@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Биноларни лойиҳалаштиришда энергия тежамкор ва кам углеродли технологиялар

 2022-11-16 17:56:37   |     Просмотров: 1651

Пойтахтимизда “Биноларни лойиҳалаштиришда энергия тежамкор ва кам углеродли технологияларни жорий этиш” мавзуида анжуман бўлиб ўтди. Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қошидаги “Шаҳарсозлик тўлқини” ташаббуси томонидан Hisense HVAC молиявий кўмагида ташкил этилди.


Анжуман юзга яқин архитектура ва қурилиш соҳаси вакиллари, парламент, тадбиркорлик уюшмалари, халқаро ташкилотларнинг вакиллари, ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари талабалари, экспертларни бир жойга тўплади. 


Таъкидланганидек, “яшил қурилиш”, экология, яшил ҳудудлар ва барқарор шаҳар ривожланиши давримизнинг долзарб мавзусига айланиб бормоқда. Глобал иқлим ўзгариши хавфи ортиб бораётган, табиий ресурсларнинг камайиб, дунё экотизими издан чиқаётган бир пайтда, айниқса глобал қурилиш саноати синовидан ўтмоқда. 


RB Asia Стратегия ва тадқиқотлар департаменти прогнозларига кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда энергетика бозори ҳажми қарийб икки баробар ортади. Ўсиш суръатларига келсак, сўнгги ўн йилда мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилга нисбатан 24 фоизга, ишлаб чиқариш 3,6 фоизга ўсди. Мутахассисларнинг тахминий ҳисоб-китобларига кўра, республикада электр энергияси тақчиллиги 14 фоизни ташкил этади, бунинг натижасида аҳолининг бир қисми унинг тақчиллигидан азият чекмоқда.


Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистонда бинолар сектори якуний энергия истеъмолининг 50 фоизига тенг келади. Биноларни иситиш учун туман шифохоналарида истеъмол қилинадиган умумий энергиянинг қарийб 70 фоизи, мактабгача таълим муассасаларида 84 фоизи, қишлоқ врачлик пунктларида 88 фоизи ва мактабларда 97 фоизи сарфланади. Жадал саноатлаштириш ва аҳолининг барқарор ўсиши иқтисодиётнинг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини сезиларли даражада оширади, шунингдек, атроф-муҳитга салбий антропоген таъсир кўрсатади.


Анжуман доирасида биноларга вентиляция ва кондиционер тизимларини лойиҳалаш ва ўрнатишда энергия тежамкорлик, бино ва иншоотларни, айниқса қуруқ ва иссиқ иқлим шароитида лойиҳалашга иқлим ўзгаришининг таъсири ҳамда яшил технологияларни жорий этиш бўйича кичик бизнесни молиялаштириш механизмлари муҳокама қилинди. 


Бундан ташқари, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистонда жадал ривожланаётган қишлоқ уй-жой секторини янада барқарор ривожланиш йўлига ўтказиш, у билан боғлиқ иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга қаратилган лойиҳаси оралиқ натижалари тақдим этилди.


Жумладан, 2019 йилда республиканинг бешта ҳудудида “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” лойиҳалаш институти таклифлари асосида 21 та намунавий қишлоқ уйлари барпо этилди. Жорий йил баҳорида Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрининг “Ёшлик” маҳалласида БМТТД ва Глобал экологик фонд (ГЭФ) маблағлари ҳисобидан Ўзбекистонда биринчи кўргазмали уй қурилди. Уйдаги қулайлик “яшил” материаллар, жиҳозлар ва техник ечимлар, қишда ва ёзда энг мақбул ҳароратни сақлаб туриш ҳисобига таъминланади. Уйнинг экологик барқарорлиги шундаки, у иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш орқали углерод изини камайтиради. Уй оз миқдорда энергия сарфлайди, энергияни ўзи ишлаб чиқаради, иссиқ сув билан таъминланади ва иссиқликни йўқотмайди. У шу қадар модернизация қилинган ва пухта ишлаб чиқилганки, аҳолининг муқобил электр энергиясига бўлган эҳтиёжини ва шунга мос равишда ундан фойдаланиш билан боғлиқ барча имтиёзларни таъминлашга қодир.


Иштирокчиларнинг фикрича, Ўзбекистонда энергия ва бошқа ресурсларни тежашга катта эътибор қаратиш лозим. Бу мамлакатдаги ва дунёдаги экологик вазият билан боғлиқ. Албатта, энергия тежамкор ечимлар ҳар доим ҳам анъанавий технологиялардан арзонроқ бўлавермайди, лекин улар узоқ муддатда ўз самарасини беради, корхоналарни инқирозли вазиятларга чидамлироқ қилади ва баъзида улар, масалан, қишлоқ жойларида ягона оқилона ечим ҳисобланади. Энергияни тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бозорда жиддий рақобат устунлиги сифатида қаралиши муҳимдир.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати