@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

1 ноябрь ҳолатига Давлат дастуридаги 7 та, ҳудудий дастурлардаги 104 та вазифалар бажарилмаган

 2022-11-29 19:37:17   |     Просмотров: 546

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг ҳузурида Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурида белгиланган мақсадларга эришилганлик даражасини баҳолаб бориш мақсадида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат йиллик муқобил ҳисоботлар тайёрлаб борувчи Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳи ташкил этилган.

Жорий йилнинг 29 ноябрь куни Тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 10 ойлик ижроси бўйича тайёрланган муқобил ҳисоботнинг жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди.

Тайёрланган ҳисоботга кўра, Давлат дастури жами 398 та банддан иборат бўлиб, унда 671 та вазифаларни амалга ошириш бўйича аниқ муддатлар белгиланган. Шундан, 2022 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига Давлат дастурининг 238 та банди бўйича 396 та вазифа ижроси таъминланиши зарур эди.

Шу кунга қадар Давлат дастуридаги жами 266 та вазифалар ижроси таъминланган. Шу билан бирга, муддатларда тўлиқ бажарилмаган бандлар ҳам йўқ эмас. Давлат дастурида белгиланган 7 та вазифа бугунги кунга қадар бажарилмаган, 18 та вазифалар ижро муддатлари узайтирилган. Давлат дастурининг 105 та вазифа юзасидан ҳужжатлар лойиҳалари масъул вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган  ва  кўриб чиқиш ёки қабул қилиш учун тегишли идораларга киритилган бўлиб, кўриб чиқиш жараёнида.

Хусусан, 77-бандга мувофиқ “Навоий КМК” АЖда 2026 йилгача қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни ошириш дастури доирасида 1,6 млрд АҚШ долларлик 16 та инвестиция лойиҳасини ишга туширишга қаратилган Вазирлар Маҳкамаси қарорлари қабул қилинмаган (муддат 2022 йил 1 октябрь, масъул Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги).

240-банд бўйича ҳудудлардаги мавжуд эҳтиёж, аҳолининг таклифларини инобатга олган ҳолда 31 та оилавий поликлиникани ташкил этиш белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар 26 та поликлиника фойдаланишга топширилган (муддат 2022 йил октябрь, масъул Соғлиқни сақлаш вазирлиги).

286-бандга мувофиқ тажриба тариқасида “Янги Ангрен ИЭС” АЖнинг ифлослантирувчи манбаларидан намуна олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станция ўрнатилмаган (муддат 2022 йил сентябрь, масъул Давлат экология қўмитаси).

292-банд бўйича Маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш тизимини яратиш учун ҳудудларда беш турдаги 13 минг дона алоҳида белгили контейнерлар ўрнатиш ишлари якунланмаган (муддат 2022 йил октябрь, масъул Давлат экология қўмитаси).

Муҳокамада таъкидлангандек, Тараққиёт стратегиясида ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича янги тартибни жорий этиш кўзда тутилган эди. Бироқ тақдим этилаётган маълумотлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ҳудудий дастурларнинг ижроси ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Бу борада ҳар чоракда халқ депутатлари Кенгашларига ҳисоботлар тақдим этилиши белгиланган бўлсада, масъулларнинг ахборотлари эшитилмаган. Тақдим этилаётган ҳисоботлар ҳам номигагина бўлиб, мавжуд ҳолат юзасидан хулоса чиқариш имкониятини бермайди.

2022 йил 1 ноябрь ҳолатига Ҳудудий дастурлар бўйича 104 та вазифалар бажарилмаган. Натижада аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига таъсир кўрсатувчи муҳим ислоҳотлар лозим даражада амалга оширилмасдан қолмоқда.

Масалан, Андижон вилоятида жорий йилда 277 нафар ногиронлиги бор ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун ҳар бирига 30 миллион сўмдан субсидия ажратиш кўзда тутилган бўлиб, бугунги кунга қадар бирорта ҳам субсидия ажратилмаган.

Жиззах вилоятининг Зарбдор, Бахмал ва Фориш туманларидаги 4 та маҳалла жамоат транспорти билан қамраб олинмаган.

Наманган вилоятида давлат-хусусий шериклик асосида Наманган давлат университети ва Наманган муҳандислик-технология институти талабалари учун жами 800 ўринли 2 та ётоқхона қурилмаган.

Навоий вилоятида 2022 йилда 16,4 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш режалаштирилган бўлиб, амалда бор йўғи 1,5 минг гектар ёки 15 фоиз, майдонда томчилатиб суғориш технологияси ишга туширилган.

Қашқадарё вилоятида сифатли жамоат транспорти хизматини йўлга қуйиш мақсадида янги 74 та автобус ва 46 та микроавтобуслар сотиб олиш, транспорт етиб бормаган олис ҳудудларда янги 10 та автобус йўналишларини ташкил этиш, Деҳқонобод ва Шаҳрисабз туманларидаги автостанцияларни реконструкция қилиш назарда тутилган. Бироқ ўрганиш давомида вилоятга жами 23 дона янги микроавтобуслар келтирилган ва Шаҳрисабз тумани автостанциясида реконструкция ишлари 90 фоизга бажарилган, холос.

Самарқанд вилоятида 2022 йилда республика бюджети ҳисобидан 20 та давлат мактабгача таълим ташкилотларини реконструкция қилиш, маҳаллий бюджет ҳисобига 13 та янги бино қуриш ва 1 та мукаммал таъмирлаш белгиланган. Ўрганишлар давомида фойдаланишга топширилган 7 та объектда  электр энергияси, иситиш тизими ва пол қопламаларининг қўйилиши, ташқари лотоклар объект лойиҳа-сметасида тўла акс этмаганлиги юзасидан муаммолари борлиги маълум бўлди.

Олдинги муҳокамалардан фарқли равишда, Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳи аъзолари таклифига асосан тадбирда Давлат дастурининг бажарилмаган бандлари бўйича масъул бўлган вазирлик ва идоралар вакиллари, жумладан  соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова, Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг масъул раҳбарлари иштирок этиб, жамоатчиликка ҳисобот берди. Бироқ молия вазирлигидан ваколатли раҳбарлар иштирок этмаганлиги боис вазирликка тегишли саволлар очиқ қолди.

Тадбир сўнггида Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳи томонидан Давлат дастури ижроси доимий мониторинг қилиб борилиши ва ислоҳотларни ўз вақтида амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш муҳим эканлиги таъкидланди. Шунингдек, бу борада зарур таклиф ва тавсиялар ҳам ишлаб чиқилиши қайд этилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати