўшмоқда. Май ойида “Хайрли” хайрия акциясини ташкил этиб, Жиззах вилоятининг Фориш туманида сел оқибатида жабрланган оилаларга ёрдам кўрсатди. Уларга 100 та озиқ-овқат жамланмаси, 180 та гигиена воситалари ва зарур маҳсулотлар ҳамда болалар ва катталар учун устки кийимлар тўпламини етказиб берди.

«Юксалиш» бирлаштиради

Ҳаракат давлат органлари, оддий фуқаролар, ёшлар вакиллари, жамоат ташкилотлари фаоллари, хориждаги ватандошлар, тадбиркорлар, олимлар, ўз маҳалласи, тумани ва умуман Ватани равнақига бефарқ бўлмаганларни бирлаштиришга хизмат қилмоқда.

Бугунда Ҳаракатнинг 13 мингдан зиёд аъзоси — мамлакатдаги ислоҳотларнинг фаол иштирокчиларидир. Улар орамиздаги ҳақиқий қаҳрамонлар, улар ҳар кунги шижоати, фаоллиги билан атрофдагиларни илҳомлантиради, ижобий ўзгаришларга туртки беради. Аъзолар сони мунтазам ортиб бормоқда, биргина шу йилнинг ўзида «Юксалиш»га 1 100 киши қўшилди.

«Юксалиш» ҳаракати, шунингдек, халқаро ҳамкорликни фаол ривожлантириб келмоқда. Бугун Ҳаракат бирданига учта халқаро ташкилот — Ривожланиш бўйича Осиё альянси, CIVICUS — демократия ва фуқаролик жамияти соҳасидаги халқаро ташкилотлар глобал альянси ҳамда Бутунжаҳон нодавлат ташкилотлар ассоциациясининг аъзоси бўлган Ўзбекистон ва минтақадаги ягона нодавлат нотижорат ташкилотдир.

Келгуси йилга режалар ва лойиҳалар кўп, асосийси, ёш, ғайратли, ҳар бири ўз соҳасида профессионал бўлган жамоа бор. Биз биргаликда энг илғор ғояларни ҳаётга тадбиқ этишга тайёрмиз!

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати